Кунлик аспирин саратонга чалиниш эҳтимолини пасайтиради

Лондондаги қиролича Мария университети тадқиқотчилари келган хулосага кўра, ҳар куни аспирин қабул қилиш ошқозон, ичак ва қизилўнгач ва бошқа инсон органларининг саратонга чалиниш эҳтимолини анча камайтиради.

Аспириннинг фойда ва зарари ҳақидаги баҳслар тиббиёт мутахассислари орасида анчадан буён баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб келади.

Лондондаги олимлар аспириннинг фойдаси ва зарарини ўрганган 200 тадқиқотни ўрганиб чиққанлар.

Қиролича Мария университети профессори Жек Кузик ушбу тадқиқотга раҳбарлик қилган.

Профессор Кузикнинг тадқиқоти хулосасига таяниб маслаҳат беришича, Британияда яшаётган ёши 50 дан ошган ҳар бир инсон ҳар куни 75 миллиграммдан аспирин ичишни бошламоғи лозим.

Тадқиқот хулосаларига кўра, 50 ёшдаги инсонлар ҳар куни аспирин қабул қилиб борса, 10 йилдан кейин 1000 киши орасида саратондан ўлганлар сони 16 кишига камаяди, юрак хуружидан ўлган сони биттага камаяди, бироқ қон кетишидан ўлганлар сони иккитага кўпаяди.

Ўшанда жами тахминан 122 минг ўлим олдини олиш мумкин бўлади, дейишади лондонлик тадқиқотчилар.

Тадқиқотчиларга кўра, аспирин ошқозон-ичак ва қизилўнгач саратони билан боғлиқ ўлимлар сонини 30-40 фоизга камайтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL

Кўкрак ва ўпка саратони, простата саратонидан ўлим ҳоллари ҳам камайгани аниқланган, бироқ тадқиқотчилар бу кўрсаткич унча катта эмаслигини айтишади.

Аспирин ошқозонда қон кетиши ва инсультга сабаб бўлиши ҳам аниқланган.

Шунинг учун ҳам ўзи охирги тўрт йил мобайнида мунтазам аспирин ичиб келаётган профессор Жек Кузик бу дорининг салбий оқибатларига кўра ижобийси кўп экани аниқланди, деган фикрда.

"Салбий оқибатлари бор эканига қарамасдан, афтидан аспиринни ҳар куни қабул қилиш чекишни ташлагандан кейин ва ортиқча вазнни йўқотгандан кейин пайдо бўладиган саратонга чалиниш таҳдидини камайтирадиган энг самарали ва осон усул бўлиб чиқди", деган профессор Кузик.

Сўнгги тадқиқот келган хулосага кўра, аспиринни ҳар куни ичиб юриб уни тўхтатгандан кейин ҳам ижобий таъсири давом этади, бироқ бу ижобий таъсир организмга сезилиши учун қанча муддат давомида аспиринни қабул қилиб юриш керак, буниси аниқ эмас.

Организмнинг қариши туфайли ички қон кетиш юз бермаслиги учун олимлар фақат 10 йил билан чекланишни маслаҳат берадилар.

75 миллиграммдан кўпроқ дозада аспирин қабул қилиш натижасида ҳимоя таъсири янада кучаядими-йўқми, бу ҳам маълум эмас.

Ушбу тадқиқотда агар британияликлар 50 ёшдан 64 ёшигача ҳар куни аспирин қабул қилиб борса, 122 минг инсонни ҳаёти сақлаб қолиниши айтилади, бироқ тахминан 18 минг киши аспириннинг салбий оқибатларидан вафот этиши мумкин.

Олимларга кўра, ҳаммадан ҳам кўра ички қон кетиш эҳтимоли кўп бўлган инсонлар, кашандалар ва спиртли ичимликларни кўп истеъмол қиладиганларда салбий оқибатлар кўп кузатилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам аспиринни кундалик қабул қилишни истаганлар аввал шифокор билан маслаҳатлашишлари лозимлиги урғуланади.

Олимлар аспирин қай йўл билан инсонни саратондан муҳофаза қилишини билмайдилар.

Бироқ уларнинг тахмин қилишича, аспирин қон тўқималари шамоллаши олдини олади ёки бу тўқималарга хасталик янада тарқалмаслиги учун таъсир кўрсатади.

Аспиринсиз хасталик организмда кўпроқ тарқалади, деб кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ