Миянинг "GPS" ини кашф қилганларга Нобел мукофоти

Тиббиёт соҳаси бўйича Нобел мукофоти миянинг "GPS тизими"ни кашф қилган олимларга берилди.

Британиялик тадқиқотчи профессор Жон О'Киф, ва норвегиялик олимлар, зру хотин Мэй-Брит Мозер ва Эдвард Мозерлар бу йилги мукофотни ўртада баҳам кўришади.

Бу кашфиёт инсон мияси қандай қилиб қаерда эканлигимиз ва бир ердан бошқа ерга қандай қилиб йўл топиб бора олишимиз механизмини очиб берган.

Бу кашфиёт Алцгеймер касаллига чалингалар нима учун ён-атрофни таний олмасликлари сабабини ҳам тушунишга ёрдам бериши мумкин.

Нобел мукофоти Қўмитасининг айтишича, бу кашфиёт - асрлар мобайнида файласуф ва олимларни ўйлантириб келган муаммони ечишдир.

Профессор О'Киф 1971 йили миянинг ён-атрофни аниқлаш тизимининг дастлабки қисмини аниқланганди.

У ўтказган тажрибада хонанинг муайян ерига қўйилган каламушнинг ҳар гал миясидаги аниқ бир ҳужайралар ишга тушганлигини кўрсатган.

Хонанинг бошқа ерига қўйилган вақти эса миядаги бошқа ҳужайралар ишга тушган.

Ўшанда профессор О'Киф бу ҳужайралар мияда ўзига хос харитани тузишини тахмин қилганди.

2005 йили эр-хотин Мэй -Брит ва Эдвард Мозерлар миядаги масофани аниқлаб, йўналишни кўрсатувчи ҳужайраларни аниқлашди.

Бу кашфиётни баъзилар инқилобий, дея аташмоқда.

Бундан аввалги тиббиёт соҳасидаги Нобел мукофотлари:

2013 - Жеймс Ротман, Ранди Шекман ва Томас Садҳоф ҳужайрлар қандай қилиб маълумот ва моддаларни ташишлари борасидаги кашфиётлари учун

2012 - Жон Гурдон ва Шиня Яманака ўзак ҳужайралари билан боғлиқ тадқиқотлари учун. Улар ривожланган ҳужайрани қайта ўзак ҳужайрага айлантиришга муваффақ бўлганлар.

2011 - Брюс Бютлер, Жулс Хоффман ва Ралф Штейнман инсон жисми қандай қилиб вирусга қарши курашини очиқлаб берганлари учун.

2010 - Роберт Эдвардс 1978 йили сунъий йўлда ҳомила пайдо қилиш йўлини топгани учун

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer