Компютерлар миянинг ривожига қандай салбий таъсир қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қўлда ёзиш борган сари урфдан қолмоқда

Бугун дунё болалари ҳаддан ортиқ кўп вақтларини компютер қаршисида ўтказишади. Улар ёзганда қалам ва қоғоз ўрнига кўпроқ клавиатура ва сезгир экранлардан фойдаланишади.

Мазкур ҳолат боланинг ақлий ривожланиши ва ижодий маҳоратини ўстиришда салбий таъсир қилиши мумкинми? Янги тадқиқот натижаларига кўра, бу эҳтимолдан ҳоли эмас.

Би-би-сининг Форум деб номланган дастури невролог олим Карен Жеймсни суҳбатга тортган ва ундан қўлда ёзишнинг болалар мияси ривожи учун қанчалар муҳимлиги ҳақида сўраган.

Қўлда ёзиш ва клавиатуралар

Индиана университети Профессори Жеймс муайян хулосаларга келишдан олдин ҳали ўқишни билмайдиган болалар устида тадқиқот олиб борган.

Болалар ҳарфларни таниган бўлсалар-да, қўшиб ўқий олмаганлар.

Кейин бир гуруҳ болаларга ҳарфларни қоғозда ёзиш кўчириш топшириғи берилган, бошқаларига эса, клавиатуралардан фойдаланиш айтилган.

Олим кейин болалар ҳарфларни қанчалар яхши ўрганларини текшириб кўрган. Шу билан бирга, у алифбони ўрганиш давомида болаларнинг мияларида бўладиган ўзгаришлар ҳам кузатиб борган.

Тадқиқотдан олдин махсус ускуна ёрдамида миядан олинган тасвирлар, кейинги ўзгаришлар билан солиштирилган. Машғулотлар давомида миянинг қанча кислород ютгани ҳам ўлчаб кўрилган.

Қўлда ёзишнинг фойдалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Олимга кўра, болалар кўп вақтларини компютерлар қаршисида ўтказаётганлари ижобий ҳолат эмас.

Тадқиқотчига кўра, мия ҳарфларни қоғозга ёзган пайти клавиатура фойдаланган вақтдагига қараганда ўзгача ҳолатга кирган.

Ҳарфларни қўлда ёзган болаларнинг миялари саводи чиққан одамларники каби ишлаган. Клавиатурадан фойдаланган болаларда эса, бу ҳолат кузатилмаган.

Профессор Жейс жисмоний маҳоратни ривожлантириш боланинг нафақат ўқиб ўрганиши, балки ақлий ўсишида ҳартомонлама фойдалидир, деган хулосага келган.

Мактабларда компютерлар

Тадқиқот хулосалари таълим сиёсатида муҳим рол ўйнаши мумкин.

Профессор Жеймс: "Дунёнинг муайян бурчакларида мактаблардаги болаларга кичик ёшданоқ компютерларни таништиришга шошилдилар. Хулоса, жараённи секинлаштириш хизмат қилиши мумкин", дейди.

АҚШнинг кўплаб мактабларида қўлда ёзиш ихтиёрий қилиб қўйилган. Шундай экан, кўплаб ўқитувчилар буни ўргатишмаяпти ҳам.

"Клавиатуралардан фойдаланиш борган сари урф бўлмоқда. Ҳатто, ҳуснихат мактаб жадвалида муҳимлигини йўқотмоқда", дейди у.

Image caption Тадқиқот хулосалари таълим сиёсатида муҳим рол ўйнаши мумкин

Муаммога ечим мактабларга кириб бораётган таблетларда махсус қалам билан ёзишни тадбиқ этиш бўлиши мумкин. Бунда ҳам қўл ва қалам бирга ҳаракатга киришади.

Аммо, бу ҳам ҳуснихатнинг ўрнини боса оладими деган савол эса, ҳозирча очиқ қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002