Кам ишлаб, кўпга эришиш мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агарда куну-кеч ишлаш хизмат зинапоясидан кўтарилиш имкони ва самарадорликни оширади деб, ўйласангиз адашасиз.

АҚШнинг Стэнфорд университетида яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, "ҳафтасига 50 соатдан кўпроқ ишлаган одамнинг меҳнат самарадорлиги кескин тушиб кетар экан. Агарда иш соати ҳафтасига 55 соатдан ошса, ишлаш деярли маъносиз бўлиб қолади".

TalentSmart ширкати раҳбари Трэвис Брэдбери меҳмонхона ва турли чипталар буюртмаси билан шуғулланувчи ўта муваффақиятли Hotwire.com ва кўчмас мулк вебсаҳифаси Zillow асосчиси Спенсера Раскофф мисолини келтиради.

"Биласизми, улар дам олиш кунлари ўзларини нимадан олиб қочишади. Ишлашдан!"

Раскофф шанба-якшанба кунлари ҳеч қачон офисга бормас экан, электрон почтасини ҳам фақатгина керак бўлса кечқурун бир текшириб кўради. У дам олиш кунларини ишдан чалғиш ва ўбдон ўйлаб кўриш учун сарфлайди.

Қандай қилиб кам ишлаб, кўпга эришиш мумкин?

Трэвис Брэдбери бунинг қатор йўлларини санаб ўтади.

Энг муҳимларидан бири - яхшилаб дам олиш.

"Ишни ёддан чиқара билиш керак. Ишдан чалғиш - бу йўлда энг муҳим стратегия. Агарда электрон йўлда жума куни кечқурундан бошлаб душанба куни эрталабгача ишга "боғланиб" қолган бўлсангиз, офисдан кетмагандексиз".

"Яна бир муҳим нарса - уй ишларини ҳам камайтириш. Акс ҳолда уй ишлари бутун дам олиш кунини "ютиб юборади". Бундай ҳолатда сиз дам олмайсиз ва миянгиз ўйлаб кўришга фурсат топмайди. Кино ёки концертга боринг. Бирон меҳмонхонада дам олинг. Спорт залида югургандан кўра, табиат қўйнига чиқиб, сайл қилинг. Анчадан бери қилишни истаб юрган машғулотингиз билан шуғулланинг. Шанба куни сизни қизиқ машғулот кутаётгани ҳақидаги ўйнинг ўзи сизни илҳомлантиради".

"Эрталабни ўзингизга бағишланг. Оилали одам учун кўпда ўзига вақт ажратиш жуда мушкул вазифа. Лекин уйқудан уйғониш билан, ўзингизга ёққан бирон нарса билан шуғулланиш имконини топсангиз, онгингиз тозаланиб, руҳингиз кўтарилади".

Фойдали "асбоблар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Ҳозирги кунда такси чақириш ёки ёқтирган филмингизни тамоша қилиш анчайин осон иш.

"Замонавий технологиялар, асбоблар ва хизматлар ўта самарали ва вақтни тежашга хизмат қилади", дейди DuJour вебсаҳифаси асосчиси Джейсон Бинн.

"Ҳатто китобларни ҳам тезроқ ўқиш мумкин. Бунга ёрдам берувчи Spritz тез ўқиш технологияси ҳам мавжуд. Бу технология асосида "Уруш ва тинчлик" каби романни бир кунда ўқиб чиқиш мумкин".

"Бозор-ўчарни тезроқ қилинг. Amazon каби вебсаҳифалар бозор қилишга ёрдам берувчи дастурларни таклиф қила бошлаган. Бу дастур уйда керак бўлган нарсанинг номи ё-да штрихкодини айтиш биланоқ, унга буюртма бериш имконини беради."

Бу йўл билан дўконга бориш учун кетадиган вақт ёки маҳаллий буюртма сайти учун кетадиган вақтингизни тежаб қоласиз.

"Қаҳвахоналарда ҳисоб-китобни тезлаштириш мумкин. Starbucks каби қаҳвахоналар мобил телефонини бир силкитиб, ҳақни тўлаш дастурларини таклиф қилишмоқда".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer