Тадқиқот: "Чекиш шизофренияга етаклаши мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи thinkstock

Чекиш инсонда шизофрениянинг ривожланишига бевосита таъсир қилиши мумкин. Бундай хулосасини Лондон Қироллик коллежининг бир гуруҳ олимлари Lancet Psychiatry журналида чоп қилишди.

Олимлар 61та мустақил тадқиқотларни таҳлил қилиб, сигарет тутуни ёшлар мияси фаолиятини ўзгартириши мумкин, деган фикрга келишган.

Чекиш ва руҳий касалликлар орасидаги боғлиқлик аввалдан аниқланган, аммо ўтмишда шизофрения билан аллақачон оғриган инсонлар чекишга ружу қўйишлари ва бу билан "эшитаётган овозлари" ва "кўраётган галлюцинациялари" туфайли юзага келадиган стрессни юмшатишга уринишлари айтиларди.

Лондон Қироллик коллежи олимлари 14555 чекувчи ва 273162 чекмайдиган одамлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилганлар.

Аён бўлишича, руҳий касалликлар билан оғриган инсонларнинг 57 фоизи илк руҳий хуружи тутиб қолишидан аввал аллақачон чекиб келганлар.

Чекувчилар орасида шизофрения билан оғриш хавфи чекмайдиган одамлардагидан кўра икки баравар юқори экани аниқланди.

Шунингдек, олимлар фикрида, шизофрения чекмайдиган инсонларга қараганда чекувчилар орасида ўртача ҳисобда бир йил аввал ривожланган.

Чекувчиларнинг аксариятида шизофрения касаллиги йўқ, албатта. Аммо, олимларга кўра, тамаки истеъмол қилиш билан бу касалликнинг ривожланиш хавфини ошириш мумкин.

Шизофрения ўртача ҳисобда ҳар 100 одамдан бирида аниқланади. Чекувчилар орасида эса бу ҳар 100 одамдан икки нафарида бўлиши мумкин.

Шизофрения узоқ муддатли руҳий касаллик бўлиб, унга йўлиққан инсонда фикрлаш, ҳиссиётлар ва ўзини тутиш орасидаги алоқа бузилади. Бу эса, ўз навбатида, номақбул амаллар ва ҳиссиётлар, реал ҳаётдан узоқлашиш, ҳамда фантазиялар ва иллюзияга сабаб бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio