Она парҳезининг ҳомилага таъсири

Янги ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳомиладор бўлиш вақтида онанинг парҳези бўлажак фарзанднинг келажагида ўта муҳим ўрин тутар экан.

Икки ойча аввал мен Гамбиядаги Кенеба қишлоғида 90 ёшли Карамо Таурай билан учрашдим. Атрофида кўплаб фарзандлари ва набиралари гирдикапалак бўлган Карамо оёғидаги бармоғида бўлган кичик бир ярадан ташқари соппа-соғ эканлигини Яратганнинг марҳамати, дея айтди.

Лекин менинг тахминимча у ҳомила сифатида пайдо бўлган ойнинг ҳам бу ерда роли бор.

1940 йиллардан бери Кенебада Британ Тиббиёт Кенгаши тадқиқотчилари ерликларнинг қачон туғилганлари, никоҳ қурганлари ва ўлимлари ҳақида муфассал маълумот йиғиш билан шуғулланиб келган. Ушбу маълумотларни ўрганиш натижасида улар бир неча йил аввал шундай хулосага келдиларки, ҳомила йилнинг қайси вақтида пайдо бўлганлиги унинг келгуси ҳаёти узунлигига катта таъсир кўрсатар экан.

Дейлик ҳомила январ ойида пайдо бўлган бўлса ва фарзанд сентябрда туғилса, сентябрда ҳомила пайдо бўлиб июнда туғилган шахсга нисбатан анча аввал оламдан ўтиши эҳтимоли жуда катта экан.

Image caption Гамбияда ҳамма ҳомилаларни ёғингарчилик мавсумида режалаштириш керакмикан?

Демак, бунинг роли жуда, жуда катта.

Англашилишича, бунинг сабаби йилнинг муайян вақтида осмондаги юлдузларнинг қандай жойлашганида эмас, балки об-ҳаво ва ота-онанинг ҳомила пайдо бўлган вақтда нималар еганликлари билан боғлиқ. Гамбияда июлдан ноябрга қадар иқлим ёғингарчиликларга ўта бой. Қолган ойлар эса ҳаво шароити асосан қуруқ.

Ҳаво қуруқ ойлари аҳоли асосан гуруч ва кускус каби донли маҳсулотларни истеъмол қиладилар. Ёғингарчилик сероб бўлган ойларда мева-сабзавот ва кўкатлар тановул қилинади.

Демак, Гамбияда, бўлажак она ва балкида отанинг не қадар кўп кўкат истеъмол қилиши фарзанднинг келажак ҳаётига каттагина таъсир қилади.

Ҳайратга солган ери шуки, таъсири жуда катта бўлгани билан ҳаётнинг дастлабки йиллари бу таъсир унча кўзга ташланмас экан. Яъни 15 ёшларга қадар йилнинг турли вақтларида туғилганлар орасида фарқ у қадар катта эмас. Лекин ундан кейинги ҳаёт фарқи жуда катта ва яққол кўзга ташланади.

Бунга сабаб нима?

Онанинг ҳомиладорлик даврида парҳези фарзанднинг соғлиғига катта таъсир қилиши борасида анчадан бери гапирилади. Бунинг энг қатъий далилларидан бири Голландияда очарчилик йилларидан сўнг ўтказилган тадқиқотлар натижаларидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи thinkstockphotos

Иккинчи Жаҳон урушининг охирига яқин Олмония Голландия ҳукуматининг иш ташлаш даъватига жавобан мамлакатнинг баъзи қисмларини блокада қилди. Ўша минтақаларда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келиб, одамлар очликка юз тутдилар. Минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмдилар.

Қамал бекор қилинганидан сўнг очлик даврида туғилган болалар соғлиғини текшириш юзасидан тадқиқотлар ўтказилди.

Шу нарса аниқландики, очлик даврида ҳомила шаклида бўлган шахслар келгуси ҳаётларида юрак касалигига учраш эҳтимоли икки баробар юқори бўлган. Шунингдек руҳий касалликлар, семириш, қанд касаллиги, саратон ва асаб тизими касалликлари эҳтимоли ҳам уларда юқори бўлган.

Хавотирли ери шуки, бу аломатлар келгуси авлодга ҳам ўтган. Очликни бошдан кечирган аёлларнинг нафақат фарзандлари, балки набираларининг ҳаётлари сифати ҳам пастроқ бўлган.

Гамбияда йилнинг турли вақтида туғилган шахслар каби Голландияда очлик вақтида туғилган шахсларнинг келгуси авлодларга қадар таъсири бўлиши ҳомила даврида она қорнида ирсий ўзгаришларнинг юз берганидир.

Ҳайвонларда ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, парҳезни ўзгартириш билан ҳомиладаги ирсий ўзгаришларни фаоллаштириш ё-да ҳатто умуман тўхтатиш ҳам мумкин экан.

Бу каби тажрибани одамларда ўтказиш албатта ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди, лекин Гамбиядаги тадқиқотларга таянилса, парҳездаги ўзгаришлар ирсий ўзгаришларга не қадар таъсир қилишини кўриш мумкин. Демак ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида она сабзавот ва кўкатларни мўл истеъмол қилса бўлажак фарзанднинг ирсий шаклланиши фаол бўлишига асос яратар экан.

Гамбиядаги тадқиқотларнинг яна бир натижаси шуки, ёғингарчилик сероб бўлган вақтда туғилганларда турли касалликларга қарши туришда асосий омил бўлган иммунитет тизимини шакллантирувчи ирсий ҳужайралар анчайин фаол экан.

Тадқиқотларни олиб борганлардан бири Мат Силвернинг айтишича, иммунитет тизимини шакллантирувчи ирсий ҳужайраларнинг фаоллиги даражаси турли юқумли касалликларга чидамлилик, шунингдек ҳатто саратоннинг оқ қон ва ўпка саратони каби турларидан омон қолиш эҳтимолини ҳам кўпайтириши мумкин.

Хуллас, фарзанд кўришни режалаётганлар учун В витаминига бой кўк баргли маҳсулотларни кўп миқдорда истеъмол қилиш фойдали эканлиги аёндир. Бундан ташқари фолий кислотасини истеъмол қилиш ҳам фойдали экан.

Ҳомила ва ҳаёт бошланганига қадар босқичлар:

1-ой: Ҳомиланинг биринчи ойи келажакда бир шахс бўладими, иккими ёки уч ва ё ундан-да кўпроқ - ана шу аниқланади. Эгизаклар қандай пайдо бўлишини ҳеч ким билмайди.

2-ой: Оёқ ва қўлдаги бармоқлар шакллана бошлайди. Бразилиядаги бир оила аъзоларининг ҳаммаларида олтитадан бармоқ бор. Улар бу билан фахрланадилар.

3-ой: Ўнг қўлингиз фаол бўладими, ё чапақай бўласизми? 3 ойда ана шу аниқланади.

4-ой: Ҳомиланинг териси шаклланади. Дастлаб ҳарир шаклда бўлган тери қалинлашиб ҳақиқий терига яқин шаклни олади. Тер ишлаб чиқувчи ва терига муайян ранг берувчи безлар шаклланади.

5-ой: Мия ва инсон хулқини белгиловчи омиллар гормонлар асосида шакллана бошлайди.

6-ой: Дастлаб ҳомила суяксиз бўлади. 6- ойга келиб инсон танасининг қаддини рост тутиб туриши учун муҳим бўлган суяклар шаклланади.

7-ой: Бу ойга келиб ҳомила миясида 100 миллиардга яқин нейронлар фаолияти кузатилади. Хотира шаклланади.

8-ой: Бу ҳомиланинг семириш даври. Ҳомила ҳақиқий гўдак шаклига киради.

9-ой: Ўпка ҳомилада шаклланадиган охирги органдир. Чунки она қорнида унга ўпка керак эмаслиги аён... Ҳали туғилмаган ҳомила бу даврда ён-атрофдаги суюқликни ҳаво сингари нафас йўллари орқали қабул қилиш ва чиқариш орқали нафас олишни тажриба қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio