"Аполлон" фазогирлари Ойда "ғалати мусиқа"ни эшитгандилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи NASA

АҚШнинг "Аполлон 10" фазо кемаси астронавтларининг айтишларича, Ойнинг орт тарафида бўлган пайтлари сирли "мусиқа"ни эшитганлар.

Фазогирлар қулоқчинлари орқали ўзларига эшитилаётган нарса нима эканлигини, мусиқага ўхшаган товуш Ойнинг нариги тарафидан келаяптими-йўқми, билмасдилар.

Бу саволларга қисман жавоб бериш мумкин эди, бироқ тўлиқ эмас.

Фазогирларнинг айтишича, "коинотдан ташқаридан бўлган"га ўхшаш ғувиллаган мусиқа товушини 1960 йиллар охирида Ойнинг орт тарафига қўнган пайтларида эшитганлар ва Ерга қайтган пайтларида агар бу ҳақда гапиришса, ўзлари ҳеч ким ишонмайди, деб ўйлаганлар.

Фазогирлар "Аполлон 10" фазо кемасидан чиқиб махсус Ой модулига ўтиришган ва бу модулда Ой сатҳига қўниш учун парвоз қилганлар.

Модул Ойнинг Ерга тескари тарафига ўтган пайти шовқин бошланган.

Бу жойдан Ердан юборилаётган сигналларни қабул қилиб бўлмас эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nasa

Ой модулининг парвози 60 дақиқа давом этган.

Ўша парвозда тасвирга олинган кадрлардан яқинда намойиш этилган янги ҳужжатли филмда фойдаланилди.

Science телеканалининг "НАСАнинг тушунтириб берилмаган файллари"(Nasa's Unexplained Files) деб номланган ҳужжатли филмининг навбатдаги қисмида фазо кемаси ичидаги астронавтларнинг суҳбати ўрин олган.

Унда "Аполлон 10" фазогирлари Южин Сернан ва Жон Янг бир-бирига шундай савол беради: "Сен ҳам эшитаяпсанми? Ҳуштакка ўхшаган товуш?"

Иккинчи астронавт эса "чиндан ҳам ғалати мусиқа" дея жавоб беради.

Бу пайтда "Аполлон 10" Ой орбитасида эди.

Ҳужжатли филмда бу товуш қаердан пайдо бўлган бўлиши мумкин деган саволга жавоб изланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NASA

Баъзи мутахассислар фикрича, бу товуш магнит майдонининг таъсирида пайдо бўлган.

Яна кимдир Ой атмосфераси бу товушни келтириб чиқарган, дейди.

Аммо Ойда магнит майдони ҳам йўқ ва етарли атмосферага ҳам эга эмас.

Таклиф қилинган ҳақиқатга яқин тахмин шу бўлдики, "Ой модули билан Бошқарув модули ўртасидаги VHF радиоларининг тўқнашуви" шу овозларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

Кейинроқ "Аполлон 11" кемасида парвоз қилган фазогир Майкл Коллинз ҳам Ойнинг орт тарафига парвоз қилганида ғалати шовқинни эшитганини айтган.

Бироқ сабабини сўраганида инженерлар бу радио тўлқинларнинг ўзаро тўқнашиши деб тушунтирганлар.

Майкл Коллинз ўзининг "Оловни олиб юриш" Астронавтларнинг парвози" китобида ёзишича, радиолар қўшилган пайтда ва бир-бирига яқин масофада бўлган жойда шовқин пайдо бўлган ҳамда Нил Армстронг ва Эдвин Олдрин ўтирган Ой модули Ой стаҳига қўнган пайтда товуш йўқолган.

Ердан қараганда Ойнинг юза тарафи ва орт тарафи дейилса-да, Ойнинг икки тарафида ҳам икки ҳафта тун, ҳам икки ҳафта кун кузатилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ