Рио 2016: Гап бўлган Олимпия машъаласи

Рио Олимпиадаси машъаласи

Ҳар бир Олимпиада Ўйинлари, айниқса, Ёзгисининг "гап" бўлиши аллақачон одатий тус олиб улгурган.

Шундай экан, Риодагиси ҳам бундан мустасно эмас.

Нақ Ўйинлар арафасида мезбон шаҳар масъуллари қолиб, меҳмон давлатлар матбуоти ҳам "шикоят қилиш"га тушган.

Рионинг бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларига сўнгги ҳозирликлари шу кунларда манаман, деган Ғарб нашрларининг эътиборига ҳам тушган.

Бир томондан, ойларки, кун тартибидан тушмай келаётган Зика вируси.

Бошқа тарафдан, допинг можароси жаҳон спорт оламини зил титратаётган бир манзарада Бразилиядаги ягона лабораториянинг ёпилиши...

Бу ёқдан Риода кенг қулоч ёйган жиноятчилик ҳоллари бўлса, бошқа ёқдан Бразилиядаги сиёсий беқарорликлару ифлосланган сув диққатни тортган.

Бирлари Ўйинлар учун мўлжалланган спорт иншоотлари ҳалиям қурилиб, битмадими, деган таажжубда бўлса, бошқалари нақлиёт йўллари, ваъда қилинганидек, кенгайишга улгурармикан, дея бош қотирган.

Масъуллар, ўз навбатида, федерал захирадан қўшимча маблағлар ўз вақтида етиб келмаса, ҳаммаси чиппакка чиқишидан хавотирда.

Яна бир огоҳлик

АҚШ жосуслик мулозимларининг сўнгги огоҳлантириши эса, буларнинг барчасига қўшимча бўлмай қолмаган.

Улар Риога йўл солаётган фуқароларини ҳушёр бўлиш, электрон ускуналаридаги барча қимматли маълумотларни ортда қолдиришга даъват қилишган.

Америка Жосуслик Хизмати ходимларига кўра, Олимпиада Ўйинлари каби йирик халқаро спорт тадбирлари шпионлар ва кибер жиноятчиларга жуда қўл келади. Устига устак, бу каби беллашувларга дунёнинг манаман, деган спортчилари боради.

Бу икки ҳолатни назарда тутган АҚШ ҳукумати эса, махсус огоҳлик кампаниясига қўл уриш даражасигача борган.

Худди шу манзарада мезбон Рио юз тутиб турган шунча муаммо қолиб, Олимпия машъали ҳам, ҳатто, етакчи Ғарб нашрларининг эътиборини тортиш даражасида "гап" бўлишга улгурган.

Аввалига ҳаммани машъала олиб ўтилаётган Манаусдаги ягуар қўрқитган бўлса, кейин уни сув сепиб ўчирмоқчи бўлган шахс муаммоси ўртага чиққан.

Маросим "иштирокчиси" эканини унутиб, аскарга ташланган ягуар, алал-оқибат, отиб ўлдирилган.

Унинг отиб ташланиши юзасидан ҳарбийлар, ҳатто, тергов иши ҳам бошлашган.

Ўйин ташкилотчилари эса, Олимпия машъаласини занжирда эса-да, йиртқич ҳайвон билан кўз-кўз қилиш қарори янглиш бўлганини тан олишган.

Ягур муаммоси бартараф этилишидан қисқа вақт ўтмай, 27 ёшли йигит ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлган.

Бразилия марказидан олиб ўтилаётган машъалаю машъалачиларга қарата бир пақир сув сепган. Машъалани ўчирмоқчи бўлган.

Аммо режаси амалга ошмаган, ўзи эса, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг машъаласи 5 август кунига режаланган расмий очилиш маросимига қадар 20000 чақирим йўл ва Бразилиянинг 300 та шаҳрини босиб ўтади.

Ўйинлар машъаласи сўнгги - 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиадасида ҳам катта гап бўлган.

Аввалига машъаланинг 8 мингта текшикчаси, сўнгра шунга мувофиқ 8 мингта машъала ташувчи, бунинг ортидан, машъалачига ҳужум қилиб, уни олмоқчи бўлган ўсмир йигитча ва якунида машъаланинг Британия аҳолисининг нақ 95 фоизига кўрсатилгани роса гапларни қизитганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.