Рио 2016: Қурилиш майдонига айланган Рио

Мезбон Рио Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Нақлиёт - Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлган.

Рио эса, ўзининг тепаликларию, эгри-бугри бурама йўллари билан тилга тушган.

Шу боис ҳам, бу шаҳарда бир ердан иккинчи ерга етиб бориш осон иш эмас.

Рио аҳолисининг сони олти миллиондан ортса-да, шаҳарда бор-йўғи иккита метро йўналиши амал қилади.

Олимпиада қишлоқчаси барпо этилаётган сатҳга эса, на-да метро ва на-да тўғридан-тўғри автобус боради.

Мавжуд метро йўналишини у ергача узайтириш учун яхлит харсангнинг бағрини ўйиб олти чақиримли туннель қуриш тақозо этилган.

Аммо бу иш осон кечмаган, Ўйинларга ҳозирликлар бошланган дастлабки икки йил ичида қурилиш ишлари бор-йўғи икки чақиримга узанган, холос.

Мавжуд ўзига хосликлари инобатга олиниб, метро йўналишини кенгайтириш ишлари фақат битта янгиси билан чекланган, холос.

Бундан ортиқчасига на-да пул ва на-да вақт имкон берган.

Бунинг ўрнига йўлларни юришига мослаб, шаҳар учун ўнлаб янги автобуслар сотиб олинган.

Ҳозирга келиб, янги автобус йўналишидан фойдаланаётган шаҳар аҳолисининг сони 60 фоиздан ортган.

Аммо, шунда ҳам, нақлиёт тизимининг айрим муҳим участкалари Ўйинлар арафасида иш бошлаши айтилмоқда.

Кулбалар ўрнига...

Афсонавий "Маракана" бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари чоғида ҳам стадионларнинг гули бўлади.

Бу машҳур стадион футбол бўйича 1950 йилги жаҳон чемпионати учун қурилган.

Бразилияга қайта мезбонлик қилиш шарафи насиб этган 2014 йилги жаҳон биринчилиги учун яқинда қайта таъмирдан ҳам чиқарилган.

"Маракана" вақтида дунёдаги энг йирик спорт майдони саналган ва ўзида 200 минг одамни сиғдирган.

Худди ана шу стадион бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш ва ёпилиш маросимларига мезбон қилади.

"Маракана"ни таъмирлаш ишлари кечаю кундуз давом этган, қарийб бир ойлик оммавий намойишлар сабаб, бюджетдаги камомадлар ҳам стадион учун таъсирсиз кечмаганди.

Хавфсиз эмаслиги боис, таъмирлаш ишлари жараёнида стадионнинг томигача алмаштирилган ва шунинг ўзи ҳам озмунча пул бўлмаганди.

Бразилия мезбонлик қилган 2007 йилги Панамерика Ўйинлари учун қурилган велодром ҳам Олимпиада меъёрларига номувофиқ, деб топиларкан, уни ҳам жиддий таъмирдан чиқаришга эҳтиёж пайдо бўлган.

Ижтимоий тенгликми-нотенглик?

Рио Ўйинлари қолган танқидчиларини худди шу савол қизиқтирган.

Улар Ўйинлар шаҳардаги ижтимоий нотенгликка барҳам бера олармикан, дея бош қотиришга тушишган.

Олимпия хиёбонини шаҳар чеккасидаги пана-пастқам уйлардан иборат Вила Аутодромада қурмоқчи бўлишаркан, маҳаллий аҳоли бундан ғазабга келган.

Улар бу ерда узоқ йиллардан буён яшашлари, ерга қонуний ҳақлари борлиги, бунинг учун барча лозим ҳужжатларга эга эканликларини ҳам айтишган.

Бундан фақат масъуллар фойда кўришлари, ўзлари эса, жафокаш бўлиб қолишларидан шикоят этишган.

Кўп қаватли уйларда қандай қилиб товуқ боқиш, ананас етиштиришлари мумкинлигидан нола қилишган.

Шундай экан, Жанубий Америкадаги илк Олимпиаданинг мезбонига айланиши учун Рио тўқнаш келиб турган муаммолар озмунча бўлмаган.

Маҳаллий масъулларнинг шаҳар аҳолисини қилинган шунча харажат Ўйинлар ортидан ўзини оқлашига ишонтиришлари ҳам лозим бўлган.

Шаҳар аҳолиси эса, ўз навбатида, хорижлик меҳмонларни тинчлантиришга уринишган: Рио - бунақа тадбирларнинг устаси эканини айтишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.