Рио 2016: Ким қанча ваъда қилмоқда?

Ришод Собиров Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, шу кунларда янграётган расмий ва норасмий хабарларга таянилса, бу йил ҳам "анъанага содиқ" қолинган: дунёнинг қатор давлатлари ўз совриндорларига аллақачон каттаю кичик пул мукофотлари ваъдаси билан чиқишган.

Ўзбекистоннинг қатор спортга ихтисослашгану ихтисослашмаган интернет нашрларининг худди шу кунларда тарқатган хабарларига ишонилса, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ўзбекистонлик олтин медали соҳиби 200.000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига умид қила олади.

Бу каби хабарларда Ўйинларнинг кумуш медали совриндори учун 100.000 АҚШ доллари кўзда тутилгани айтилса, бронза медалини қўлга киритган спортчи учун 75.000 АҚШ доллари кўзда тутилаётгани англашилади.

Аммо Би-би-си Ўзбек Хизматининг ушбу хабарларга расмий манбалар орқали ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча ўз самарасини бергани йўқ.

Айрим интернет нашрлари эса, кўзда тутилаётган мукофот пулининг ғолиб спортчиларга қайси: давлат ёки қора бозор курсида берилиши саволи билан ҳам қизиқишган.

5 август куни Бразилияда старт олажак Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик жаъми 70 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Улар академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, бокс, дзюдо, енгил ва оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо, теннис, эркин ва юнон-рум кураши бўйича қатор спорт турлари бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Агар, ўз ғолибларига мукофот пулларини эълон қилиб улгурган қолган Марказий Осиё давлатлариники билан қиёсланса, Ўзбекистон энг катта ваъда билан чиқаётган иккита иккита минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Яъни

Қўшни Қозоғистон Олимпиада чемпиони бўлган спортчисига 250 минг доллар мукофот пули бермоқчи.

Бунга қўшимча олтин медали соҳибларини 3 хонали квартира билан ҳам сийламоқчи.

Агар, қатор интернет нашрларида чоп этилган хабарларга таянилса, бу ҳақда Қозоғистон Спорт ва жисмоний тарбия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари маълум қилган.

Унинг сўзларидан қозоғистонлик Олимпиада Ўйинларининг кумуш медал соҳиблари 150 минг АҚШ доллари ва 2 хонали квартира, бронза медали совриндорларининг эса, 75 минг доллар ва бир хонали квартирага умид қила олишлари маълум бўлган.

Қирғизистонлик Рио Олимпиадаси чемпиони эса, 100 минг АҚШ долларидан сал ошиқроқ мукофот пулига кўз тика олади.

Бу ҳақда шахсан Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўзи расман баён қилган.

Унинг сўзларига таянилса, Ўйинларнинг кумуш медали совриндори учун 56.000 ва бронза медали соҳиби учун 52.000 АҚШ доллари миқдорида молиявий рағбатлантиришлар кўзда тутилган.

Тожикистон ҳукумати эса, Рио Олимпиадасида шундоқ ҳам саноқли сонда иштирок этаётган спортчиларига анчайин камтарроқ мукофот пуллари ваъдаси билан чиққан.

Яъни, Ўйинларнинг тожикистонлик олтин медали соҳиби бу йил 300 000 сомоний мукофот пулига умид қила олади.

Бу - 38 минг АҚШ долларидан сал ошиқроқ маблағ деганидир.

Шу йил баҳор ойларида эса, Тожикистоннинг Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланма ололган спортчисига 10.000 сомоний (1270 доллар) миқдорида мукофот пули ваъда қилганига оид хабарлар пайдо бўлганди.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, интернет хабарларида тилга олинаётган сумма - Ўзбекистон сўнгги 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўз спортчиларига ваъда қилганидан икки баробарига кўпдир.

Қозоғистон эса, сўнгги гал минтақа давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб ғолиб спортчиларига пул мукофотлари ваъдаси билан чиққан.

Уларнинг баёнотларидан қозоғистонлик олтин медали соҳибининг чорак миллион АҚШ долларига кўз тика олиши мумкинлиги маълум бўлганди.

Қолганлар-чи?

Ўтган гал Ўйинларнинг олтин медали соҳибига қарийб ярим миллион долларлик мукофот пули ваъдаси билан чиққан Озарбайжон ҳукумати эса, бу йил ҳиммат бобида анчайин камтарроқ кўринган.

Яъни, ўзининг Риодаги бўлажак Олимпиада чемпионларига чорак миллиондан ошиб-ошмайдиган мукофот пули белгилаган.

Кумуш медали совриндорларини 126 минг, бронза медали олганларини эса, бунинг тенг ярми миқдоридаги пул билан сийлашга қарор қилган.

Аммо, шунда ҳам, бу - Россия дохил қолган Шўро давлатлари ўз олимпиячиларига ваъда қилаётган маблағлар орасидан ҳозирча энг йириги бўлиб чиққан.

Дейлик, Россия ўзининг Рио Олимпиадаси чемпионига ваъда қилаётган пул мукофоти бор-йўғи 61.000 АҚШ доллари атрофида экани маълум бўлган.

Устига устак, бу - Россия ўтган гал олтин медали учун ваъда қилган маблағдан икки баробар кам экани ҳам аён бўлган.

Аммо қанчалик ҳотамтойлик борасида Молдова қолган собиқ Шўро давлатларини ортда қолдириб кетган.

Расмий Кишинёв бирваракайига Рио Олимпиада Ўйинлари беллашувларининг юқори саккизталигига киролган спортчиларига мукофот пули ваъдаси билан чиққан.

Молдова Риода олтин медали ололган спортчисига 150 минг АҚШ долларига ваъда қилган бўлса, рўйхатда 8-ўринни эгаллаган олимпиячисига 10.000 АҚШ доллари беришини айтган.

Энг сўнггида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳам Қишки ва ҳам Ёзги Олимпиада Ўйинларида катта сондаги спортчилари билан иштирок этувчи Америка ўз ғолибларига сўнгги бир неча ўн йилликда фақат 25.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули бериб келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.