Берлиндан Риогача

Бу анъананинг тарихи узоқ қадимга бориб тақалса-да, илк замонавий машъала 1936 йилги Берлин Ёзги Олимпиада Ўйинлари учун ишлаб чиқарилган. Бунинг ортидан, ҳар бир Олимпиада Ўйинлари учун янги машъала яратиш ва уни машъаладорлар кўмагида Юнонистондан мезбон шаҳарга етказиш одат тусини олган. 2016 йилги Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари ҳам бундан мустасно эмас. 5 август кун старт олажак Ўйинларнинг машъаласи Рио сари йўлга тушганига ҳам анча бўлган.

INTERACTIVE
  • Olympic torches

    ×
  • 2016 Рио-де-Жанейро

    ×

    Бу – Жанубий Америка мезбонлик қилаётган илк Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлади. Бу Олимпия Ўйинларининг машъаласи “Chelles&Hayashi Design” ширкати томонидан ишлаб чиқилган. Машъала қайта ишланган алюминий ва қатрондан ясалган. Олов текканида, бу машъаланинг тепа қисми ёнига кенгайиб, очилади. Шунда ичкарисида Бразилиянинг денгиз, ер, тоғлари, осмон, қуёш ва давлат байроғини акс эттирувчи рангли қатрон бўлаклари кўзга ташланади. Ҳар бир машъала 1-1.5 килогача келади. Ёпиқ пайти машъаланинг узунлиги 63.5 см ва очилганида 69 см ни ташкил қилади.

  • 2012 Лондон

    ×

    Бу – Лондон мезбонлик қилган учинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлганди. Ўйинларнинг уч қиррали машъаласи “Barber Osgerby” ширкати томонидан ишлаб чиқарилганди. Сирти зарҳалланган бу машъала алюминий қотишмасидан ясалган. 8000 та машъаладорни назарда тутиб, машъала 8000 дона майда текшикчаларга эга. Ўйинлар тарихидаги энг узун, аммо энг енгил машъалалардан бири. Яъни бўйи 80 см ни ташкил қилади. Оғирлиги эса, бор-йўғи 800-850 гр келади. Пропан-бутан қоришмаси асосида ёнади. Уни кўтариш энг ёш машъаладорларга ҳам малол келмайди.

  • 2008 Пекин

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласи ўралган қоғоз шаклида. Сиртига хитойликлар учун қадим-қадимдан омад тимсолини англатиб келган қизил рангли безаклар туширилган. Бу гажаксимон белгилар Хитой мифологиясида уйғунликни англатган. Машъала тарҳидан мақсад – Ўйинларнинг теварак-атрофга зиён етказмайдиган, ўта замонавий ва халқники эканини кўрсатиш бўлган. Жуда амбициоз ва Ўйинлар тарихидаги энг узун машъала. Пекинга етиб келгунга қадар Хитойдан ташқари беш қитъани ҳам босиб ўтган. Аммо машъала ўз йўлида озмунча намойишларга ҳам саҳна бўлмаган.

  • 2004 Афина

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласи юнонистонлик саноатчи тарҳчи Андреас Варотсос томонидан яратилган. Машъалани яратаркан, тарҳчи Олимпиада Ўйинларининг қадимий илдизларига мурожаат қилган. У ўз ижоди маҳсулини магний ва ёғочдан, зайтун дарахти барги шаклида ишлаган. Бу каби тарҳдан мақсад – оловнинг худди машъаладорнинг қўлидан оқиб ўтиб, сўнгра ёнгандек тасаввур уйғотиш бўлган. Қадим Афинага етиб келгунга қадар машъала ўз йўлида бешта қитъани босиб ўтган. Унинг шакл-шамойилини дунё бўйлаб 260 миллион одам томоша қилишга муваффақ бўлган.

  • 2000 Сидней

    ×

    Бу машъала номи дунёга машҳур Сидней Опера Театри, бумеранг ва Тинч Уммонининг кўм-кўк сувларидан илҳомланиб яратилган. Машъала уч қатламдан иборат. Улар ер, олов ва сувни рамзлантиради. Дастлабки ўн кун Юнонистон бўйлаб олиб юрилгач, машъала бутун Австралияни “кезиб чиққан”. Олимпиада стадионида машъалани туб аҳоли вакиласи бўлган машҳур югурувчиси Кэти Фримен ёққан. Кэти кейин 400 метрга югуришда Ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритган.

  • 1996 Атланта

    ×

    Тарҳчиси Малкольм Греар қадимийларидан илҳомланиб, бу машъалани тизимча билан боғланган бир тутам қамиш шаклида яратган. Боғламдаги 22 дона қамиш бунгача бўлиб ўтган Ёзги Олимпиада Ўйинларини акслантирган. Тарҳчи ўз ижод намунасини алюминийдан яратган. Боғламнинг дастаси ёнғоқ дарахти ёғочидан ишланган. Айрим қамиш поялари эриб кетгани боис, қайта ишланган. Аммо айрим ҳолларда оловини кўриш қийин бўлган. Юнонистонни ҳам “эсон-омон” кесиб ўтишга муваффақ бўлган.

  • 1992 Барселона

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласи тарҳи барселоналик дизайнер Андре Райкард томонидан ишланган. Тарҳчи лотинча тус бериш учун уни атайдан бошқача қилиб яратган. Машъала “Монтжуик” Олимпиада стадионига етиб келгунча қадар дунёнинг 652 та шаҳрини босиб ўтган. Одамлар унча зич яшамайдиган жойлардан машъала велосипедда олиб ўтилган. Машъалани очилиш маросимида камончи Антонио Реболла камонидан ўқ узиб ёққан.

  • 1988 Сеул

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласи “Korea Explosive Company Ltd.” Ширкати томонидан яратилган. Машъала жез қотишмаси ва пластмассадан ясалган. Дастаси эса, теридан ишланган. Янги машъаланинг кўриниши сўнгги бир неча Ўйинлардагисидан унча фарқ қилмаган. Унга анъанавий услубда ишлов берилган. Машъалага туширилган иккита аждарҳо акси Шарқ ва Ғарбни акслантирган. Бу машъала 22 кун деганда Олимпиада стадионига етиб келган. Орада 4.167.8 км йўлни босиб ўтган. Машъалани 1467 та машъалачи минглаб кўмакчи ва ҳамроҳлар воситасида 21 та шаҳардан олиб ўтишган.

  • 1984 Лос Анжелес

    ×

    Бу машъала алюминий ва жезли қотишмадан ясалган. Дастаси эса, теридан ишланган. Машъалага 1984 ва 1932 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларига мезбонлик қилган “Мемориал Колизеум” стадиони акси туширилган. Аммо бу машъала зиддиятларга сабаб бўлмай қолмаган. Бунга америкалик масъулларнинг ҳар бир чақирим йўлни бўлажак машъалачиларга сотиш қарори сабаб бўлган. Яъни уларнинг бу иши Юнонистон томонига ёқмаган. Устига устак, машъала йўлга тушганидан бор-йўғи 2 соат ўтиб, собиқ Шўролар Иттифоқи Ўйинларни бойкот қилишини эълон қилган. Аммо бу машъалани кўриш иштиёқида бўлган минглаб одамларнинг йўлларига тўсқинлик қила олмаган.

  • 1980 Москва

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласи олтин, кумуш рангида ҳалланган. Ўйинлар рамзи эса, қизил рангда туширилган. Бу машъаланинг пилиги махсус қопқоқ билан ёпилган. Дастаги ҳам хос қоплама билан ҳимояланган. Тарҳи устида Борис Тучин ишлаган. Аммо СССРда ишлаб чиқарилган буюм сифатида 729414 рақам остида расман қайд этилган. 6200 дона машъалани ленинград(санкт-петербург)лик усталар яратишган. Анъанага мувофиқ ўз йўлини Юнонистондан бошлаган машъала мезбон Москвага етиб келгунга қадар Бўлғористон ва Руминияни ҳам босиб ўтган.

  • 1976 Монреал

    ×

    Телевизор орқали қандай кўринаркин? Тарҳчилар Жорж Хьюэл ва Мишель Даллер бу Ўйинларнинг машъаласини яратишдан аввал ўзларига худди шу саволни беришган. Улар ўз ижод маҳсулларини икки хил кўринишда қилиб яратишган. Оддийсининг пилигини қора, дастасини қизил қилиб ишлашган. Тантанали маросим учун мўлжалланганига зарҳал тус ҳам беришган. Машъала оловини эса, илк бор лазер ускунаси воситасида сунъий йўлдош орқали Афинадан Оттавага етказишган. Аммо Ўйинларнинг қадимий юнонча анъаналарига ҳам содиқ қолинган. Машъаланинг ёнилғисига келганда, зайтун ёғидан қўлланилган. Лекин кучли шамоллар сабаб, 22 июл куни Олимпия машъаласи ўчиб қолади ва уни қайта ёқишга тўғри келади.

  • 1972 Мюнхен

    ×

    Спортчиларнинг Отл Айхер томонидан ишланган тасвирий чизмалари бу Ўйинлар машъаласи тарҳининг асосий қирраларидан бирига айланган. Машъала газ асосида ёнадиган қилиб пўлатдан ишланган. Синаб кўрилмагани фақат жазирама иссиқ қолган. Яъни барча об-ҳаво шароитига қанчалик чидамли экани бир бор текширувдан ўтказилган. Худди шу боисми, Юнонистондан Олмонияга кетишда йўлда 46 градус жазирама иссиқда қоларкан, машъалани махсус қоплама билан ҳимоя қилишларига ҳам тўғри келган.

  • 1968 Мехико

    ×

    Бу Ўйинлар учун ҳозирланган жаъми 3000 та машъала четдан тухум кўпиртиргични эслатган. Биргаликда улар “Мехико 68” деган ёзувни ҳосил қилишган. Машъала Мехикога етиб боргунга қадар Христофор Колумбнинг йўлини босиб ўтган. Яъни, Оврўподан Янги Дунё сари “қадам қўйган”. Мехикода Ўйинлар тарихида илк бор машъалани аёл киши – енгил атлетикачи Энрикета Базилио ёққан. Машъала учун ишлатилган қаттиқ ёқилғи эса, тез ёнадигани бўлиб чиққан. Бу ёқилғи шу даражада тез олов олганки, эстафета жараёнида бир қанча машъаладор, ҳатто, жароҳатланган ҳам.

  • 1964 Токио

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласи Самурайларнинг қиличи шаклида қора ва кумуш рангли қилиб алюминий ва пўлатдан ишланган. Юнонистондан Токиога ҳаво, ер ва денгизоша етказилган. Япониянинг ўзида эса, мезбон Токиога келиб бирлашгунига қадар, машъала яна тўрт йўналиш бўйлаб ўз саёҳатини давом этдирган. Хиросимага атом бомбаси ташланган кун, яъни 1945 йилнинг 6 августида туғилган Ёсинори Сакаи сўнгги эстафетачи бўлган ва машъалани ҳам у ёққан. У машъала билан Олимпия стадионига кириб келган пайтда ҳаммаёқни хризантема гулларининг ҳиди тутиб кетган.

  • 1960 Рим

    ×

    Алюминийдан ишланиб, биринж билан ишлов берилган бу бежирим машъала қадимий ҳайкалларнинг қўлидагисига қиёсан яратилган. Оғирлиги бор-йўғи 580 гр келган, холос. Бу машъаланинг тарҳини қадимий Помпейни ўрганиб, тилга тушган Амедео Маиури яратган. Машъала Юнонистондан мезбон Римга ўз вақтида Сицилия ва Аппенин ярим оролини босиб олган қадим юнонларнинг йўлларини босиб, етиб келган. Бу Ўйинларнинг машъаласини италян талабаси Жанкарло Перис ёққан.

  • 1956 Мельбурн

    ×

    Айтилишича, бу Ўйинларнинг машъаласи тарҳчи Ральф Лаверснинг 1948 йилги Лондон Олимпиадаси учун яратган нусхасидан илҳомланиб яратилган. От пойгаси мусобақалари Стокгольмда бўлиб ўтгани боис, Олимпиада машъаласи Австралия баробарида Швецияга ҳам сафар қилган. Мельбурнгача машъалани 20470 чақирим йўл босиб, 3118 югурувчи етказишган. Машъала олови ўчиб қолмаслиги учун улар сув тошқинларини четлаб ўтишган, ўнқир-чўнқир йўлларда роса эҳтиёт бўлишган. Устига устак, улардан ҳар бирининг йўлни югуриб ўтган вақтлари ҳам хосан қайд этиб борилган.

  • 1952 Ҳелсинки

    ×

    Бу Ўйинлар учун юзлаб эмас, бор-йўғи 22 дона машъала ишлаб чиқарилган. Аммо уларни ёқиш учун 1600 дона газ баллончиги лозим бўлган. Ҳар бир баллончик 20 дақиқага етган, холос. Шу боис ҳам, уларни тез-тез алмаштириш лозим бўлган. Машъаланинг 600 грамм келувчи кумуш косаси ўймакор қилиб ишланган ёғоч дастага ўрнатилган. Ўйинлардан кейин бу машъалалар Олимпия қўмиталари ва спорт ташкилотларига ҳадя қилинган. Ҳар бир эркак машъаладор машъалани бир чақирим, аёллари эса, ундан сал озроқ масофагача кўтариб боришган. Ҳельсинки Олимпиада Ўйинлари машъаласини финландиялик югурувчи Пааво Нурми ёққан.

  • 1948 Лондон

    ×

    Бу Ўйинларнинг машъаласини мумтоз меъморчилик ихлосманди бўлган Ральф Лаверс яратган. Лондон Олимпиадаси Иккинчи Жаҳон урушидан бор-йўғи уч йил ўтиб уюштирилган. Худди шу боис ҳам, тарҳчининг арзон, аммо бежирим машъала ясашига тўғри келган. Ҳатто, шунда ҳам, у икки хил кўринишдаги машъалани яратган. Оддийсини алюминийдан ишлаган, пилигига ҳапдори шаклидаги ёқилғини жойлаган. Олимпиада стадионидаги машъалани ёқиш учун мўлжалланганини эса, пўлатдан яратган. Ёқилғи сифатида магнийдан фойдаланилган. Бу эса, ҳатто, куппа-кундуз ҳам унинг оловини кўриб туришга имкон берган. Машъалани британиялик спортчи Жон Марк ёққан ва 1948 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини расман очиб берган.

  • 1936 Берлин

    ×

    Бу замонавий Олимпиада Ўйинларининг илк машъаласи бўлган. Унинг тарҳи устида меъмор Вальтер Лемке ишлаган. Машъаланинг ўзи Олмониянинг Freidrich Krupp пўлат қуйиш ширкати томонидан ишлаб чиқарилган. Ширкат 3331 та машъалачи учун мўлжаллаб 3840 дона машъала ишлаган. Бу машъаланинг узунлиги 27 см га етган. Оғирлиги эса, 450 гр бўлган, холос. Машъала Юнонистонда Қуёш нурларининг ботиқ кўзгуга келиб урилиши натижасида ёндирилган. Машъаланинг ўзига эса, ҳар қандай эҳтимолни назарда тутиб, иккита пилик ўрнатилган. Свастика белгилари туширилган байроқлар билан безатилган стадиондаги машъалани олмон спортчиси Фрич Шильген ёқиб берган.