Рио 2016: Ўзбек боксчиларида тарихий натижа

Шаҳобиддин Зоиров Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаровнинг сўнгги ютуғи ортидан Рио Ёзги Олимпиадасининг финал босқичига чиққан ўзбекистонлик боксчиларнинг сони бештага етди.

Бу икки боксчи ҳам Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига камида иккита кумуш медални нақд қилди.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпионлиги учун курашиш имкониятини қўлга киритди.

Жаъми етти нафар боксчиси эса, Ўйинларнинг ярим финалига кўтарилди.

Таъкидлаш жоиз, бунақаси Ўзбекистон тарихида умуман кузатилмаган.

Устига устак, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаров ҳам ўз вазн тоифаларида Ўйинларнинг камида кумуш медалини нақд қилган биринчи боксчиларга айланишди.

Шундоқ ҳам ўзбекистонлик боксчилар Рио Ёзги Олимпиадасига рекорд сонда - жаъми 11 та йўлланма олишган.

Улар 5 август куни старт олган бу йилги Ўйинларда Ўзбекистонни барча вазн тоифасида намоён этишганди.

Шаҳобиддин Зойиров Ўйинларнинг 14-кунида -52 кг вазн тоифасида финал босқичига чиққан ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлди.

Шаҳобиддин финал жангида венесуэлалик рақиби Йоел Сегундо Финолни мутлақ устунлик билан очколар ҳисобига мағлуб этди.

Бу ютуғи ортидан Шаҳобиддин Зойиров Рио Ёзги Олимпиадасининг финал босқичига йўлланма ололган ўзбекистонлик тўртинчи боксчи бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шаҳобиддиндан бироз ўтиб рингга кўтарилган Фазлиддин Ғойибназаров эса, -64 кг вазн тоифасида бўлиб ўтган ярим финал жангида россиялик боксчи Виталий Дунайцевни мағлуб этди.

Бу ғалабаси ортидан, Фазлиддин Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига чиққан сўнгги - бешинчи ўзбекистонлик боксчига айланди.

Беш нафар финалчидан Ҳасанбой Дўстматов Рио Олимпиадасининг олтин ва Шаҳрам Ғиёсов кумуш медалларини қўлга киритишган.

Учинчи финалчи бўлган Бектемир Мелиқўзиев эса, эртага - 20 август куни Рио Олимпиадаси чемпионлиги учун рингга кўтарилади.

Бектемир Мелиқўзиев кубалик ашаддий рақиби Арлен Лопезга қарши рингга чиқади.

Ўйинларнинг олтин ва кумуш медали соҳибларини аниқлаб берувчи жанг британ вақти билан 19:00, Тошкент вақти билан кечки соат 23:00 да бошланади.

Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик боксчилар шу пайтга қадар қўлга киритган бир олтин, бир кумуш ва иккита бронза медаллари билан қолган иштирокчи давлатлар орасидан Риода энг илғори бўлиб туришибди.

Бугун финалга чиққан ўзбекистонлик икки боксчи ўзларининг финал жангларини 21 август куни ўтказишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дастлаб Шаҳобиддин Зоиров рингга кўтарилади ва финал жангида россиялик боксчи Михаил Алоян билан куч синашади.

Икки рақиб боксчи ўртасидаги Олимпиада чемпионлиги учун кураш британ вақти билан кечки соат 18:15, Тошкент вақти билан 24:15 да бошланади.

Фазлиддин Ғойибназаров эса, -64 кг вазн тоифасида худди ўша куни британ вақти билан кеч соат 19:00, Тошкент вақти билан тунги 01:00 да рингга чиқади.

У Ўйинларнинг олтин медали учун курашини асли кубалик, аммо Ўйинларда Озарбайжонни намоён этаётган боксчи Лоренсо Коллазо Сотомайорга қарши ўтказади.

(Ҳар икки ҳал қилувчи финал жанги натижасини биз билан бирга кузатиб боринг).

Алоҳида таъкидлаш керак, бу йил Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода қўлга киритган ва киритиши аниқ бўлган медалларнинг сони энг кўп айнан бокс спорт тури ҳисобига тўғри келмоқда.

Ўйинларнинг 13-кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги 2 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза медали билан медаллар жадвалида 29-ўринда бормоқда.

Бу медалларни Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига дзюдочилари Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, боксчилари Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам Ғиёсов, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, юнон-рум курашчиси Элмурот Тасмуродов ва оғир атлетикачиси Руслан Нуриддиновлар келтиришган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.