Рио 2016: Ўйинлар Ўзбекистон учун тарихийси бўлди

Ўзбекистон боксчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон Рио Ёзги Олимпиадасини ўзи учун рекорд сондаги - жаъми 13 та медаль билан якунлади.

Ўйинларда қайд этган бу каби натижаси билан қолган барча Марказий Осиё давлатларини ҳам ортда қолдириб кетди.

Ўзбекистон XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида жаъми 70 нафар олимпиячиси билан иштирок этди.

Ўтган икки ҳафта давомида тўртта спортчиси: Ҳасанбой Дўстматов (бокс), Руслан Нуриддинов (оғир атлетика), Шаҳобиддин Зойиров (бокс) ва Фазлиддин Ғойибназаров (бокс) лар Ўйинларнинг олтин медалларини қўлга киритишди.

Оғир атлетикачиси олтин медаль олиш баробарида Олимпиада рекордини ҳам янгилади.

Шаҳрам Ғиёсов (бокс) ва Бектемир Мелиқўзиев (бокс) Рио Ёзги Олимпиадасининг кумуш медалларини олишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо), Ришод Собиров (дзюдо), Элмурот Тасмурод (юнон-рум кураши), Рустам Тўлаганов (бокс), Муроджон Аҳмадалиев (бокс), Ихтиёр Наврўзов (эркин кураш) ва Магомед Ибрагимов (эркин кураш)лар эса, Ўйинларнинг совринли учинчи ўрнига кўтарилишди.

Энг ҳайратланарлиси...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шогирдлари Ихтиёр Наврўзовга бронза медалини ютқазиб қўйиши ортидан, мўғулистонлик эркин курашчи мураббийларининг қилган хатти-ҳаракатлари ҳам Ўйинлар якуний кунида энг кўп эътибор тортган воқеъликлардан бири бўлди.

7:6 ҳисобида олдинда бораётган Мандахнаран Ганзориг эртабурундан ўз ғалабасини байрам қилиб юборди.

Баҳснинг сўнгги 18 сониясида курашишнинг ўрнига, вақтни Ихтиёр Наврўзовнинг атрофида рақс тушиш билан ўтказди.

Гиламдаги бу каби хатти-ҳаракати учун ҳакамлар уни жазолашга қарор қилишди, мураббийлари эса, узоқ куттирмай, дарҳол ҳакамларга ўз норозиликларини изҳор этишди.

Ҳакамлар бунинг ортидан бронза медали билан Ихтиёр Наврўзовни тақдирлашга қарор қилишди.

Ганзоригнинг ғазаби тошган мураббийлари аввалига оёқ кийимларини ечиб, полга улоқтиришди.

Кейин гиламга чиқиб олиб, уст-бошларини ечганча, уларни ҳакамларга қараб ирғитишларига бир баҳя қолди.

Аммо, минг уринишмасин, ҳакамларни ўз қарорларидан ортга қайтара олишмади.

Ўзларини эса, қўриқчилар гиламдан тушириб, четга олиб чиқиб кетишди.

Медаллар жадвали

Ўзбекистонлик боксчилар эса, Риода қўлга киритган медалларининг сони бўйича Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллашди.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритди.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари якунига келиб, Ўзбекистон 206 иштирокчи давлат орасидан ҳисобидаги жаъми 13 та медали билан медаллар жадвалида 21-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Ўйинларда 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Қозоғистонни ҳам бир ўринга ортда қолдириб кетди.

Осиёда эса, Ўзбекистон Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринни эгаллади.

Шу пайтгача Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган жаъми медалларининг сони эса, 33 тага етди.

Бу медалларидан 9 таси олтин, 7 таси кумуш ва яна 17 таси бронза бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳар Ёзги Олимпиада Ўйинларида минтақада илғорликни қўлдан бермасликка ҳаракат қилиб келган Қозоғистон бу йил жаъми 17 та медаль олган бўлса-да, учта олтин медали билан кифояланишга мажбур бўлди.

Туркманистон Рио Ўйинларини бирор бир совринли ўринларсиз якунлади.

Қирғизистон допинг сабаб, ҳисобидаги оғир атлетикачиси келтирган ягона бронза медалидан мосуво этилиш хавфи остида.

Тожикистон эса, Ўйинлар тугашига саноқли кунлар қолган бир пайтда ҳисобидаги ягона олтин медални олишга қодир бўлди.

Шу ютуғи билан ҳам Тожикистон совриндор 78 давлат орасидан 54-ўринни Фижи, Иордания, Косово, Пуэрто-Рика ва Сингапур билан бўлишадиган бўлди.

Рио Ўйинларида уч спортчиси имтиёзли асосда иштирок этган қўшни Афғонистон ҳам сўнгги икки: Пекин ва Лондон Олимпиада Ўйинларидан фарқли тарзда ортга қуруқ қайтди.

Собиқ СССР

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Допинг билан боғлиқ шунча машмашага қарамай, собиқ Шўро давлатлари орасидан Рио Ёзги Олимпиадасида энг яхши натижани Россия қайд этди.

Ўйинларнинг 16 та олтини дохил жаъми 56 та медалини қўлга киритиб, якунида медаллар жадвалида юқори тўртликка киришга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон эса, Ўйинлар охирига келиб, ҳисобидаги медалларнинг сони ва сифати бўйича Рио Олимпиадасида Россия билан бирга энг яхши натижа қайд этган иккита собиқ Шўро давлатидан биттасига айланди.

Қозоғистон бу масалада юқори учликни ёпган учинчи собиқ Шўро давлати бўлса, бу учовлондан кейинги ўринларни Украина, Гуржистон, Озарбайжон, Беларус, Арманистон, Тожикистон, Литва, Эстония ва Молдова эгаллашди.

АҚШ 46 олтини дохил жаъми 121 та медали билан қолган барча совриндор иштирокчи давлатларни ортда қолдириб кетди.

Медаллар жадвалида кутилмаганда 2-ўринни эгаллаган Буюк Британия эса, ҳисобидаги 27 та олтин медали билан Хитойдан ҳам ўзиб кетиб, барчани ҳайратга ҳам солиб улгурди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Рио мисолида бу - Жанубий Америка давлатининг Ёзги Олимпиада Ўйинларига илк бор мезбонлик қилиши бўлди.

Ўйинлар зика вируси, сиёсий беқарорликлар ва оммавий намойишлар билан боғлиқ жиддий хавотирлар манзарасида шу йилнинг 5 августида очилган.

Унда рекорд сондаги - жаъми 206 давлат иштирок этган, 306 та медаллар шодаси ўйналганди.

Икки ҳафта ичида эса, спортчилар томонидан 100 га яқин жаҳон ва Олимпиада рекордлари янгиланди.

Пуэрто-Рико ва Сингапурдан ташқари Фижи ороллари ҳам ўз тарихида илк бор Ёзги Олимпиада Ўйинларининг медали, яна бирваракайига олтинини қўлга киритди.

Сўнгги хайрлашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Риодаги иштирокини якунлашлари ортидан, жаҳон спортининг энг ёрқин икки юлдузи: америкалик сузувчи Майкл Фелпс ва ямайкалик югурувчи Усэйн Болтлар буёғига бас қилишларини расман маълум қилишди.

Ёзги Олимпиада Ўйинларининг энг совриндор чемпиони бўлган Фелпс ҳисобидаги медалларнинг сони 28 тага етган. Шундан 23 таси олтиндир.

Риода эса, америкалик бу номдор сузувчи Ўйинларнинг 5 та олтин ва 1 та кумуш медалини қўлга киритган.

Усэйн Болт эса, кетма-кет уч Ёзги Олимпиада: Пекин, Лондон ва Рио-де-Жанейрода Олимпиада дастурида кўзда тутилган ҳар уч масофа(100, 200 ва 4х100 метрга эстефа)га сузиш бўйича Ўйинларнинг олтин медалларини қўлга киритди.

Мақсадига етаркан, 9 карра Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпиони катта спортдан кетишини эълон қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Баландликка сакраш бўйича икки карра Олимпиада чемпиони, россиялик номдор енгил атлетикачи Елена Исинбаева ҳам Рио Ўйинлари ортидан спортдаги карьерасини якунлашини маълум қилди.

Ўйинларнинг аксарият беллашувлари кечган мезбон Рио-де-Жанейро шаҳри хавфсизлигини таъминлаш учун 100 мингга яқин ҳарбий ташланди.

Бразилия эса, ўз тарихида илк бор футбол бўйича ўзи мезбонлик қилган Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпионига айланди.

21 август куни мезбон Рионинг афсонавий "Маракана" стадионида бўлиб ўтган расмий ёпилиш маросими ортидан, XXXI Ёзги Олимпиада Ўйинлари ҳам ўз поёнига етди.

Токио мезбонлик қилажак 2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларига эса, роппа-роса 1432 кун қолди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio