Ҳасанбой Дўстматов Вэл Баркер Кубоги соҳиби

Ҳасанбой Дўстматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медалини келтириб, Рио Олимпиадаси чемпионига айланган Ҳасанбой Дўстматов бу йилги Ўйинларнинг "Энг яхши боксчиси", деб ҳам топилди.

23 ёшли ўзбекистонлик боксчига Вэл Баркер Кубоги топширилди.

Бу ҳақда Халқаро Бокс Уюшмаси (AIBA) расман хабар берди.

Рио Ёзги Олимпиадасининг бокс бўйича илк олтин медали соҳибига айланган Ҳасанбой Дўстматов бу нуфузли мукофотга лойиқ, деб кўрилган биринчи ўзбекистонлик боксчи ҳам бўлди.

Вэл Баркер Кубоги 1934 йилдан буён Ёзги Олимпиада Ўйинларининг техник жиҳатдан етук, энг зўр боксчисига бериб келинган.

Бу мукофотга номзод Халқаро Бокс Уюшмаси мулозимларининг ўзи томонидан танланган.

Мукофотнинг ўзи эса, 1926-1929 йиллар оралиғида уюшмага президентлик қилган инглиз Вэл Баркернинг номи билан аталган.

Орада бу мукофотга кубалик бокс афсонаси Теофило Стивенсон, украиналик икки карра Олимпиада чемпиони Васил Ломаченко ва икки карра собиқ жаҳон чемпиони, 2012 йилги Лондон Олимпия Ўйинлари ғолиби қозоғистонлик боксчи Серик Сапаевлар ҳам лойиқ кўрилишган.

Ҳасанбой Дўстматов

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

23 ёшли Ҳасанбой Дўстматов ўтган якшанба куни -49 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг финал жангида колумбиялик боксчи Юберхен Мартинез Ривасни мутлақ устунлик билан, очколар ҳисобига мағлуб этган.

Ўз вазн тоифасида Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпионига айланган ва Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медалини келтирганди.

Андижон бокс мактаби вакили бўлган Ҳасанбой Дўстматов Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Ўзбекистон тарихидаги иккинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпионига айланди.

Муҳаммадқодир Абдуллаев 2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали совриндори саналади.

Яъни, ўтган 16 йил бадалида бирор бир ўзбекистонлик боксчига Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига кўтарилиш насиб этмаганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ҳасанбой Дўстматов Рио Ёзги Олимпиадасининг финалига йўлланма олган биринчи ўзбекистонлик боксчи ҳам бўлганди.

Ҳаваскор боксдаги карьерасида Риодагаси Ҳасанбой Дўстматов учун биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлган.

Лекин, бунга қарамай, у барча жангларида рақиблари устидан мутлақ устунлик билан ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.

Чемпионлик сари жангида америкалик, кубалик боксчиларни мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio