Президент Каримов: ‘Мирзиёев зиммасига юклансин’

Ҳасанбой Дўстматов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон президенти XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлашга фармойиш берди ва унинг ижроси назоратини Бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юклади.

Ғолиб спортчиларига пул мукофотлари ваъдаси билан чиққан аксарият Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан фарқли тарзда президент Ислом Каримовнинг фармойиши айнан Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риодан Тошкентга қайтган бир кунда янгради.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида тарихий натижа қайд этиб, 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медали билан кеча душанба - 23 август куни ортга қайтди.

Яъни, ўзи иштирок этган ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистон на-да бунча сондаги олтин ва на-да бунча сондаги кўп медал қўлга киритганди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, олтин медал олган ҳар бир совриндор спортчининг $200.000, кумуш медали олган ҳар бирининг $100.000 ва бронза медали олган ҳар бирининг $75.000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пуллари билан тақдирланишига фармойиш берди.

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш жоиз, бу - Ўзбекистон раҳбарияти 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ваъда қилган мукофот пули миқдоридан икки баробарига кўп маблағдир.

Президент Каримовнинг фармойишидан аён бўлишича, ғолиб олимпиячиларга мукофот пуллари хорижий валюта - АҚШ долларида берилади ва бу жараён солиқ ундирилмасдан амалга оширилади.

"Ушбу мақсадлар учун зарур пул маблағларининг ўз вақтида ажратилишини таъминлаш эса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига юклатилади".

Фармойиш тафсилотларидан маълум бўлишича, якунида унинг бажарилишини назорат қилишга мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев масъул кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

21 август куни расман поёнига етган ХХХИ Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик 4 нафар спортчи:

Ҳасанбой Дўстматов (бокс)

Руслан Нуриддинов (оғир атлетика)

Шаҳобиддин Зоиров (бокс)

Фазлиддин Ғойибназаров (бокс) олтин,

Шаҳрам Ғиёсов (бокс)

Бектемир Мелиқўзиев (бокс) кумуш,

Муроджон Аҳмадалиев (бокс)

Рустам Тўлаганов (бокс)

Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо)

Ришод Собиров (дзюдо)

Элмурот Тасмуродов (юнон-рум кураши)

Ихтиёр Наврўзов (эркин кураш)

Магомед Ибрагимов (эркин кураш) бронза медалларини қўлга киритишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга Рио Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган спортчиларига энг катта пул мукофоти ваъда қилган иккита Марказий Осиё, учта собиқ Шўро давлатидан биттаси бўлади.

Ўзбекистон ҳукумати ваъда қилган бунча миқдордаги пул мукофотига оид хабарлар илк бор Ўйинлар арафасида ўртага чиққан, аммо шу пайтгача расман ўз тасдиғини топмай келаётганди.

Ўзбекистон истисно қолган Марказий Осиё давлатлари ўз олимпиячиларига турли миқдордаги пул мукофотлари ваъдаси билан Ўйинлар арафасида чиқишган.

Аммо Ўзбекистон, Қозоғистондан бошқа минтақа давлатлари ва аксарият собиқ Шўро давлатлари лидерларининг бу хусусдаги ваъдалари ўз миллий пул бирликлари: сом, сомоний, рубль ва манатда янграганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Туркманистон 10 га яқин спортчиси билан иштирок этган Рио Ёзги Олимпиадасини бирор бир совринли ўринларсиз якунлаган.

Допинг машмашаси сабаб, Қирғизистон ҳисобидаги оғир атлетикачиси - штангачиси келтирган ягона бронза медалининг тақдири савол остида қолган.

Тожикистон Рио Ўйинларида бор-йўғи битта олтин медали олишнинг уддасидан чиққан.

Минтақа давлатлари орасидан Рио Ёзги Олимпиадасида энг катта сондаги, яъни 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Қозоғистон эса, 3 та олтин, 5 та кумуш ва 9 та бронза медали олган.

Умумжамоа ҳисобида эса, Марказий Осиё бўйича медаллар жадвалида бу йил энг яхши натижани Ўзбекистон кўрсатган.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 78 совриндор давлат орасидан 21-ўринни эгаллаган, бу борада Қозоғистонни ҳам бир ўринга ортда қолдирган.

XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида эса, жаъми 207 давлат вакиллари совринли ўринлар учун кураш олиб боришганди.

5 август куни старт олган Ўйинлар 21 август куни расман ўз поёнига етганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.