Рио Паралимпияси-2016: Ўзбекистонда яна бир рекорд

Ўзбекистон паралимпиячилари Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Яъни, қолган Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, бу галги Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида Ўзбекистонни рекорд сондаги спортчиси намоён этади.

Ўзбекистонлик 32 нафар паралимпиячи Ўйинларнинг совринли ўринлари учун кураш олиб боришади.

Устига устак, бу каби катта сондаги паралимпиячининг Ёзги Паралимпия Ўйинларида беллашиши минтақа тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.

Агар, мисол тариқасида Марказий Осиё давлатлари орасидан Рио Ёзги Олимпиадасида энг катта сондаги спортчилари билан иштирок этган Қозоғистон олинса, бугун - 7 сентябр куни расман очилажак Паралимпия Ўйинларида уларни бор-йўғи 11 нафар паралимпиячиси намоён этади.

Бу эса, Риода беллашажак Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси аъзоларидан қарийб уч баробарига кам рақамдир.

Аммо, ҳатто шу ҳам, Қозоғистон Паралимпия тарихида кузатилмаган натижа бўлган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон сўнгги Лондон Ёзги Паралимпия Ўйинларида ҳам ўзининг 10 нафар спортчиси билан минтақа давлатлари орасида ўзига хос рекорд ўрнатганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қирғизистондан бирор бир иштирокчи бўлмаган бир манзарада, Туркманистондан икки ва Тожикистондан бор-йўғи бир нафар паралимпиячи Рио Паралимпия Ўйинларининг совринли ўринлари учун кураш олиб боришади.

Шу жумладан, қўшни Афғонистонни ҳам Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида биттагина енгил атлетикачиси - Муҳаммад Наим Дурроний намоён этади.

Устига устак, 32 нафар эканликларидан ташқари, ўзбекистонлик паралимпиячилар Ўйинларга ўз сонларидан деярли икки баробар кўп - жаъми 58 та йўлланма олишга муваффақ бўлишган.

Бу нуқтаи-назардан ҳам Ўзбекистон минтақада ўзига хос рекорд ўрнатган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон қолган Марказий Осиё давлатлари орасидан Ёзги Паралимпия Ўйинларининг медалини қўлга киритган ягона мамлакат бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Allsport

Риодагиси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этаётган учинчиси эканига қарамай, 2012 йилги Лондон Ёзги Паралимпиадасида ўзбекистонлик дзюдочи Шариф Халилов Ўйинларнинг кумуш медалини қўлга киритган.

Бу борада Ўзбекистон 1996 йилдан буён Ёзги Паралимпия Ўйинларида иштирок этиб келаётган Қозоғистон ва Афғонистонни ҳам ортда қолдириб кетган.

Кўп томонлама рекорд ўрнатиши айтилаётган Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида 4000 дан зиёд паралимпиячи 22 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Рио Ёзги Паралимпиадасида жаъми 528 тўплам медаль ўйналади.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар беш спорт тури: дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари 7-18 сентябр кунлари оралиғида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси 30 август куни мезбон Рио-де-Жанейрога жўнаб кетган.

Аммо улар бу гал Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафотидан бир ҳафтача ўтиб, ўзларининг Ўйинлардаги иштирокларини бошлашади.

Президент Каримовнинг вафоти муносабати билан Риодаги Олимпиада ва Паралимпиада шаҳарчасида Ўзбекистон давлат байроғи пастга туширилган.

Халқаро Паралимпия Қўмитаси президенти сэр Филип Крэйвен расман "Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси ва Ўзбекистон аҳлига чуқур таъзияси"ни ҳам изҳор этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.