Шаҳрам Гиясов: ‘Уларнинг ютуғи – бизнинг ютуғимиз’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шаҳрам Гиясов: ‘Уларнинг ютуғи – бизнинг ютуғимиз’

Рио Ёзги Паралимпиадасида тарихий ютуққа эришган ўзбекистонлик боксчилардан бири бўлган Шаҳрам Гиясов паралимпиячиларнинг Бразилияда қайд этган рекорд натижаларига ана шундай баҳо берди.

“Ҳозир натижаларини интернетдан, телевизордан кўриб бораяпмиз. Кўриб, бизлар ҳам жудаям хурсанд бўлдик. Дуоларимизни олиб кетиб...мана шу халқимиз уларни дуо қилиб турибди. Мана шунақа натижаларини кўрсатишганидан бутун Ўзбекистонимиз улардан миннатдор, бутун Ўзбекистон уларга раҳматини айтаяпти. 32 киши бориб, 30 тадан ортиқ медаллар олишди: биринчи, иккинчи, учинчи ўринлар. Биз бундан жудаям хурсандмиз”, - дейди бокс бўйича Рио Ёзги Олимпиадасининг кумуш медали совриндори бўлган Шаҳрам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ўзбекистонлик боксчиларнинг ўзлари эса, Рио Олимпиадасининг 7 та медалини қўлга киритиб, Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллашган.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритганди.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари якунига келиб, Ўзбекистон 206 иштирокчи давлат орасидан ҳисобидаги жаъми 13 та медали билан медаллар жадвалида 21-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Ўйинларда 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Қозоғистонни ҳам бир ўринга ортда қолдириб кетган.

Осиёда эса, Ўзбекистон Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринни эгаллаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рио Ёзги Олимпиадасида ўзининг боксчилик маҳорати билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган бу боксчи Ўйинлар арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида ўзбекистонлик паралимпиячиларга ўзларидан-да кўра яхшироқ натижа кўрсатишларини тилаб қолганди.

“Кетишларидан олдин, “Шаҳрам ака, Фазлиддин ака, Ҳасанбой ака, бизни бир дуо қилиб қўйинг. Бизлар ҳам сизлардек бир рекорд қўйиб, Ўзбекистонимизга, мустақиллик байрамига медаллар олиб келсак”, деб ёнимизга келишганида, уларнинг кўзларидаги шунақа бир қувонч, шунақа бир ишончни кўриб, уларнинг бизлардан кўра яхшироқ натижа кўрсатишларини сезгандим. Биздан-да кўра яхшироқ жаҳон рекордларини ўрнатишларига умид қилгандим ва уларни дуо қилиб қўйгандик”, - дейди Шаҳрам.

Рио Паралимпиадасида эса, ўзбекистонлик паралимпиячи дзюдочилар рекорд натижа қайд этишди.

Улар Ўйинларнинг 3 та олтини дохил жаъми 10 та медалини қўлга киритиб, дзюдо бўйича медаллар жадвалида бу йилги Ёзги Паралимпия Ўйинларининг қолган барча иштирокчи давлатларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллашди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Суҳбатимиз давомида ўзбекистонлик паралимпиячи дзюдочиларнинг Риодаги ўзларининг тарихий ютуқларидан-да кўра яхшироқ натижаларига баҳо бераркан, Шаҳрам Гиясов, “Эй-ййй, бизлар шунақа хурсандмизки...Бизлар бир Ўзбекистонмиз. Бизлар бир жамоамиз. Уларнинг ютуқлари – бизнинг ютуғимиз. Бизнинг ютуғимиз – уларнинг ютуқлари”, - дейди.

Унинг айтишича, ҳозир бутун жамоа бўлиб, ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг ортга қайтишларини кутиб ўтиришибди.

“Худо хоҳласа, уларни ўзимиз кутиб оламиз аэропортда. Тайёргарликлар жуда зўр. Қўлимиздан келганча уларни бақириб кутиб оламиз”, - деркан, суҳбатдошимиз ўзини кулгудан тия олмайди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасининг бугунги расмий ёпилиш маросими ортидан 21 сентябр куни пойтахт Тошкентга қайтишлари кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.