Рио-2016: Шавкат Мирзиёев тақдирлашга қарор қилди

Ҳусниддин Норбеков Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон муваққат президенти Рио Паралимпия Ўйинлари совриндорларини марҳум Ислом Каримов Олимпиада ғолибларини тақдирлаган миқдордаги пул мукофотлари билан мукофотлашга қарор қилди.

Шавкат Мирзиёев кеча сешанба куни имзолаган фармойишга мувофиқ, Рио Паралимпиадаси чемпионларининг ҳар бири $200.000, кумуш медали соҳиблари $100.000 ва бронза медали совриндорлари $75.000 АҚШ долларидан мукофот пуллари оладиган бўлишди.

Ўзбекистон муваққат президенти фармойиши тафсилотларидан маълум бўлишича, бу - бирйўла тўланадиган пул мукофотлари бўлади.

Бундан ташқари, кўзда тутилаётган пул мукофотлари Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан хорижий валюта - АҚШ долларида амалга оширилади.

Банкда жисмоний шахслар учун белгиланган тартибда очиладиган депозит ҳисоб рақамларидан, солиқ ундирилмасдан амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев фармойишига мувофиқ, ушбу мақсадлар учун зарур пул маблағларининг ўз вақтида ажратилишини таъминлаш Ўзбекистон Молия вазирлиги зиммасига юклатилади.

Тошкентдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, паралимпиячилар пул мукофотларидан ташқари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан сотиб олинган "Малибу" русумли енгил автомобиллар билан ҳам тақдирланишади.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрлари хабар берган бўлишса-да, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг расмий веб-саҳифасида бу хусусда маълумот кўзга ташланмайди.

Паралимпиячиларни Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олиш маросимига бағишланган мақолада уларни "ажойиб мукофотлар" кутаётгани айтилади. "Бу ҳақда яқин орада билиб оласиз", дея ваъда қилинади.

Ўзбекистон ва Рио Паралимпиадаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

18 сентябр куни расман поёнига етган XV Рио Ёзги Паралимпиадаси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси учун тарихийси бўлганди.

Ўзбекистонлик 32 нафар паралимпиячи 8 та олтини дохил Ўйинларнинг жаъми 31 та медалини қўлга киритишган.

Рио Паралимпиадаси чоғида 3 та жаҳон ва 3 та Паралимпия Ўйинлари рекордини янгилашганди.

Бундан ташқари, Рио Паралимпиадасида энг яхши натижа қайд этган иккита собиқ Иттифоқ ва Осиё қитъаси давлатидан биттаси бўлишганди.

Умумжамоа ҳисобида эса, медаллар жадвалида 76 совриндор давлат орасидан 16-ўринни эгаллашганди.

Муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг пул мукофотларига оид сўнгги фармойиши эса, Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси пойтахт Тошкентга қайтажак кун арафасида имзоланган.

Бугун тонгда ортга қайтган ўзбекистон паралимпиячилари пойтахт халқаро аэропортида катта тантаналар билан кутиб олинган.

Икки қаватли автобусларда Тошкент кўчалари бўйлаб олиб ўтилиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига етказилишган.

Ўзбекистон ва Рио Олимпиадаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эслатиб ўтиш жоиз, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафотидан 5 кун ўтиб очилган, орада мамлакат Сенатининг қарорига мувофиқ, Бош вазир Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинланганди.

XXXI Рио Ёзги Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган ўзбекистонлик олимпиячиларни пул ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга оид фармойишлари эса, президент Ислом Каримов кутилмаган вафоти ортидан имзолаган энг сўнгги ҳужжатлардан иккитаси бўлганди.

Президент Каримов ўзининг пул мукофотларига оид фармойишини Ўзбекистон Олимпиада терма жамоаси Тошкентга қайтган 23 август куни имзолаган, ижросини назорат этишни эса, ўша пайтда фақат мамлакат Бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёев зиммасига юклаганди.

Марҳум президент фармойишида ҳам бу пул мукофотларининг бирйўла тўланадиган бўлиши, хорижий валюта- АҚШ долларида тўланиши ва тўловларнинг солиқ олинмасдан амалга оширилиши таъкидланган.

Ислом Каримов номидан экани айтилган пул сертификатларининг ўзи эса, марҳум президент "стационар даволаниш"да экани чоғида олимпиячиларга пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган тантанали маросим чоғида топширилганди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2 сентябр куни 78 ёшида "миясига қон қуйилиши" ташхиси билан вафот этгани расман хабар қилинганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.