Шавкат Мирзиёевнинг икки кунда иккинчи фармони

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон муваққат президенти XV Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бири гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлашга фармойиш берган.

Бу - Ўзбекистон Бош вазири ҳам бўлган Шавкат Мирзиёевнинг паралимпиячиларни тақдирлаш билан боғлиқ ўтган икки кун ичида имзолаган иккинчи фармони бўлган.

Шу ҳафта чоршанба куни жаноб Мирзиёев уларни марҳум президент Ислом Каримов Риода тарихий натижа қайд этган олимпиадачиларни тақдирлаган миқдорда пул мукофотлари билан мукофотлашга қарор қилган.

Ўзбекистонлик XV Рио Ёзги Паралимпиада чемпионларини 200 минг, кумуш медали соҳибларини 100 минг ва бронза медали совриндорларини 75 минг АҚШ доллари билан тақдирлашга фармойиш берганди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси Риода рекорд натижа қайд этган, жаъми 32 нафар спортчиси 8 та олтини дохил Ўйинларнинг 31 та медалини қўлга киритганди.

Ғолиб паралимпиячиларни тақдирлашга бағишланган тантанали расмий маросим кеча пайшанба куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган, тадбир чоғида уларнинг ҳар бирига Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги махсус жамғарма томонидан "Малибу" русумидаги енгил автомобиллар калитлари топширилгани ҳам маълум бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси

Шавкат Мирзиёев бу хусусдаги фармонини 20 сентябр куни - Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси Тошкетга қайтажак кун арафасида имзолаганди.

Ўзбекистон муваққат президентининг пайшанба кунги янги фармойиши тафсилотларидан маълум бўлишича эса, Рио Паралимпиадасининг 8 нафар олтин медали соҳиби ва рекордчилари "Ўзбекистон Ифтихори" фахрий унвони билан тақдирланишган.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасининг сузиш, дзюдо ва енгил атлетика бўйича ўнга яқин мураббийси "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози", мақомини олишган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик паралимпиячилар Риода худди шу спорт турлари бўйича Ўйинларнинг совринли ўринларига кўтарилиш, жаҳон ва Ёзги Паралимпиада рекордини янгилашга муваффақ бўлишганди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасининг қолган аъзолари ва мураббийлари эса, "Дўстлик" ордени, "Жасорат" ва "Шуҳрат" медаллари билан тақдирланишган.

Дзюдо, енгил атлетика ва сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт нафари аъзосига "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвонлари ҳам берилган.

Ўз ўрнида, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмановни ҳам тақдирлашга қарор қилган.

Ўзбекистон муваққат президенти жаноб Усмановга "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси", фахрий унвонини берган.

Бу нишон "ёшларга касб маҳоратини ўргатишда, меҳнатга ҳалол ва виждонан муносабатни, юксак ватанпарварлик ва ахлоқий фазилатларни тарибиялашда алоҳида хизмат кўрсатган халқ хўжалиги ходимлари ва мутахассисларига берилади".

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ҳам Рио Олимпиадаси совриндорлари ва улар мураббийларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлашга фармойиш берган, аммо уларнинг орасида Миллий Олимпия қўмитасининг президенти исм-шарифи йўқ эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ҳам Олимпия ва ҳам Паралимпия терма жамоасининг сўнгги Ёзги Ўйинлардаги тарихий ютуқлари Мираброр Усмановнинг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига президентлиги даврига тўғри келади.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг президенти, сенатор Мираброр Усманов мамлакат Миллий Олимпия қўмитасининг 2012 йил 29 декабр куни бўлиб ўтган мажлиси ортидан бу лавозимга тайин этилган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўшанда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси Бош ассамблеяси мажлисида Бош вазир Шавкат Мирзиёев иштирок этганлиги ҳақида хабар беришганди.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси раҳбариятининг ўзгартирилиши 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбек спортчиларининг иштироки билан боғлиқ бўлган, ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов Лондон Олимпиадаси натижаларидан қониқмаган.

Лондон Олимпиадаси ўзбек спортчилари учун гимнастикачи Луиза Галиулинанинг допинг текширувидан ўтолмагани нохуш хабари билан бошланган.

Олимпиададан уч ой ўтиб эса, айнан допинг можароси сабаб, ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиевнинг ҳам бронза медалини олиб қўйишга қарор қилинганди.

Шундан сўнг ўзбекистонлик спортчиларнинг ХХХ Лондон Олимпиадасидаги ютуқлари 1 олтин ва 2 бронза медаллари бўлганди.

Унгача Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасининг президенти лавозимини Малик Бобоев эгаллаб келган.

Аммо Рио

Бироқ Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган сўнгги Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбек спортчилари тарихий натижаларга эришдилар.

Ўзбекистон шу йилнинг август ойида бўлиб ўтган Ўйинларда жаъми 13 та медал билан дунё давлатлари ўртасида 21-ўринни эгаллади.

Штанга кўтаришда эса, жаҳон рекорди ўрнатилди. Ўзбек бокси, Рио Олимпиадаси ортидан дунёда биринчи бўлди.

Лекин мамлакатнинг энг улкан натижа бу шаксиз - Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлди.

Қарийб ҳар бир паралимпиячига биттадан медал тўғри келди. Қатор жаҳон ва Паралимпиада рекордлари янгиланди.

Айни Ўйинларда ўзбекиистонлик паралимпиячи дзюдочилар бу спорт турида жаҳонда етакчиликка эришишди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.