Маъруфжон ака: ‘Кечаги кайфиятни қўяверинг энди...’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Маъруфжон ака: ‘Кечаги кайфиятни қўяверинг энди...’

Отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоев Андижондан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Рио Олимпиадаси чемпиони бўлган ўғли Ҳасанбой Дўсматовнинг AIBA таснифида жаҳонда “Йилнинг энг кучли боксчиси”, деб топилгани хабарига худди ана шундай муносабат билдирди.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Бу йилги танлов ғолибларини тақдирлаш маросими кеча – сешанба куни кечқурун Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган ва бу совринни Ҳасанбой Дўсматовнинг шахсан ўзи қабул қилиб олганди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзининг сўнгги ютуғи ортидан, Ҳасанбой Дўсматов ҳаваскор боксда бу каби шарафга нойил, деб топилган биринчи ўзбек боксчисига айланди.

Маъруфжон аканинг айтишича, Лозаннадаги тақдирлаш маросими тугаши билан Ҳасанбой билан интернет орқали мулоқот қилишга муваффақ бўлишган.

“Саломимизни йўлладик. Табрикладик. У ҳам бизни табриклади. Роса хурсанд бўлди ўзиям. Ўзимиз ҳам роса хурсанд...”, - дейди Маъруфжон ака.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

“...Маҳалламиз, қишлоғимиз, бутун Андижон шаҳри, Ўзбекистон...ҳамма хурсанд, ҳамма табриклаяпти. Шунақа шараф ҳаммага ҳам насиб қилсин. Ўғлимнинг омадини берсин, дейман”, - дея сўзларида давом этади у киши.

Лозаннадагиси бор-йўғи 23 ёшда бўлган Ҳасанбой Дўсматов учун жорий йил ҳисобидан қўлга киритган учинчи нуфузли халқаро мукофот бўлди.

Отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоевнинг айтишича, шунда ҳам, ўғлининг AIBA танловидаги бу ғалабаси шахсан ўзи учун кутилмаган бўлган.

“Буёғи Ҳасанбойни ўзининг ҳаракатлари, давлатимизнинг берган эътибори, Ўзбекистон байроғини кўтарганлиги...мана, яна ҳозир шу мукофотни олаяпти, биз бундан хурсандмиз”, - дейди Маъруфжон ака.

Суҳбатимиз сўнггида эса, “мен, ҳатто, тасаввур ҳам қила олмайман уларни қанақа қилиб кутиб олишни", - дея чексиз қувонч ва ҳайратларини яшира олмайди у киши.

“Карнай-сурнайлар билан, эсда қоларли қилиб, гуллар, маросимлар билан...яна туманимизнинг ўзи алоҳида кутиб олмоқчи бўлаяпти...”,- дейди Маъруфжон ака.

Рио Олимпиадаси чемпиони, уч нуфузли халқаро мукофот соҳиби Ҳасанбой Дўсматов отасининг айтишича, ўғлини рафиқаси билан бирга, тўн, чорсию дўппилар билан Тошкент халқаро аэропортида шахсан қарши олишмоқчи.

Ҳасанбой Дўсматов Маъруфжон аканинг уч ўғил фарзанди орасидан тўнғичи бўлади.

У кишининг айтишича, қолган икки фарзандининг ҳам боксга бўлган қизиқиши бирдек.

Ўзбекистон Бокс Федерациясидан расман билдиришларича, AIBA таснифида жаҳонда “Йилнинг энг кучли боксчиси” Ҳасанбой Дўсматовнинг Тошкент вақти билан бугун тунда Швейцариядан ортга қайтиши кутилмоқда.

Хабарларда Швейцарияга сафари чоғида Ҳасанбой Дўсматовга Ўзбекистон Бокс Федерацияси, Осиё Бокс Конфедерацияси вице-президенти Шерзод Тошматов ҳамроҳлик қилаётгани айтилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.