Ўзбекистон термасини жаҳон чемпионатига чиққан мураббий бошқаради

МТЖ Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарадиган хорижлик мураббий собиқ жамоаси билан Жаҳон чемпионати финалига чиққан. Бу ҳақда федерация президенти Умиджон Аҳмаджонов маълум қилди.

Терма жамоани бошқарадиган мураббий номи январ ойида маълум қилиниши айтилди. Ҳозирча музокара олиб борилаётган мураббийларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистонга аниқ жавоб бермаган.

Бироқ ЎФФнинг янги Президенти собиқ терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиққан мураббий Ўзбекистон жамоасини бошқаришини ишонч билан айтмоқда.

"Ҳозирда бир неча мураббийлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Олдинроқ, миллий терма жамоа учун бош мураббийликка кимлар билан музокараларга киришганимизни маълум қилгандик. Бироқ ҳозирча ҳеч кимдан аниқ жавоб ололмадик. Январь ойининг бошида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийини эълон қиламиз. У собиқ термасида жаҳон чемпионати миссиясини уддалаган бўлади. Унинг келиши барчани хурсанд қилади", - дея Умиджон Аҳмаджонов сўзларидан иқтибос келтирган sports.uz сайти.

ЎФФ Президенти Эрон ва Марокаш терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиниши маълум қилган.

12 йил Ўзбекистон Футбол федерациясини бошқарган Мираброр Усмонов ўрнига сайланган Умиджон Аҳмаджонов терма жамоага хориждан мутахассис олиб келишни маълум қилган эди.

Терма жамоани БАА билан ўртоқлик учрашувига "Насаф" мураббийи Рўзиқул Бердиев бошлаб тушди.

14 ноябр куни ўтказилган ўйинда Ўзбекистон 0-1 ҳисобида мағлуб бўлди.

2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати финалига чиқолмаганидан сўнг Самвел Бабаян терма жамоа мураббийлигидан бўшатилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002