ЖЧ-2018: Месси билан учрашиш учун Россияга велосипедда борган ҳиндистонлик

Clifin Francis riding his bike Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis

Клифин Френсисдан дўсти Жаҳон Чемпионатига борасанми, деб сўраганида у Ҳиндистон жанубидаги уйида ўтирган эди.

«Албатта,» жавоб берди у. «Шундай катта томошага бормай бўладими?»

Икки дўст ўртасидаги бу суҳбат ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтади. Бироқ Клифин йўл харажатларига қурбим етармикан, деб ўйлаб қолади. У мустақил математика ўқитувчиси ва кунига ўртача $40 топади.

«Мен Россияга чипта сотиб олиш ва у ерда бир ой яшаш учун қурбим етмаслигини англадим. Кейин ўзимдан сўрадим - энг арзон ҳаракат воситаси нима? Ҳаёлимга келган илк жавоб велосипед бўлди.»

Бу ғоянинг амалга ошишига унинг дўстлари ишонмади, лекин Клифин бир қарорга келиб бўлганди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Футбол гаштак: Россия чемпионатга тайёрми?

23 февраль куни унинг улкан саёҳати бошланди. Аввалига учоқ билан Дубайга борган Клифин паромда Эрон томон сузиб ўтди. Бу ердан Россия пойтахтига қадар яна 4,200 километрдан зиёд йўл босиш зарур эди. Табиийки, унинг навбатдаги улови велосипед бўлди.

Саёҳатчимиз бундай машаққатли йўл учун ўзини тақдирлашнинг ажойиб йўлини топган эди - ўз таъбири билан айтганда, дунёнинг энг зўр футболчиси Лионел Месси билан кўришиш!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis

«Велосипед минишни севаман ва ашаддий футбол ишқибозиман. Мен шунчаки ҳар иккала севимли машғулотимни бирлаштириб қўя қолдим,» дейди жаноб Френсис Би-би-сига.

У Покистон орқали ўтиб, бутун йўлни велосипедда босиб ўтмоқчи эди. Аммо икки давлат ўртасидаги мавжуд зиддиятлар туфайли бу фикридан қайтишга мажбур бўлди.

'Футбол ва филмлар'

"Режаларимдаги бу ўзгариш менга қимматга тушди. Дубайга велосипедимни олиб боролмасдим. У ердан $700 га янгисини сотиб олишимга тўғри келди. Бу дунёдаги велосипед орқали амалга оширилган энг зўр саёҳат ҳам эмасди. Ҳаммасини қурбим етганча амалга оширишга ҳаракат қилдим," ҳикоя қилади Клифин.

Бироқ у 11 март куни Эроннинг Бандар Аббос бандаргоҳига кириб келганидан сўнг барча кўнгилсизликларни унутиб юборди.

«Эрон мен кўрган давлатлар ичида энг чиройлиси, одамлари эса жуда меҳмондўст экан. Менинг 45 куним бу мамлакатда ўтди. Аммо атиги икки кун меҳмонхонада яшадим, холос.»

Клифин кунига атиги $10 сарфлашга имкони етарди, холос. Бироқ эронликлар уни деярли ҳар куни меҳмон қилиб, ноз-неъматлар билан сийлайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis
Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis

«Эрон тўғрисидаги қарашларим буткул ўзгариб кетди. Мен мамлакатнинг жойлашувига қараб у ҳақида бирор хулоса чиқаришга шошилмаслик лозимлигини англаб етдим,» дейди у.

Клифин ҳали ҳам мамлакатнинг гўзал табиатини яққол хотирлайди.

«Табиат гўзаллигидан велосипед минишнинг чарчоғи ҳам билинмади. Бир кун келиб, албатта, Эронга яна бораман.»

"Эронликлар Россияга борганингда бизнинг жамоа учун мухлислик қиласан, деб мендан ваъда олишди. Улар Болливудни ҳам севар экан. Шунинг шарофати сабабли кўп жойларда одамлар билан тез тил топишиб кетдик," сўзлайди Клифин.

«Футбол ва кино дунёни бирлаштиради деганлари рост экан.»

'Саёҳат давомида озиб кетдим'

Клифиннинг навбатдаги бекати Озарбайжон бўлди. Бу ерда чегара хизмати билан англашилмовчилик юзага келади - хизмат ходимлари унинг ҳужжатларидаги суратини танишмайди.

«Тинимсиз велосипед минганимдан жуда озиб кетган эдим,» кулади Клифин.

«Паспортимдаги суратимга умуман ўхшамай қолгандим. Чегарачилар суратдаги мен эканлигимни аниқлаш учун саккиз соат вақт сарфлашди, лекин уларнинг муомаласи жуда мулойим эди.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis

Клифин Озарбайжон меҳмонхоналарида туришдан иқтисод қилишга мажбур эди. У, асосан, истироҳат боғларида чодир тикиб, тунларни ўтказади.

«У ернинг одамлари ҳам ажойиб, лекин озарбайжонликлар бегона билан чиқишиб кетишига бироз вақт керак экан. Бокуда яшайдиган ҳиндлар билан танишиб қолдим, улар билан бироз яшадим.»

Аросатда қолган сайёҳ

Клифин Грузияга етганда уни мамлакатга қўйишмайди. Москвага қадар йўлнинг яна ярми қолган эди.

«Барча ҳужжатларим жойида эди, лекин нима учун Грузияга киритишмаганини ҳали ҳам тушуна олмайман. Жуда мураккаб вазиятга тушиб қолгандим, чунки Озарбайжонга фақат бир марталик кириш визаси олгандим. Энди ортга қайтишга имконим йўқ, аросатда қолиб кетгандим,» ҳикоя қилади у.

Клифин бир кун давомида Озарбайжон ва Грузия ўртасида қолиб кетади. Унинг бахтига Озарбайжонга қайта кириш учун фавқулодда виза беришади.

«Энди Россияга бориш учун бошқа йўл топишим зарур эди. Шунда кимдир Россиянинг ҳудуди бўлмиш Доғистон Озарбайжон билан чегарадош, деб қолди.»

«Мен Доғистонни унчалик хавфсиз жой эмас, деб ҳисоблашларини билмасдан йўлга отландим. Ортга йўл йўқ эди ва 5 июнь куни Доғистонга кириб бордим,»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis

«Доғистонликлар инглиз тилини яхши билмас экан, тил муаммоси мени роса қийнади,» қўшимча қилади Клифин.

«Велосипедда кириб келган ҳиндистонликни кўрган маҳаллий халқ ҳайратда қолган эди. Яна бир бор футбол ва кино ёрдамида одамлар кўнглига йўл топдим.»

Клифин ҳозирда Москвадан 460 километр узоқликдаги Тамбовда турибди. У Россия пойтахтига 26 июнь - Франция-Дания матчига қадар етиб бориши зарур.

«Фақат шу ўйингагина чипта сотиб олганман.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Шундай бўлсада, мен барибир Аргентинани қўллаб-қувватлайман, севимли Мессига таъзим қиламан. У билан кўришиб, велосипедимга дастхат қўйдириш энг катта орзуйим."

Клифин унинг саёҳати одамларда футбол ва фитнесга бўлган қизиқишни янада орттиришидан умид қилади.

«Бир кун келиб Ҳиндистоннинг ҳам Жаҳон Чемпионатидаги ўйинини кўришни истайман. Аммо бу ҳиндистонлик болалар футболга бўлган муҳаббатини янада кучайтирганидагина амалга ошиши мумкин. Кейинги 20 йил ичида бизда шундай имконият бўлишига ишонаман,» дейди орзуларга тўлган саёҳатчи.

«Яна бир орзуйим бор: менинг ҳикоямни ўқиган одамларда велосипедга қизиқиш янада кучайсин.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Clifin Francis

"Велосипед миниш ҳаётнинг оддий заруриятлари томон йўл очади. Кунбўйи велосипед миниб, чарчагандан сўнг душ қабул қилиш ва ёқимли овқат тановул қилишга нима етсин."

«Агар менинг саргузаштларим Ҳиндистондаги ҳеч бўлмаганда бир болани футбол ўйнашга илҳомлантирса, мендан бахтли одам бўлмасди.»

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek