Ўзбекистон,Тошкент: “Чегарадан чиққан сайт” аккредитациядан маҳрум қилинди

ПФЛ Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мамлакатда етакчи футбол нашрларидан бўлмиш championat.asiaнинг аккредитациясини бекор қилди. ПФЛ сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, нашр чегарадан чиққан. Журналистлар ПФЛ ҳақида салбий хабарларни тарқатмаслиги кераклиги таъкидланган.

ПФЛ матбуот хизмати бошлиғи Шерзод Ражабов имзоси билан championat.asia га юборилган мактубда сайт айнан қайси хабарлари учун аккредитациядан маҳрум қилингани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Сайт таҳририятига юборилган мактубга нима сабабдан матбуот котиби имзо чеккани ҳам номаълум.

"Бутун ўзбек футболи жамоатчилги бирлашиб, миллий футболимизни кўтаришга уринаётган пайтда чемпионат ўйинларини ёритиб келаётган нашрлардан бири - championat.asia сайти айрим ноҳақликларга йўл қўйиб, жамоатчиликнинг фикрини салбий томонга оғишига сабаб бўлмоқда", дейилади ПФЛ сайтида чиққан баёнотда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи championat.asia
Image caption ПФЛга юборилган мактубга нима сабабдан матбуот котиби имзо чекканлиги номаълум

Унда айтилишича, ушбу сайт мақолаларида ЎзПФЛ, унинг ходимлари ва ўтказилаётган тадбирлар иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари, қарашлари ва касбий обрўсини беҳурмат қилаётгани кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда.

Баёнотда гап қайси мақола ва кимнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилгани ҳақида аниқ фактлар келтирилмаган. Шунингдек, дили хира бўлган кўпчилик ҳам номаълум.

"Ушбу нашр вакиллари чегарадан чиқишда давом этаверганликлари сабаб ЎзПФЛ мазкур сайт ходимларининг Ўзбекистон чемпионати ва кубогини бевосита воқеа жойидан ёритиб бориш имконини берадиган аккредитацияларини бекор қилишга қарор қилди"

ПФЛ ўз томонидан ўтказиладиган ОАВ аккредитация бериш тартибини ва ҳужжатни олган журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини эълон қилган.

Улардан бирида негатив характерга эга маълумотларни тарқатмаслик ва ЎзПФЛ, ЎзПФЛ вакиллари ва Тадбир иштирокчиларини асоссиз ва исботсиз танқид қилмаслик мажбурияти кўрсатиб ўтилган.

Салбий маълумотларни тарқатмаслик талаби Ўзбекистон ҳукумати ўз зиммасига олган халқаро конвенциялар ва Ўзбекистоннинг ОАВ тўғрисидаги қонунларига зид эканлиги айтилмоқда.

Сhampionat.asia сайти бош муҳаррири сайт ПФЛнинг ушбу қароридан норози эканлигини ва нашр юристи қонуний асосда масалани ҳал қилиш учун иш бошлаганини билдирди.

"Биз мухлислар учун ишлашда давом этамиз. ПФЛ ўйинларини стадиондан бевосита суратлар билан ёритадиган ягона сайт эдик. Ўйиндан сўнг ташкил қилинадиган ҳар матбуот анжуманида журналистларимиз иштирок этиб, саволлар берар эди. Энди бизни стадионга журналист сифатида киритишмаяпти. Матбуот анжуманига ҳам қўйилмаймиз. Аммо мухлис сифатида стадионга кириб, ўйин ҳақида хабар беришимиз мумкин", дейди Нарзулла Сайдуллаев.

Сhampionat.asiaда ёзилган расмий хабарда айтилишича, Сепурлигада иштирок этаётган айрим клублар ПФЛ қарорини четлаб ўтиб, журналистларга шароит яратиб беришга ваъда беришган.

"Суперлиганинг бир қатор клублари "Championat.asia" сайти улар ҳақида ёзиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини маълум қилиб, бизга ўз ўйинлари пайтида керакли шароитларни яратиб беришни ва "VIP" тоифадаги чипталарни тақдим этишларини билдиришди", дейилади унда.

Би-би-си Профессионал футбол лигасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Бироқ ПФЛ бош директори Омон Ғофуров ва мактубга имзо чеккан Шерзод Ражабов билан боғланишнинг имкони бўлмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek