Осиё Кубоги-2019: Яман терма жамоаси футбол дунёсидаги энг оғир вазифани бажармоқдами?

Яман миллий терма жамоаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уруш ҳолатида бўлган Яман миллий терма жамоаси илк бор Осиё Кубоги финал босқичига қадар етиб келишга муваффақ бўлди. Қонли тўқнашувлар ва очлик ҳукмрон Араб яриморолидаги бу мамлакат учун мазкур ғалаба зулматда йилтиллаган нурдек гавдаланмоқда.

Бугунги мақоламиз бирор футболчининг шонли фаолияти тўғрисида эмас. Яманлик спортчиларга у қадар омад кулиб боқмаган: баъзилари террористлар томонидан ўғирлаб кетилган, бошқалари жангларга қўшилган, яна кимдир урушда ҳалок бўлган.

Мамлакат терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ўтаётган кубок учун тайёргарликни бошлагандан бери ушбу чемпионат урушдан толиққан миллатга кичик бўлсада, хаёлни чалғитиш имконияти сифатида хизмат қилмоқда.

7 январь куни Яман футболчилари Абу Дабида минтақадаги энг қудратли жамоага қарши майдонга тушди. Гарчи ўйин яманликлар учун йирик ҳисобдаги мағлубият билан тугаган бўлса ҳам, уларнинг рақибига айланган Эрон терма жамоаси Фифа рейтингида 29-ўринни эгаллайди, Яман эса атиги 135-ўринни.

Аммо яманликларда финалга етиб олиш учун ҳали яхши имконият мавжуд. 12 январь куни уларга қарши тўп сурадиган Ироқ терма жамоаси сўнгги вақтларда у қадар яхши ўйин кўрсатмаётир.

БМТ: Яман дунёнинг энг йирик очарчилик кулфатига дучор бўлмоқда

БМТ Бош котиби: ҳар 10 дақиқада яманлик бола нобуд бўлмоқда

Осиё Кубоги: Австралияда ишқибозликни кўринг

Иккига бўлинган мамлакат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Яманда парокандалик бошлангандан буён футбол инфратузилмаси деярли парчаланиб кетган. Клублар тарқаган, стадионлар вайронага айланган.

Президент Абдраббу Мансур Ҳадининг халқаро тан олинган ҳукумати ва Ҳузи исёнчилари ўртасидаги ихтилоф кескин кучайиши ортидан ўн минглаб яманликлар тўқнашувлар, очлик ва касаллик туфайли ҳалок бўлган.

Ҳозирда Яман узра қора булутлар янада қуюқлашмоқда: тахминларга кўра, беш ёшдан кичик 85 минг нафар гўдак тўйиб овқатланмасликдан ҳалок бўлган, яна 14 миллион одам очлик хавфи билан юзма-юз турибди.

Уруш натижасида мамлакат иккига бўлиниб кетган. АҚШ ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари президент Ҳадини қўллаш важи билан Яманда ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган Саудия Арабистони амалларини кескин қоралаб чиққан.

Эрон эса мамлакатнинг шимолий-ғарбидаги тоғли ҳудудларда ҳаракатланаётган Ҳузи исёнчиларини дастаклаб келади. Ҳудудда жойлашиб олган ал-Қоида ва унинг фирқалари вазиятни янада қоронғилаштиради, холос.

Уйлари бомбалар ёмғири остида харобага айланган, ўзи эса очликдан қийналаётганига қарамай, яманликлар, спорт журналисти Башир Сенанга кўра, футболчилар ғалабасига некбинлик билан кўз тикмоқда.

Яман футболчилари ҳам бор диққатни ўйинга қаратишга уринмоқда, аммо бу у қадар осон иш эмас. Кимдир бошқа давлатлар клубларидан жой топишга муваффақ бўлган, аммо уйда қолган футболчилар учун халқаро ўйинлар профессионал фаолиятни давом эттириш йўлида ягона нажотга айланган.

Жуда кам қолган клублар маҳаллий мусобақаларни ташкиллашнинг уддасидан чиққан тақдирда ҳам, уруш доим режаларга панд беради. Ижтимоий тармоқларга юкланган бир видеода маҳаллий учрашув чоғида майдон тепасидан учиб ўтаётган ракеталар ва уларга беписанд тикилиб турган томошабинларни кўриш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Янги мураббий

Янги мураббий Ян Коциан олдида ўз жамоасини йирик халқаро мусобақа ичра ғалабага етаклашдек оғир вазифаси турибди.

Яман терма жамоаси таркибида тўп сураётган футболчиларнинг аксарияти омон қолиш учун қўшимча ишлашга мажбур: кимдир такси ҳайдовчиси бўлса, бошқа бирови супермаркетларда меҳнат қилади. Ҳатто айрим халқаро эътиборга тушган яманлик футболчилар жангларга қўшилиб, ҳалок бўлган.

Коциан жамоасининг яна бир аъзоси бутун вақтини футболга сарфлаётган бўлсада, яхши ҳаёт кечириш учун етарлича маблағ топа олмаётганини айтади.

Аксар футболчилар Яман Футбол Ассосиациясини ташкилотчиликни эплай олмасликда айблайди. Бироқ ФАнинг ўзи ҳам бир неча қисмга бўлиниб кетган уруш олови ичидаги мамлакатда фаолият юритишга қийналади.

Танқидчилар мусобақа учун тайёргарликлар олиб борилиши кўзланган жамлоқлар ноябрь ойига қадар ишга туширилиши лозим эди, дейди. Бироқ молиявий таъминотнинг етишмаслиги ва издан чиққан нақлиёт тизими бунга йўл бермаган. Ҳаво йўллари тўсиб қўйилгани сабабли футболчилар, ҳатто, қорамол ташиладиган кемаларда мамлакатдан чиқишга мажбур бўлмоқда.

Ўйинчилардан бири экстремистлар томонидан ўғирлаб кетилиб, саралаш босқичи чоғида қўйиб юборилган.

«Мамлакатнинг энг хавфли ҳудуди ичида уйдан 48 соат йўл узоқликда бир ўзимни ташлаб кетишди,» дейди шахсини сир сақлашни истаган футболчи.

Осиё Кубоги яқинлашиб келиши билан сиёсатчилар ҳам Яман терма жамоасининг тайёргарлик режаларига раҳна солишга уринган. Декабрь ойининг бошида Саудия Арабистони Қатардаги машғулот жамлоғига келаётган жамоанинг йўлини тўсиб қўйган. Оқибатда яманлик футболчиларнинг шошилинчда Малайзияга жўнаб кетишдан бошқа чораси қолмаган.

«Атиги учта учрашув»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Яман шонли футбол тарихига эга эмас. Охирги ўн йилликлар ичида футболчилар учун ғазабнок мухлислар чангалидан қутилиб қолишнинг ўзи катта ғалаба бўлиб келган.

Терма жамоа Араб Кўрфази Кубогида 27 марта иштирок этганига қарамай, бирор марта сезиларли натижани қўлга киритмаган.

Аммо Осиё Кубоги-2019 Яман футболига жуда камёб ғалабаларни келтирмоқда.

Мусобақанинг саралаш босқичи яманлик футбол мухлислари учун жуда ҳаяжонли кечди.

Бироқ босқич давомида терма жамоани бошқарган эфиопиялик мураббий Абраҳам Мебрату молиявий таъминотнинг етарли эмаслигидан шикоят қилиб, Яманни тарк этди.

Саралаш босқичидан сўнг Яманнинг ўйинчилар етишмайдиган терма жамоаси 2018-йил давомида атиги учта ўртоқлик учрашувини ўтказа олди, холос.

«2018 йилда бор-йўғи учта юқори даражали учрашувда тўп сурдим,» дейди жамоанинг 29 ёшли аъзоси Фуад ал-Омейси. Унинг Ал Аҳли Сана клуби Яманда қолган оз сонли клублардан биридир.

Лекин футболчи «йўл ҳақи етарли тўланмагани»дан машғулотларга мунтазам кела олмаслигини айтиб, нолийди.

Жамоанинг яна бир аъзоси машғулотларга автобусда 10 соат йўл босиб, келишдан қийналишини маълум қилади. Унинг кунлик маоши $6 га тенг.

Уруш туфайли юзага келган ҳиссий ва руҳий тушкунлик фақатгина олдинга интилишга ундайди, қўшимча қилади ал-Омейси.

Футбол оламидаги энг қийин вазифа?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Асли словакиялик мураббий Ян Коциан сиёсий бошбошдоқликнинг футболга қандай таъсир кўрсатишидан яхши хабардор.

У футболчи сифатида сўнгги ғалабасини Чехославакия бўлиниб кетишидан бир неча ой аввал қўлга киритган. Бироқ жаноб Коцианнинг ватани юзлашган сиёсий парокандаликни Яманда кечаётган қонли воқелик билан сира солиштириб бўлмайди.

Янги мураббий Яман ФА томонидан танланган футболчиларни тайёрлантириш учун ўтган йилнинг ноябрь ойида Саудия Арабистонига етиб келган. Ғайратли Коциан дунёдаги энг қийин мураббийлик вазифасини уддалай олди, демоқда кузатувчилар.

"Мавжуд сиёсий вазият миллий терма жамоани тайёрлантириш йўлида қатор ўнғайсизликларни келтириб чиқариши бор гап," тан олади у. «Бир нарсани айтиб ўтишим керак - мен Яманга бормайман, бу шартномада ёзилган. Аммо ушбу жамоани бошқараётганимдан фахрланаман.»

Жаноб Коциан ўйинчиларининг қатъиятли ва бор эътиборини олдинга қўйилган мақсадга қаратгани, диққатни чалғитмаслик учун улар билан Яманда юз бераётган ҳодисаларни муҳокама қилмасликка ҳаракат қилиши ҳақида гапиради.

Бироқ бу, фахрий дарвозабон Муҳаммад Аяшнинг сўзларига кўра, футболчиларнинг уйда давом этаётган вайронагарчиликни ёддан чиқарганини англатмайди. Жамоа урушнинг ногаҳон асирига айланган ватандошларининг бир зум бўлсада, атрофда юз бераётган даҳшатларни унутиши йўлида тер тўкмоқда.

«Бу мусобақа одамларга бироз ҳордиқ ва хотиржамлик улашишнинг бир йўлидир. Яманликлар оиласини очликдан сақлаб қолиш учун интилмоқда, аммо ўйинлар давомида улар кафеларни тўлдираётганини кўриш мумкин,» дейди спорт журналисти Омар ал-Масри.

Яманлик футболчиларнинг ўзи учун Осиё Кубоги, том маънода, мамлакатдан қочиб чиқиш имкониятини бериши мумкин.

«Ўйинчиларнинг орзуси - хорижда профессионал шартномага эришиш,» изоҳлайди мураббий Коциан.

«Биз бу мусобақада имкониятимиз кам эканлигини яхши биламиз, аммо футболда кичик мамлакат улкан зафарларни орзу қилиши мумкин ва Қатарда ўтказиладиган Жаҳон Чемпионати учун саралаш босқичи бошланиш арафасида турибди,» фикрини якунлайди футбол оламидаги энг оғир вазифасини зиммасига олган мураббий.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek