Пеле Роналдуни энг зўр тўпурарга айлангани билан табриклади Ronaldu Pele futbol

Пеле ва Роналду

Сурат манбаси, Getty Images

Дунёга машҳур футбол юлдузи Пеле Криштиану Роналдуни жами рақиб дарвозаларига киритган голлари сонини 770 тага етказиб, ўзини ортда қолдиргани билан табриклади.

Бразилия футболи афсонаси ҳисобланадиган Пеле расмий ўйинларда 767 та гол уриб, ХХ асрнинг энг зўр тўпурарига айланган, сўнгги 21 йилда ҳам ундан ўзган футболчи йўқ эди.

Ҳозирги пайтда "Ювентус" футбол клубида ўйнаётган, Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ўзининг голларини 767 тага етказган эди.

14 март куни Италия чемпионати доирасида "Ювентус" жамоаси "Каляри" жамоаси билан ўйнаган, ўйиннинг 32 дақиқаси ичида Роналду учта голни "Каляри" дарвозасига киритишга муваффақ бўлган.

"Ҳаёт бу ёлғиз парвоз. Ҳар ким ўзича парвоз қилади. Сиз гўзал парвозга эгасиз. Мен сизга қойил қоламан. Мен сизнинг ўйинингизни севаман ва бу нарса ҳеч кимга сир эмас. Расмий ўйинлардаги менинг голларим рекордини урганингиз билан табриклайман", деб ёзган Пеле ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида.

Роналдунинг голлари жаҳон рекорди ҳисобланади.

Бироқ Чехия Футбол Ассоциацияси бунга қўшилмайди, энг кўп гол уриш бўйича жаҳон рекорди Чехословакия ва Австрия терма жамоаларининг ҳужумчиси Йозеф Бицанга тегишли, дейди.

Ассоцифцияга кўра, умри давомида Йозеф Бицан 821 гол киритган.

Бироқ футбол статистикасига оид Rec.Sport.Soccer Statistics Foundation - RSSS ташкилотига кўра, Бицаннинг ҳамма голлари ҳам расман қайд этилган халқаро ўйинларда бўлмаган, расмийлари сони 759 тани ташкил этган.

Шунинг учун ҳам Бицан Пеледан ортда деб кўрилган.

Криштиану Роналду Пелега ўз ҳурматини изҳор этиб, унга миннатдорлик билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek