Чемпионлар лигасининг чорак финалчилари аниқланди

Чемпионлар лигаси

Жума кунги ташланган қуръа натижаларига мувофиқ, Оврўпо Чемпионлар лигасининг чорак финалида тўп сурувчи наҳанг жамоалар ўзларининг рақибларини билиб олишди.

Энг қийини эса, Англиянинг "Арсенал"ига бўладиган кўринади. Арсен Венгернинг шогирдлари кимсан Испаниянинг наҳанг "Барселонаси"га қарши майдонга тушадиган бўлишди.

Икковлон бундан аввал 2006 йилда Оврўпо Чемпионлар лигасининг финал учрашувида ҳам бир-бирларига қарши тўп суришганди.

Англия чемпиони бўлмиш қизил иблислар эса, ярим финалга чиқмоқчи бўлишса, Олмониянинг "Байерн"(Мюньхен) жамоасини енгишлари керак бўлади.

Агар сэр Алекс Фергюсоннинг шогирдлари бунинг уддасидан чиқа олишса, финалда тўп суриш учун Франциянинг "шер"лари ёки "Бордо"сини ер тишлатишлари лозим.

"Арсенал"нинг бахти чопиб, Испания наҳангини енга олса, ярим финалда Италиянинг "Интер"и ёки Москванинг ЦСКАсига қарши майдонга тушади.

Чорак финал беллашувларининг илк учрашувлари март ойининг 30, 31 кунлари, жавоб ўйинлари эса, 6 ва 7 апрел кунлари бўлиб ўтади.

Барса бу йил ҳам бўш келмоқчи эмас

Бу йил ҳам Испаниянинг наҳанг "Барселона"сининг чемпионликка иштаҳаси карнай кўринади.

Жамоа чорак финалга "Штутгарт"ни 5:1 ҳисобидаги фарқ билан ер тишлатиб, чорак финалга чиққани бунга яққол бир мисол каби.

"Арсенал" бош мураббийси Арсен Венгер эса, Барса ўзларини қўрқита олмаслигини айтмоқда.

"Биз "Барселона"нинг нималарга эришганини, албатта, ҳурмат қиламиз. Лекин беллашувнинг қизиғи шундаки, у сизнинг эртага нимага эриша олишингизга қарайди," деб таъкидлаган жаноб Венгер.

Москванинг ЦСКАси эса, Италиянинг "Интер"ига қарши майдонга тушади. "Интер" россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг "Челси"сини маҳв этиб, чорак финалга чиқишга муваффақ бўлган.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, "Интер" чемпионлар чемпионлиги учун кураш олиб бораётган ягона итальян клубидир.

Айнан Италиянинг АС"Милан"и ва Испаниянинг "Реал"и каби юҳоларнинг ҳали чорак финалга етмасдан пастга қулаши бу йилги Чемпионлар лигасининг асосий шов-шувига айланганди.