Энди 'Пахтакор' Эроннинг 'Сепоҳан'ига ютқазди, хўш, ўзи ўзбек жамоаларига нима бўлди?

"Пахтакор" беллашувда
Image caption "Пахтакор" ҳам Эрон жамоасига қарши ўйинда ҳисобни тутиб қололмади

Бу гал Осиё Чемпионлар лигаси саралаш босқич учрашувларида тўп сураётган яна бир Ўзбекистон жамоаси эронликларга бас келолмади.

Бундан аввал "Бунёдкор" Эроннинг "Зобаҳан"идан яхшигина панд еган бўлса, энди "Пахтакор" ҳам "Сепоҳан"идан мағлубиятга учради.

"Бунёдкор" мисолида бўлгани каби, бу ҳам "Пахтакор"нинг гуруҳ босқич беллашувларидаги иккинчи мағлубиятидир.

Эрон жамоаларига ютқазиб қўйишлари ортидан ҳар икки ўзбек жамоасининг гуруҳдан 1/8 босқич беллашувларига чиқиш имкониятлари анчайин хавф остида қолди.

Эронлик рақибларини Тошкентдаги дастлабки учрашувда 2:1 ҳисобида енгган "Пахтакор" кеча Эронда кечган жавоб ўйинида ҳисобни тутиб қололмади. Ўйин 2:0 ҳисобида эронликлар фойдасига ҳал бўлди.

Аввал айни гуруҳда "Пахтакор" етакчилик қилган бўлса, энди қолган уч жамоадан ҳар бири кейинги босқичга чиқишга даъвогарлик қилиши мумкин.

Ҳозир "Бунёдкор" каби "Пахтакор"нинг ҳисобида ҳам тўрт учрашувдан 6 тадан очко бор. "С" гуруҳида сўнгги ўринда бораётган "Сепоҳан" эса, сўнгги ғалабаси ортидан иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

Натижа нимага боғлиқ?

Image caption "Бунёдкор"га донгдор мураббийси ҳам ёрдам беролмади

"Сепоҳан" Осиё Чемпионлар лигасида анча йиллик тажрибага эга ва шу пайтга қадар халқаро беллашувнинг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган ягона Эрон жамоасидир.

Бироқ Осиё Чемпионлар лигасининг кунда-шундалик иштирокчиси бўлган "Пахтакор"нинг эришган натижалари ҳам ёмон эмасди:

Қолган ўзбекистонлик жамоалардан фарқли тарзда "Пахтакор" икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалигача кўтарилган, ўтган йили эса, чорак финалдан ортга қайтишга мажбур бўлганди.

"Бунёдкор" эса, Осиё чемпионлар лигасидаги қисқа тарихига қарамай, бир гал ярим, бошқа гал эса, чорак финалгача чиқишнинг уддасидан чиқа олганди.

Ўзбекистоннинг энг серхарж ва осмонўпар жамоаси ҳар йили бўлганидек, бу йил ҳам Осиё ва Клублар орасида жаҳон чемпиони бўлиш ниятида қатъий эди.

Бироқ бундан бир кун аввал ҳали гуруҳ босқич беллашувларида Эроннинг "Зобаҳан"ига ўз майдонида бўлиб ўтган жавоб учрашувида ҳам ўйинни бой берди. Бир ҳафта бурун Эронда бўлиб ўтган дастлабки беллашув ҳам зобаҳанчилар фойдасига ҳал бўлганди.

Ўзбекистон чемпионига на-да бразилиялик донгдор мураббийси Луиз Фелиппе Сколари ва на-да Ривальдо, Денилсон каби юлдуз ўйинчилари ёрдам бера олмади.

"Бунёдкор" ўтган йили ўзини чорак финалдан пастга қулатган ашаддий рақиби "Поҳанг пўлатчилари"(Жанубий Корея)нинг икки сара юлдузини сотиб олган ва бу йилги Осиё чемпионлар лигасидаги учрашувларини кетма-кет икки ғалаба билан бошлаганди.

Энди эса, кейинги босқичга чиқиш учун "Бунёдкор" қолган учрашувларини фақат ғалаба билан якунлаши лозим бўлади. Бироқ ҳозир "Би" гуруҳида етакчилик қилаётган Эроннинг "Зобаҳан" ва Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод"и ҳам осонлик билан бўш келадиган кўринишмайди.

"Поҳанг пўлатчилари"га бало ҳам урмаган

Image caption "Поҳанг пўлатчилари" бу йил ҳам бўш келадиган кўринишмайди

Ўтган йили Ўзбекистон чемпионининг барча амбицияларини чиппакка чиқарган Жанубий Корея "Поҳанг пўлатчилари"нинг бу йил ҳам оғиз очиб қараб ўтирадиган сиёқлари йўқдек.

"Бунёдкор" янги футбол мавсумида икки сара юлдузисиз қолдиргани ва бразилиялик тажрибали мураббийси Серхио Фариас Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли"сига ўтиб кетганига қарамай, пўлатчилар ҳозир 4 ўйиндан 9 очко жамғариб, ўз гуруҳларида иккинчи ўринда боришмоқда.

Бу эса, "Бунёдкор" ва "Пахтакор"ники билан таққосланганда, анчагина ишончли натижадир.

Лекин, нима бўлганда ҳам, бу йилги Осиё Чемпионлар лигасида Эрон жамоалари каттагина шов-шув уйғотадиган кўринишади. Эроннинг бир эмас, нақ уч жамоаси 1/8 босқич беллашувларига чиқишга иштаҳалари карнай кўринишади.

Айниқса, бу йил ўзининг уюшқоқ ва ҳужумкор ўйини билан кўзга ташланаётган "Зобаҳан" ўз гуруҳида етакчилик қилиш бобида манаман деган япон ва корея жамоалари билан беллашмоқда.

Ўзбекистонлик жамоаларнинг якуний тақдирларини билиш учун эса, гуруҳ босқич беллашувлари ниҳоя топажак апрел ойининг сўнггига қадар кутишимиз кераклиги тайинга ўхшайди.

Ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасида тўп сураётган ўзбекистонлик клубларнинг чорак финалга етиб, етмай пастга қулашлари кучли танқидларга сабаб бўлган, мазкур ҳолат, ўз навбатида, бутун Ўзбекистон футболини ислоҳ этиш лозимлигига оид даъватларга ҳам етаклаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ