Англия премьерлигаси - мавсум 2010-2011 - мураббийлар

Англия премьерлигаси йилларки бутун дунёдан донғи кетган мураббийларни ишга ёллаб келган. Футбол майдонидаги ўйиннинг қанчалик қойилмақом экани эса асосан ана шу мураббийга боғлиқ. Чунки футболда тактикадан ташқари мураббийларнинг заковати ҳам шунчалар муҳим роль ўйнайди.

Манчестер Юнайтед

Сэр Алекс Фергюсон: Инглиз футболида номи тилларда достон мураббийлар кўп. Бироқ уларнинг ичида энг машҳури бир неча карра Англия чемпиони “Манчестер Юнайтед” клубининг мураббийи сэр Алекс Фергюсон жанобларидир. Футболда эришган ютуқлари учун “рицарлик” мақомига эришган шотландиялик сақичсевар инглиз футболидаги буюк номлардан биридир. Жаноб Фергюсон ҳужумкор футболнинг кучига ишонадиган ва ёши 67 ни қоралаб қолганига қарамай, ғалабага иштаҳаси карнай мураббийлардан. У “Манчестер Юнайтед” клубига қарийб чорак асрдан буён устозлик қилиб келади ва ҳали-вери ўз лавозимини топширадиган кўринмайди. “Манчестер Юнайтед” клуби сэр Алекс Фергюсон мураббийлиги остида бир неча бор чемпионлик унвонини қўлга киритди, Оврўпо футболида қатор муваффақиятларга эришди ва у Девид Бекҳам дохил инглиз футболининг манаман деган юлдуз ўйинчиларини етиштириб берди. Жаноб Фергюсон рақибларига руҳий таъсир қилишнинг пихини ёрганлардан ва аллақачон чўнтаклари қаппайиб қолган ҳамшаҳарлари – “Манчестер Сити”ни “менталитети тор бўлган кичик клуб,” эканини айтиб, уларга яхшигина зарба беришга ҳам улгурди.

Арсенал

Арсен Венгер: Келиб чиқиши франциялик Арсен Венгер Англия премьерлигасида узоқ йиллардан буён тер тўкиб келаётган мураббийлардан биридир. Иқтисодчи мутахассислиги бўйича дипломга эга ва олти тилда булбулдай сайрай олиши учун “профессор” лақабини олган Венгер футбол ва ғалабага бўлган иштиёқи нуқтаи назаридан жаноб Фергюсондан ҳеч ҳам қолишмайди. Арсен Венгер “Арсенал”нинг ўйинига ҳужумкор футболнинг тезкор тўп оширишга асосланган услубини киритди ва нафақат клуб тарихидаги, балки инглиз премьерлигасидаги энг муваффақиятли мураббийлардан ҳам биридир. Арсеннинг олди-сотди бозорига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши унинг обрўсини янада кўтариб юборган. Франциялик мураббий юлдуз ўйинчиларга катта маблағ сарфлагандан кўра, келажаги бор иқтидорли ўйинчиларга пул тикишни маъқул кўриши билан тилга тушган. Бироқ ўтган беш йил мобайнида “Арсенал” бирор бир жиддий ютуққа эришолмади ва Арсен Венгер ҳозир клубни яна шуҳрат шоҳсупасига олиб чиқиш учун босимлар остида қолган. Бироқ мазкур ҳолат ҳам Венгерни ўз фалсафасидан ортга чекинишга мажбур қилолмади. Таниқли мураббий Эммануэль Адебайор ва Коло Туре каби сара футболчиларни сотишдан тушган маблағни сарфлашга шошилмаслиги, ёш ўйинчилардан ташкил топган эса-да, жамоасининг кучига ишонишини урғуламоқда.

Ливерпул

Рой Ходжсон: – инглиз премьерлигасидаги ўта тажрибали мураббийлардан бири. У шу йилнинг июл ойида клуб билан уч йиллик шартнома имзолаб, испаниялик моҳир мураббийси Рафаэль Бенитезнинг ўрнини эгаллаган. Рой Ходжсон Оврўпонинг етакчи клубларига мураббийлик қилган. Уларнинг орасида Миланнинг "Интер"и ҳам бор. Футбол оламида катта обрўга эга. 1994 йилги Жаҳон чемпионатида Швейцария миллий терма жамоасини гуруҳ босқичидан олиб чиқишга муваффақ бўлган. Ўтган йили Менежерлар Уюшмаси Лигаси томонидан "Йилнинг энг яхши мураббийси" деб топилган. "Ливерпул"га ўтмасдан аввал "Фулҳам"ни бошқарган. Қисқа вақт ичида клубни Оврўпо Кубогининг финалига олиб чиққан. Бенитез мураббийлигининг биринчи йилида “Ливерпуль” чемпионлар лигасида муваффақият қозониб, икки йилдан сўнг беллашувнинг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган. 2008/2009 йилги футбол мавсумида эса, клуб “Манчестер Юнайтед” билан елкама-елка беллашувда совринли иккинчи ўринни қўлга киритган. Аммо клубнинг ўтган мавсумдаги муваффақиятсиз ўйини мураббийси Рафаэль Бенитезнинг ишдан четлатилишига сабаб бўлган. "Ливерпул" янги мураббийси бошчилигида аввалги обрўсини қайта қўлга киритишга умид қилмоқда.

Челси

Карло Анчелотти: “Челси” Англия премьерлигасидаги ўтган яқин йиллар ичида ўз мураббийсини тез-тез ўзгартирган ягона етакчи клубдир. Бу йил ҳам клубга италиялик тажрибали мураббийси Карло Анчелотти устозлик қилади. Мовийлар янги бош мураббийси қўл остида ўтган йил Англия чемпионлигини қўлга киритган. Бу йил ҳам олий унвонга иштаҳаси карнай. Янги мавсумни кетма-кет ғалаба билан бошлади. Бундан аввал Италиянинг манаман деган АС “Милан” жамоасига устозлик қилган Карло Анчелотти Лондонга келиб, мақсадлари осмонни кўзлаган бир клуб соҳибини бошқаси билан алмаштирган. АС “Милан”да экани чоғида Италия Бош вазири, миллиардер Сильвио Берлусконининг умидларини оқлаши керак бўлган бўлса, “Челси”да эса, россиялик бошқа бир миллиардер Роман Абрамовичнинг орзуларини рўёбга чиқариши лозим бўлади. Шу пайтга қадар Карло Анчелотти иш учун одатий эканини айтиб, бу каби босимларни писанд қилмаслигини намойиш этмоқда.