2010 йилги Жаҳон чемпионатида кимлар тўп суради?

Шунча шов-шувлар билан кечган якуний босқич беллашувлари ортидан 2010 йилда Жанубий Африкада беллашувчи миллий терма жамоаларнинг тўлиқ рўйхати аён бўлди. Навбатдаги чемпионатда иштирок этажак 32 давлатнинг байроқлари ҳам Йоханнесбургда кўкка бўй чўзди. Рўйхатга қаралса, сюрпризлар саноқли, ғолиблик учун асосий даъвогарлар эса, ўша-ўша, бизга таниш бўлган чеҳралар, дея ўз хабарини бошлайди Спорт масалалари бўйича мухбиримиз Алекс Капстик:

Бу галги ғолибликка асосий даъвогар миллий терма жамоаларнинг рўйхати ҳеч кимни ҳайратга солмаслиги аниқ.

Албатта ғолиб чиқади, деб пул тикилаётган икки жамоадан бири бир неча карра Жаҳон чемпиони Бразилия бўлса, иккинчиси сўнгги Оврўпо чемпионати ғолиби Испаниядир.

Икковлон якуний босқич беллашувларига ажойиб натижа билан етиб келишди.

Уларнинг ортидан эса, Англия, Олмония, Италия ва зўрға гуруҳ босқичидан чиқишга муваффақ бўлган эса-да, Дьего Марадонанинг Аргентинаси бор.

2010 йилги Жаҳон чемпионати ўзларини кўрсатишлари учун Африка давлатлари учун ҳам ажойиб имконият бўлади.

Буларнинг орасида "Барселона" ва "Челси" юлдузлари тўп сурган Фил суяги қирғоғи давлатидан тортиб, Гана, Камерун ва Нигерия ҳам бор.

Африка давлатларининг ичида энг заифи - мезбон Жанубий Африка. Миллий терма жамоа шунчалар кучсизки, мезбон эканликлари қўл келиб, якуний босқичда тўп суришмаса, 2010 йилги Жаҳон чемпионатига умуман чиқа олишмасди.

Бошқа хорижий миллий терма жамоалар орасида Шимолий Корея катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Бу миллий терма жамоанинг 1966 йилда Италия устидан кутилмаган ғалабаси ортидан илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиши бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ