Африкаликлар Жаҳон чемпионатига чиптани қаердан олишади?

Жаҳон чемпионти

Африкалик футбол ишқибозларининг шу йил июн ойидаги Жаҳон чемпионатига чипта ололмай бошлари қотгани эса, ҳафтанинг бошқа бир ҳайратомуз хабарига айланди:

Жаҳон чемпионатининг нақ Жанубий Африкада бўлишини назарда тутиб, вой, қандай қилиб, дейишингиз турган гап. Гап шундаки, чипталар интернет орқали сотилади. Жамоалари Жаҳон чемпионатига чиққан Африка давлатларида эса, интернетга имконият чекланган...Африкалик футбол ишқибозлари ҳатто электрон почталарини бир амаллаб текшира олишган бир пайтда, ФИФАнинг веб саҳифасига кириб, чипта сотиб олишга йўл бўлсин дейишмоқда. Устига устак барча африкаликларда ҳам кредит карточкаси бўлмаса. Хуллас, Африкада бўлиб ўтажак беллашувга йўл тополмай африкаликларнинг бошлари шишган. Шундай экан, ФИФА айни муаммога қай йўл билан ечим топмоқчи. Халқаро ташкилот юқори мартабали мулозими Жерома Валкенинг айтишича, бу йилги Жаҳон чемпионати ҳақиқий африкача биринчилик бўлади:

"Мавжуд тизимнинг Африка давлатларига мос тушмаётгани аён. Биз ҳозир африкалик футбол ишқибозлари ортиқча қоғозбозликларсиз, бемалол чипта сотиб олишлари учун чипта марказлари ташкил этаяпмиз. Буларнинг барчаси 15 апрелгача ҳал бўлади. Янги чораларимизнинг қандай иш беришини кўриш учун апрел ойи охиригача кутамиз. Ташкилотимиз жорий пайтда қатор Африка давлатларининг ҳаво ширкатлари билан ҳам иш олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Агар уринишлари самара берса, африкалик мухлислар аэропортнинг ўзидан чипта сотиб олишлари мумкин бўлади".

Бу йилги Жаҳон чемпионатига эса 100 кундан сал қамроқ вақт қолди. Барча янги стадионлар, майдонлар ва транспорт нақлиётлари деярли шай аҳволга келиб қолган. Лекин Жанубий Африкада "Оч қоринга мусиқа не даркор" дегувчиларнинг ҳам саслари ҳануз тинмаган. Вой, қандай қилиб дейдиган бўлсангиз, буларнинг барчаси ҳақида кейинги лавҳаларимиздан билиб оласиз.

Бу мавзуда батафсилроқ