Бу йилги башоратларни чиппакка чиқарган 'Ливерпул' сотувга қўйилди

"Ливерпул" соҳиблари
Image caption Клуб соҳиблари уни янада ривожлантира оладиган инсонга сотиш ниятида эканликларини айтишмоқда

Англия премьерлигаси тўрт наҳангидан бири бўлган "Ливерпул" клуби сотувга қўйилган.

Америкалик соҳиблари Тим Ҳикс ва Жорж Жиллетлар клубни янада ривожлантириб, тараққий эттира оладиган инсонга сотиш ниятида эканликларини айтишмоқда.

"Ливерпул" узоқ йиллар давомида Оврўпонинг наҳанг клубларидан бири бўлиб келган.

Клуб 18 марта Англия чемпиони ва бир неча бор Оврўпо кубоклари совриндоридир.

Бироқ жорий футбол мавсуми "Ливерпул" учун яхши кечмади:

Келаси йилги Оврўпо Чемпионлар лигасига чиқиш имкониятлари деярли қолмади.

Сара ўйинчиси Фернандо Торреснинг бугун жарроҳлик амалиётини бошидан кечириши эса, клубнинг сўнгги умидларини ҳам йўққа чиқараёзган.

Танқидлар тиғи остида қолиб кетган бош мураббийси Рафаэль Бенитезнинг шунча чиранишлари ҳам иш бермаётган кўринади.

Клуб ишқибозларининг бош мураббий билан бирга клуб соҳибларидан ҳам фиғонлари фалакда.

Уларнинг даъво қилишларича, "Ливерпул"га олий даражада беллаша олиши учун лозим бўлган миқдорда маблағ ажратилмаган.

"Ливерпул" сотувга қўйиларкан, клуб ишқибозлари янги соҳиби унга унутилаёзган ғалаба гаштини келтиришига умид қилишмоқда.

Бу йилги футбол мавсумида клуб ҳатто юқори тўртликда қолиши учун ҳам зўр бериши лозим бўлади.

Чунки "Тоттенҳам" ва бойвачча "Манчестер Сити" бу йил анъанавий юқори тўртликнинг сафларини бузишга жиддий аҳд қилган кўринишади.