МЮ-'Тоттенҳам' 3:1, 'Челси'-'Стоук сити' 7:0, Англия чемпиони ким бўларкин?

"Челси"

Бу йилги футбол мавсуми тугашига бор-йўғи иккита учрашув қолар экан, Англия чемпионлиги учун кураш қизигандан қизимоқда.

Бир томондан, “Манчестер Юнайтед” енг шимариб турган бўлса, бошқа тарафдан “Челси” ҳам белини маҳкам боғлаган.

Мухлисларни-ку, энди, қўяверинг. Севимли жамоаларининг бир куйдиришию, бир кулдиришидан бошлари қотган.

Қизил иблислар сўнгги учрашувда “Тоттенҳам”ни ер тишлатиб “Челси” ишқибозларининг юрагини ёрган бўлишса, мовийлар “Стоук Сити”ни йирик ҳисоб билан яксон этиб, рақиблари мухлисларини еттинчи осмондан ерга ташлаб юборишди...

Бир ютиб, бир ютқазиб турган бу икки наҳанг орасидаги фарқ эса, ҳозир бор-йўғи бир очкони ташкил этиб турибди... Ҳа-ааа, бунақаси бўлмаган. Шундай экан, бу йил Англия чемпионлиги кимга насиб этаркин?

Суҳбатдошим Би-би-си муҳаррири Йоҳаннес Делл:

“Менимча, Англия чемпионлиги бу йил "Чельси"нинг қўлида. Чунки ҳар иккала жамоа қолган учрашувларини ғалаба билан якунлашса ҳам, чемпионлик мовийларга насиб этади. Мавсум якунланишига бор-йўғи икки учрашув қолди. Шу сабабдан ҳам, табиийки, жамоаларга босим ниҳоятда кучли. Лекин "Челси" "Ливерпул"га қарши майдонга тушади. Бу оз бўлса-да, қизил иблислар фойдасига бўлиши мумкин. Чунки "Ливерпул" барибир инглиз футболи наҳангларидан бири. Уйиннинг осон бўлмаслиги аниқ. Бошқа томондан "Ливерпул" Оврўпо чемпионлар лигасига тушишга қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Қизил иблисларни эса, бундай истиқбол кутаётгани йўқ. Бироқ шунда ҳам мавсумнинг шу палласида ва бунчайин кучли босим остида, менимча, ғолиб ким бўлишини башорат қилиш қийин бўлади”.

Бу икки наҳанг бу йилги футбол мавсуми ҳисобидан ортиқ учрашишмайди. Мовийлар бош мураббийси Карло Анчелоттига ҳам бу йилги Англия чемпионлиги тақдири ўз жамоасининг қўлида экани яхши аён.

“Тақдиримиз ўз қўлимизда экани жуда яхши бўлди. Менимча, қолган икки учрашувга кўнгилдагидек ҳозирлик кўра оламиз ва ғалаба қозонамиз. Агар кўринишимга қараб, бунча бамайлихотирсиз, дейдиган бўлсангиз, тажанг бўлишимга ҳеч бир ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Биз турнир жадвалида пешқадамлик қилаётган бўлсак, кўнглим ниҳоятда тўқ,” деб айтган жаноб Анчелотти.

“Челси” қолган икки учрашувини сафарда наҳанг “Ливерпул” ва ўз уйида “Виган”га қарши ўтказади. Қизил иблислар эса, “Сандерланд” ва “Стоук сити”га қарши майдонга тушишади.

Ҳали мавсум якунланмай туриб эса, бу йил премьерлигани тарк этажак уч жамоанинг номи аён бўлган – булар “Портсмут”, “Бернли” ва “Ҳалл сити” клубларидир.