'Вейн Руней йилнинг энг қойилмақом ўйинчиси' деб топилди

Вейн Руней

"Манчестер Юнайтед" клубининг сара ҳужумчиси Вейн Руней Профессионал футболчилар уюшмаси томонидан "Йилнинг энг қойилмақом ўйинчиси" деб топилган.

Мазкур мақом ҳар йили футбол мавсумида инглиз премьерлигасида ўзини кўрсатган футболчига берилади.

"Челси" ҳужумчиси Дадье Дрогба, "Манчестер Сити" юлдузи Карлос Тевез ва "Арсенал"нинг суянган тоғи Сеск Фабрегас ҳам бу йил ушбу номга даъвогарлик қилишганди.

Аммо жорий футбол мавсумида рақиблари дарвозасини 34 бор нишонга олишга улгурган 24 ёшли Вен Руней овоз бериш чоғида уларнинг барчасини ортда қолдириб кетди.

Руней бундан аввал ҳам қизил иблислар сафида энг кўзга кўринган ўйинчилардан бири эди.

Бироқ ёзги олди-сотди мавсумида португалиялик дунё футболи юлдузи Кристиано Рональдо ва аргентиналик маҳоратли футболчи Карлос Тевезларнинг Олд Траффордни тарк этишлари ортидан Рунейнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этди.

Ўтган футбол мавсумлари билан солиштирганда Руней майдонда анча фаоллашган ва учрашувлар тақдирини ҳал қилиш даражасидаги ўйинчига айланганди.

Вейн ўзининг бу даражага ўсиб етишида ҳозирги бош мураббийси сэр Алекс Фергюсоннинг меҳнати беқиёс эканини алоҳида урғулаган.

"Сэр Алекс Фергюсон буюк мураббий. "Эвертон"дан "Манчестер Юнайтед" сафига ўтгач, у мендан ҳақиқий футболчини яратди. Сэр Фергюсоннинг доимо ғалабага иштиёқи баланд ва унинг бу кайфияти ўйинчиларга ҳам ўтади," дейди Руней.

Вейн Руней ҳозир олган жароҳатларига қарамай, тез орада Жанубий Африкада очилажак Жаҳон чемпионатига қадар оёққа туриб кетиши ва ҳатто, "Стоук сити"га қарши сўнгги ўйинда ўз жамоаси сафига қайтиш ниятида эканини айтмоқда.