Жаҳон чемпионати - қай бир футболчига азаю яна қай бирига тўй?!.

Рональдиньо

Дунёнинг манаман деган айрим миллий терма жамоалари бу йилги Жаҳон чемпионатида номи тилларда достон бўлган ўйинчиларисиз иштирок этишмоқчи. Айниқса, Бразилия,..

Дейлик, икки карра "Дунёнинг энг зўр футболчиси" бўлмиш Рональдиньони миллий терма жамоа сафига олиш-олмаслик масаласи Бразилияда жуда катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Италиянинг "Милан"ида олиймақом ўйин кўрсатаётганига қарамасдан, бир йил бўлибди-ки, Рональдиньо четда қолиб кетмоқда.

Бу кўпчиликнинг истак-хоҳишига қарши. Лекин Бразилия миллий терма жамоаси бош мураббийси Дунга ўтган йилги Конфедерация кубогини қўлга киритган ва 2010 йилги Жаҳон биринчилиги саралаш босқич учрашувларида гуруҳда биринчи бўлишларини таъминлаб берган футболчиларни жамоага олмоқчи.

Устига устак, Рональдо ва Роберто Карлосларнинг ҳам бу йилги Жаҳон чемпионатидан қуруқ қолишларини айтмайсизми!

Бундан ташқари, ҳаммамиз яхши билган Патрик Вьера ҳам Франция миллий терма жамоаси сафида 107-бор халқаро майдонга туша олмайди.

Бечора Патрик Жанубий Африкага боришимга йўл очар, деган умидда яқинда "Интер"(Милан)дан Англиянинг "Манчестер Сити"сига ўтганди.

Патрик каби омади чопмаган юлдуз футболчилар орасида яна Италия миллий терма жамоасининг собиқ сардори Франческо Тотти ва узоқ вақтли жароҳатдан яқинда оёққа турган ҳолландиялик ҳужумчи Руд Ван Нистерлойлар ҳам бор. Уларнинг ҳам миллий терма жамоа сафига тушишга бўлган сўнгги умидлари чиппакка чиқди.

Дунёнинг 32 та миллий терма жамоасига аввалига 30та футболчини сараб олишларига рухсат берилади, бироқ июннинг биринчи кунига қадар уларнинг сонини қатъий 23тага туширишлари лозим кўрилади.

Шу сабабдан ҳам, тушириб қолдирилган футболчилар орасида яна фахрий юлдузлар бўлмаслигининг кафолатини ҳеч ким бера олмаслиги аниқ.