Франция учинчи бор Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилади!

Мишель Платини

Футбол бўйича 2016 йилги Оврўпо чемпионати яна Францияда бўлади. Бу ҳақда Оврўпо Футбол уюшмаси қарор қилди.

Қарорни уюшма президенти, франциялик собиқ футбол юлдузи Мишель Платини эълон қилди.

Бу Франциянинг учинчи бор Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилишидир.

Ўз майдонинг деганлари шу бўлса керакки, ҳар икки гал ҳам Франциянинг ўзи чемпион бўлган.

Мезбонликка қолган икки даъвогар Туркия ва Италия эса мум тишлаб қолишди.

Оврўпо Футбол уюшмасининг қарори ортидан Франция Президенти Николя Саркози ўз мамлакати ғолиб чиққани учун Туркия ва Италиядан яхшилаб кечириб сўрашни ҳам унутмади.

Рақобатда Францияни доғда қолдириши учун Туркияга бор-йўғи битта овоз етишмаган бўлса, Италия биринчи босқичданоқ учиб кетганди.

Франциянинг мезбонлик даъвосини президенти Николя Саркози ва ўз вақтида "Дунёнинг энг зўр футболчиси" бўлган юлдузи Зайниддин Зидан дастаклаб чиқишганди.

Оврўпо чемпионатига мезбонлик қилиш жами 2 миллиард доллардан ортиқроққа тушади.

Франция ҳукумати тадбирни молиялашда ўзи ҳам бир четда қараб турмаслигини айтмоқда.

Бунча йирик суммадаги маблағ янги стадионлар қуриш ва борларини таъмирлаш учун лозим бўлади.

Томошабинларнинг сони ва тужжорий қиймати жиҳатдан Оврўпо чемпионати Жаҳон биринчилиги ва Олимпия Ўйинларидан кейин учинчи ўринда туради.

Шу сабабдан ҳам тадбирга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш йўлидаги кураш ниҳоятда қизғин кечади.

Бу йилги даъвогарларнинг сони эса, 24 та эди. Бунақаси ҳали Оврўпо чемпионати тарихида бўлмаган.