Жаҳон чемпиони ким бўлади ёки миқдорий таҳлил нима дегани?

Жанубий Африка

Навбатдаги чемпионатда иштирок этажак 32 давлатнинг байроқлари аллақачон Йоханнесбургда кўкка бўй чўзган. Мақталганми ё назардан четда қолган, миллий терма жамоалар ҳам Жанубий Африкага етиб келишни бошлашган. 5 юлдузли ҳашаматли меҳмонхоналар ҳам уларни қабул қилишга шай... Мухлис зоти борки, музлатгичларини тўлдиришу телевизорларини созлаш билан овора. Гаров бойловчи ширкатлар эса, пул тикиш билан. Лекин энг қизиғи, бу йилги чемпионатнинг дарди банк таҳлилчиларига ҳам тушибди:

Нима эмиш, иқтисодий инқирозларни башорат қилишдан чарчаган банк таҳлилчилари бошқа нарсани, яъни бу йилги Жаҳон чемпионатида ким ғолиб чиқишини башорат қилмоқчи бўлишибди. Улар ўзларининг миқдорий таҳлил усулларига таянишибди. Яъни чемпионат иштирокчилари, уларнинг шу пайтгача эришган натижалари ва ҳаттоки, гаров бойловчи ширкатларнинг қай бир миллий терма жамоага пул тикаётганларига оид маълумотларни ҳам йиғиб, компьютерга киритишибди. Ва,.. жуда қизиқ натижага эга бўлишибди. Шошманг, шошманг, бирпас тин олиб олай: Яъни, JP Morgan банкининг таҳлили асосида Англия бу йилги Жаҳон чемпиони бўлиб чиқибди. Кимингизнидир хафа, бошқангизни хурсанд қилган чиқарман. Аммо гапнинг лекини шундаки, бошқа бир UBS банкининг хулосаларига кўра, чемпионлик Бразилияга насиб этибди. Бошим айланиб кетди, нима, банкларнинг қиладиган бошқа ишлари йўқми, дейишингиз турган гап. Лекин буям бир гапмикан ёки ҳақиқатда ҳам тагида жони боримикан? Биз ушбу саволга жавоб топиш учун россиялик мутахассис Федор Дружининни суҳбатга чорлаб, миқдорий таҳлил усули нима дегани ва уни футболда қўллаш қанчалик тўғри натижа беради, деб сўрадик:

Федор Дружинин: "Менимча, катта бир дарахт шаклидан фойдаланилган. Ана шу шакл ёрдамида барча учрашувларнинг эҳтимолий натижалари қайд этилган. Дейлик, Англия миллий терма жамоаси гуруҳ босқичида учта учрашув ўтказади. Қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, жамоанинг уч учрашувдан қайси бирида ғолиб ва яна қайси бирида мағлуб бўлиши тахмин этилади. Жаҳон чемпионатида 30 дан ортиқ жамоанинг иштирок этиши кўзда тутилса, дарахтнинг қанчалар катта эканини ҳам тасаввур этаётгандирсиз. Яъни ҳисоблаш жараёни осон кечмайди. Лекин бугунги замонавий жиҳозлар бунга имкон беради. Шу сабабдан ҳам, ана шу ҳисоб-китоб натижасида у ёки бу миллий терма жамоанинг ғолиб чиқишини башорат қилиш мумкин. Аммо Жаҳон чемпионатида ғалаба қозониши учун давлатингизнинг бадавлат ёки камбағал эканининг фарқи йўқ. Бунга футболи ҳеч қачон гуллаб-яшнамаган Америка бир мисол," дейди россиялик мутахассис.