Футболнинг ватани Англия Жаҳон чемпионатини қандай қарши олмоқда?

Англия миллий терма жамоаси

2010 йилгиси бўладими ёки бошқаси, Жаҳонники бўладими ёки Оврўпоники, уни футболнинг ВАТАНИ бўлган Англиядан туриб кузатишнинг гашти барибир бошқача.

Чунки бу ерда юлдуз ўйинчисининг ишқий можароси бўладими ёки олган жароҳати, куннинг ҳар қандай муҳим мавзусини четга суриш даражасида қудратга эга бўлади.

Британ Бош вазиридан тортиб, нақд валиаҳд шаҳзодасининг эътиборини тортувчи хабарларнинг хабарига айланади.

Матбуоти қолиб, радиоси, радиоси қолиб, телевидениесида кунлаб айланади. Журналистга бундан ортиқ яна нима керак?..Нима дедингиз?!

Гапни узоқдан бошлаётганимга ҳайрон бўлманг, демоқчиманки, бу йилги Жаҳон чемпионати ҳам шов-шувлару, қув-қувлардан холи эмас.

Ойларки, Англия миллий терма жамоаси атрофидаги машъум хабарларнинг кети кўринмайди.

Не умидлар билан ўзлари қолиб, Италиядан келтирилган бош мураббийси Фабио Капеллонинг фиғони эса, фалакдан тушмайди: Аввалига Жон Террисининг ишқий можароси сабаб миллий терма жамоа сардорлигидан четлатилиши бутунбошли Англиянинг инқирозига айланади.

Кейин эса, собиқ сардори Девиднинг йўқ ердан жароҳат олиши эса, фалокатга...Бу ҳам етмагандек, янги сардори Рио Фердинанднинг ҳам сўнгига келиб қўлтиқтаёққа таяниб қолиши эса, фожиага...

Капелло эса, "Нима бало, инглиз сардорларига қарғиш текканми, у ҳолда ким чемпион бўлади?" дея зиммасига юкланган масъулиятнинг оғирлигини якка ўзи тортолмай бошини чангалласа...

Валиаҳд шаҳзодаси Вильямнинг оқ фотиҳаси қай ерда қолди?

Энди эса, булар ҳам қолиб, юлдуз ҳужумчиси Вейн Рунейнинг темпераменти бутун матбуотнинг бошини қотирган муаммога айланса!

Қирқ йил чемпион бўлолмаган жамоанинг чемпион бўлиш дарди деб шуни айтишса керак-да!

Ҳаммаси ўз йўлига...

Аммо шунда ҳам буларнинг барчаси ўз йўлигаю, мухлислик ва тижорат ўз йўлига... Демоқчиманки, Англияда Жаҳон биринчилиги ўйинларига қандай ҳозирлик кетаётганлигини билиш учун ортиқча заҳмат чекишингизнинг ҳожати йўқ.

Хосларини-ку, қўя туринг, баққоллик дўконлари дейсизми ва ҳатто, дорихоналар ҳам ишқибозларнинг ишқибозлик матоҳларига тиқилиб кетган: Байроқча, сурнакча, қалпоқча,..

Кўчага чиқсангиз, уйларнинг томию деразаси, йўлда юрсангиз, машиналарнинг тепаю ёнларида байроғу байроқча...

Уйга қайтаркансиз, телевизорингиз тугмачасини босишингиз кифоя: Буёғи пиццахонаси ҳам Жаҳон чемпионати баҳона пул ишлаб оламан дегандан кейин уёғини тасаввур қилаверинг: Қўл телефонингиз эскирган, телевизорингиз пачақ,..шаштингиз эса,..

Бироқ бу Англиядаги Жаҳон биринчилиги беллашувларига ҳозирликнинг бир қиррасигина, холос.

Пивохоналарини айтинг, пивохоналарини!...Бу ерда футболни пивохонада кўрмасангиз, дунёга келмаган ҳисобланасиз. Пивохонанинг яна бундан ортиқ ҳам нуфузи бўлиши мумкинми?

Пивохоналарининг атайин Жаҳон чемпионатига "безаниб" олганига анча бўлган.

Уларнинг қай бирига қараманг, каттами-кичикми, ҳашаматлими-пастқам, "Жаҳон чемпионати беллашувларини энг олий даражада томоша қилиш имконияти" фақат уларда бўлади...

Бу каби улкан тахтаю мато тасмалардан иборат чорловлар соясида ҳар доим манаман деб қаққайиб турган менюлари ҳам мунғайиб қолган...

Маҳаллий ишқибозлари эса, дунёдаги энг бевоши деб ном чиқарган. Аммо қўрқмасангиз ҳам бўлади, ўтган гал жорий этилган янги сиёсатга мувофиқ, пивохонада "ўзидан ниҳоятда кетиб қолган" ишқибозга қизил карточка ҳам тайёр: бу эса, нафақат пивохона ташқариси, балки қамоқхона ҳам деганидир.

Шахсан каминангиз эса, кундалик режаларини Жаҳон чемпионати беллашувларига мослаштириш, қизалоғим бор эмасми, ўйинлар бирор бир болалар дастури билан бир вақтда бўлиб қолмасмикан, дея дастурлар жадвалини титкилаш билан овора.

Англия миллий терма жамоасининг америкалик рақибларига қарши илк учрашуви эса, шу шанба - 12 июн куни Рюстенбург шаҳрида бўлиб ўтади.