Қирғизистон: Жаҳон чемпионатида ҳаками бор ўлканинг футболи ҳам ўсади-ми?

Қирғизистон

61 баҳорни кўрган аравонлик этикдўз Муҳаммаджон ака Маннонов "футбол" деганда ёшариб кетади.

Қўшни шаҳар-туманлардаги мусобақаларни канда қилмайди. Чегара очиқ пайтлари велосипедда Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон ўйингоҳларига бориб туради.

Жаҳон биринчилиги арафасида уста маҳаллий косиблар билан ўзига хос ишқибозлар уюшмаси тузган.

"Биз шундай режалаштирдикки, ҳамма ўйинларни бирга томоша қиламиз. Дўконда телевизор бор, кундузи шу ерда кўрамиз. Кечлари уйларда, дастурхон атрофида. Тарафма-тараф бўлиб. Жанубий Африкага "ютқазиб қўяман," деб борган жамоанинг ўзи йўқ. Энг етук драматик спектаклларни кўрасиз футбол майдонларида," дейди уста.

Дўконда ишқибозлар баҳслари, ҳангомалари… Керакли адабиёт, рўзнома-ойномалар териб қўйилган.

Кўпчилик Жаҳон биринчилиги ўйинларини жўралар даврасида кўришни режалаштирган. Ҳазил тариқасида гаров ўйнашлари мумкин, аммо пул тикиш, тотализаторда ўйнаш расм бўлмаган.

Муҳаммаджон ака ва унинг ҳамкасблари бўлмиш косиблар Жаҳон биринчилигининг барча 48 ўйинига башорат тузиб чиқишган. Шартга кўра, ютқазган эмас, ютган тараф нон синдириб, чой қуйиб беради.

Қирқ йиллик ишқибозлик тажрибасига эга бўлган устанинг совриндорлар борасида башорати: ярим финалга Италия, Олмония, Англия ва Аргентина чиқади.

Бир пайтлар қишлоқ эркаклари орасида чойхоналарда тўпланиб, тун бўйи Оврўпо ёки Жаҳон биринчилиги ўйинларини кўриш расм бўлган эди.

"Ҳозир ундай одат йўқ, уч-турт жўра гаров ўйнаб, ютқазгани чойхонада ош дамлаши мумкин," - дейди ёш ошпаз Муҳаммаджон Холматов. – "Қани энди пулимиз бўлса-ю, биз ҳам Жанубий Африка стадионларига бора олсак, ўз кўзинг билан кўрганинг, ўша муҳитни бевосита ҳис этганингга нима етсин?"

Ўшлик тадбиркор Дилмурод Мирбобоев Жаҳон чемпионати очилиш маросимини ўз уйида, тўп суришларни эса, дўст-ёрлар билан кафеларда томоша қилмоқчи.

"Шаҳарда унча-мунча пул ҳам тикилганини кўрганман, аммо бу амалиёт авж олмаган. Бир-икки бор кирдим ўшандай жойларга, одамлар оз экан. Пул тикишга қизиқиш паст, чунки ютуқ миқдори оз, қолаверса, бу амалга ишонч ҳам баланд эмас," дейди Дилмурод.

Мазза қилиб томоша қиламиз

Қирғизистон телекомпаниялари моддий аҳволи танглиги сабаб, аввалги йиллар ўғринча кўрсатишлар ҳам ўрин олгани хусусида гап-сўзлар бўлган эди.

Ишқибозлар фикрича, ҳозир ноқонуний амалиёт йўққа чиққан ҳисоб. Аксар телекомпаниялар расмий рухсатномалар асосида иш олиб боришларини айтган. Жанубий қирғизистонликлар ажабтовур ўйинларни сунъий йўлдош воситасида, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон телеканаллари орқали кузатишга одатланган. Бу йил Қирғизистон Миллий телевидениеси ҳам Жаҳон биринчилиги ўйинларини трансляция қилишни режалаштирган.

Айтишларича, ўтган асрнинг 60-70- йиллари "миллионлар ўйини" Жанубий Қирғизистон аҳолисининг жону-дили бўлган. Ҳозирда футболга бўлган қизиқишни ишқибозлар турлича таърифлашади.

Косиб Муҳаммаджон Маннонов назарида сўнгги йилларда Қирғизистонда ҳам футболга диққат-эътибор ортган. "Туманимиз жамоаси тўп суришини бир кўринг – йигитлар ҳаракати чакки эмас," дейди уста.

Ўшлик тадбиркор Дилмурод Мирбобоев эса нафақат футбол, балки спортнинг бошқа турларига ҳам қизиқиш сусайиб кетган, деб ҳисоблайди. "Ҳамма турмуш ташвишлари билан овора," дейди у.

Ошпаз Муҳаммаджон Холматов фикрича, футбол ўйинига одамлар ва давлат муносабатида силжиш кўзга ташланмайди.

"Масалан, янги ўйингоҳлар қурилгани йўқ, - мулоҳаза юритади ишқибоз. – Ва умуман футбол ҳозир жаҳонда катта сиёсатга айланган, деб ўйлайман. Одамларни оммавий чиниқтириш, соғломлантириш ҳақида қайғураётган кимса йўқ. Пул учун, овоза учун, қайсидир бир гуруҳлар манфаатлари учун ҳамма нарса".

Одатда кўпчилик қирғизистонликлар ишқибоз бўлган Россия ва бошқа ҳамдўстлик мамлакатлари жамоалари финал ўйинларига чиқа олмаган. Муҳаммаджон ака Маннонов Оврўпо жамоалари ўйин маданиятини юқори баҳолайди.

"Футболчи рақибни бехос қулатган бўлса ва ҳакам сариқ карточка кўрсатса, ўйинчи келиб ҳакамга миннатдорчилик билдириб кетади. Чунки ўзи тартибни бузди-да," дея таърифлайди уста.

Ошпаз Муҳаммаджон ва ҳайдовчи Ҳасанбой "фақат чиройли, мазмунли ўйинлар учун" ишқибозлик қилиш ниятида.

Тадбиркор Дилмурод Аргентина жамоаси мухлиси, "чунки жамоада Месси бор".

"Қани энди, ўзимизнинг Марказий Осиёдан жамоалар қатнашса, Қирғизистон, Ўзбекистон,.." дея орзу қилади у.

Дилмурод ҳаётини футболсиз тасаввур қилолмайди, ўзи ҳам дўстлари билан тўп суриб туради. "Ёмон одатлар ортидан қувгандан кўра, тўп ортидан югурган афзал…"

У ҳамшаҳари, ўшлик Баҳодир Қўчқоров қўшни ўзбекистонлик ФИФА арбитри Равшан Эрматов гуруҳида Жаҳон биринчилиги ўйинларида ҳакамлик қилишидан фахрланаётганини яширмайди.

"Омад тилаймиз йигитларга. Бас, улар ўша юксак чўққига етишган экан, мамлакатларимиз жамоаларига ҳам насиб этсин ўшандай давраларда тўп суриш," дея хулоса қилади Дилмурод.

Қиссадан ҳисса – катта футбол байрами Қирғизистонда ҳам кексаю ёш қалбларга шоду-хуррамлик бағишлайди.