Керилган Руней, мақтанган Терри, ўзига ишонган Капелло қайда қолди ёки 'бу яна нима гап?'

Вейн Руней
Image caption Инглизларнинг мақталган ҳужумчиси Вейн Рунейнинг шунча чиранишлари яна иш бермади

Ҳаммаси Америкага қарши муваффақиятсиз ўйин ортидан бошланди: Илк мағлубиятларини писанд билмаган Руней “Олмониядан бошқасининг ўйини бир тийинга қиммат. Ҳақиқий ўйин қанақа бўлишини мана энди кўрасиз,”дан олса, миллий терма жамоанинг собиқ ва жорий сардорларининг чиранишлари ҳам уникидан сира қолишмади. Қай бир рўзномани варақламанг, бир ёғида Жеррард, наригисида Терри, яна нақ ярим саҳифани эгаллаб бутун бошли жамоа,..бир четдан бош мураббийси ҳам бир мўралаб қўяди. Эфирдан олиб узатилаётган қолган учрашувлар орасидаги танаффусда ҳам яна ўша манзара, фақат жонлиси...Уларга айнан иккинчи учрашувида ўз футболчиларини дастаклаш учун Жанубий Африкага сафар қилган ака-ука шаҳзодалар Вильям ва Ҳарри ҳам қўшилиб қўйишади: “Омад тилаймиз,” дея...Буларнинг барчасини ўқийвериб ҳам, кўравериб ҳам кўзларинг толиқди деганда

ва ниҳоят ўша кун ҳам келди:

Бир ёнимда хархашаси тинмаётган қизим,.. ҳам мактаб ва ҳам ишга ўз вақтида улгуриш учун шоша-пиша поезд бекатига югурдик. Соат тонгги саккизлар атрофида. Кўзимга поездлар жадвалидан бошқа ҳеч нарса кўринмаётган пайтда кўрганим нима бўлди денг – бетига турли буёқлар билан ўз байроқлари рамзини тушиб олган футбол ишқибозлари! Ўзиям ўнга яқин. “Кампирнинг дарди ғозада, кимнинг дарди нимада!” деб юборганимни ҳам билмай қолдим, қизим билан шоша-пиша зиналар оша югурар эканмиз. Аламми, ҳасадми, бир нарса кўнглимни тирнаб ўтгандек бўлди (бунинг дардини фақат мухлис деган билади...). Англия миллий терма жамоасининг Жазойирга қарши навбатдаги учрашуви маҳаллий вақт билан кечки соат еттида бўлса! Мана, сизга футболнинг ватани бўлган давлатга хос яна бир жиҳат ёки садоқат! Поезд ҳам келди: Биз қизим билан мактабга, ишқибозлар эса (мени куйдириб) энди-энди очила бошланган пабларга ошиқдик...

ва ниҳоят кеч ҳам тушди

Ўқув йили ҳам поёнига етиб қолган эмасми, ўша куни кечқурун қизимнинг мактабида умумий мажлис бўлиши керак. Бир томондан, албатта “Мақтов ёрлиғи” олишига ишончи комил бўлган қизимнинг ўтинчи, бошқа томондан, юрагингни куйдириб, ич-ичингдан ёндираётган футбол дарди, қани энди ўзингни иккига бўлишнинг иложи бўлса экан! Барибир тарозининг қизалоғим турган палласи тош босди, “кўрмайин ҳам, куймайин ҳам деган мухлислик инстинкти устунлик қилдими, мажлисга кетдик. Залга йиғилган ҳайҳотдек оломон ва ғала-ғовурнинг ичида футбол дардини бироз унутдим деганда, мажлис айнан бутун бошли мактаб раҳбариятининг айни ўша дақиқаларда бошланган футбол учрашувини томоша қилишдан бебаҳра қолдирганликлари учун узр сўрашидан бошланди. Залдагиларнинг ҳаммаси оғриқли ерларига тиғ тегиб кетгандек, бир тўлғаниб олишди. Мен эса, яна лол эдим: Ана, сизга садоқат!

Шундай қилиб, залдагиларнинг ўғринча соатларига қараб-қараб қўйишлари билан узундан-узоқ мажлис давом этди. Деярли ҳар бир нотиқнинг нутқи эса, кечирим сўрашлар билан бошланиб, яна узрхоҳлик билан тугарди. Инглиз футболчиларининг ортиқ қовун туширишларига тоқатим қолмагани ва қуюқдан қуюқлашиб кетган ваъдаларига ишонганим учунми, мен анчайин бамайлихотир эдим. Қизимнинг бу йил ҳам “Мақтов ёрлиғи” олгани эса, қароримнинг тўғрилигини кўрсатиб турарди. Ишқибознинг қувлиги ёки устамонлигими бу, мажлис тугаб, кўчага чиқишимиз билан паблардан оқиб чиқаётган маҳаллий мухлисларнинг юз ифодаларини ўқишга киришдим. Ҳар ҳолда тўғридан-тўғри якуний ҳисобни кўриш оғриғидан буниси анчайин енгилроқ эди. Ҳамма ишқибозларнинг чеҳраси бирдек тунд, кўзлар маънисиз, бақир-чақирлар юракни зил титратувчи эди. Мен ўша пайтда уларнинг кўзларига кимдир ёки нимадир кўринаётганига ҳеч ҳам ишонгим келмасди. “Нимадир бўлган, нимадир бўлган,” дея ўзимга гапирдимми, қизимга гапирдимми, ўзим ҳам билмайман. Қизалоғимнинг чуғур-чуғурлари ҳам қулоғимга кирмасди. Қандай қилиб уйга етиб борганимни билмайман: “Ишқилиб ютқазиб қўйган бўлмасин-да...”Бир туфлим оёғимда, биттаси пойгакда, шоша-пиша телевизор тугмасини босдим, аксига олиб, мен кутиб-кутмаган “ўша” хабар узоқ куттирмади: Англия ҳал қилувчи учрашувда Жазойирни енголмаганди. Иккита дуранг натижа ортидан миллий терма жамоанинг 44 йил деганда Жаҳон чемпиони бўлиш ҳам эмас, ҳали ҳатто гуруҳ босқичидан чиқиб олиши ҳам КАТТА савол остида қолганди!..

Ҳа, ҳа, ҳақсиз. Туни билан кўрган ҳам шу хабарни кўрди, кўрмаган эса, ҳаммасини эрта тонгда савдога чиққан газетлардан кўрди...Италиялик мақталган ва ишонилган мураббийси жамоадан, жамоа эса, мураббийсидан хафа: Ҳамма айбдорни қидирган...Саҳифама саҳифа,..варақлайверасиз. Куни-кеча ҳар қандай жамоа ўзларига писанд эмаслигини айтиб, керилиб қўйган Руней ишқибозлардан кечирим сўраган, Капелло эса, шогирдларига нима жин урганини билолмай ҳалак. Хўш, нима қилмоқ керак? Кимдир Жеррард майдоннинг у ерида ўйнаши керак деса, бошқаси Жоу Коулни ўйинга тушириш керак, деган. Яна бирига кўра, мураббийнинг шунча йиллик стратегияси тузатишга муҳтож. Бу ердаги билгану билмаган бераётган шунча маслаҳатнинг қанчалик иш беришини кўриш учун эса, яна ЧУУУҚУУУР нафас ютиб, чоршанба кунигача кутишимиз керак бўлади.