Наҳангларга нима жин урди ёки куйган кўнгилнинг куйгуси

Ўлдирса ҳам футбол ўлдирсин, деб шуни айтишса керак! Ўтган ҳафтада "ўлган" ишқибоз ҳам "ўлди", "ўлмаган"и ҳам: кимсан Бразилия ҳам, Аргентина ҳам пастга қулади!

Энди, Франция, Италия ва Англияни қўяверинг!...Бу икки наҳангнинг эрта мағлубияти уларникидан ҳам ўтиб тушди. Уларга қўшилиб, "Ҳа, ҳали Бразилия бор-ку," "Ҳа, ҳали Аргентина бор-ку," деб турган қанчадан қанча "жабрдийда" кўнгилларнинг умидлари ҳам. Куласанми, куясанми, деганлари шу бўлса керакки, уларни ер тишлатганлар ҳам "сизга бегона бўлмаса!"Ишқибози бўлганни ҳам, бўлмаганни ҳам бирдек "куйдирган" Бразилияни мум тишлатган Ҳолландияга ҳавасим ва "аламим" ҳали болалигимдан қолган бўлса. Эҳ-ҳей, бундан қанча йиллар олдин Шўролар Иттифоқини енгиб, Оврўпо чемпиони бўлган эмасми, неча ойлар тунларимни тонгларга улаган "азадорлик" қайғуси ҳануз кўнглимни тарк этмаган. Мени шунча "қон йиғлатган" Рууд Гуллит, Марко ва Бастен, Рийкардлар,..нинг ўрнига кимлар келмасин,(Руд ван Нистерлой, Патрик Клюйверт, Аръен Роббен,..)миллий терма жамоа мен учун ўша "Ҳолландия"лигича қолган. Орада кечган шунча йиллар бадалида ҳам кўзим ҳам, кўнглим ҳам уларга бефарқ эмас. "Кимим"га қарши майдонга тушмасин, "ҳолланд" футболи қаршисида юрагимнинг "жаз" этиши ҳамон босилмаган: ташим бўлмаса-да, ичим доимо каттаю кичик ғалабасига мардона тан бериб келган. Шундан билингки, Ҳолландия-Бразилия орасидаги учрашув мени том маънода "икки ўт орасида" қолдирганди. Кимга ишқибозлик қайғуси бир томон бўлса, бу каби армонда қолдирувчи учрашувни қандай қилиб кўриш ташвиши бир томон! Муаммонинг яккаю ягона ечими бўлган холис ишқибозлик ҳам бу гал кўнглимнинг кўнглигини тополмаслиги аниқ бўлгани каби, яна мени она ва ишқибозга бўлиб ташлаган учрашув вақтини ҳам ўзгартириб бўлмасди. Учрашув яна маҳаллий вақт билан тушки соат 3.00 - қизимнинг нақ дарслари тугайдиган бир пайтда! Гапни чўзиб, сизни зериктириб юбормаслик учун шуни айтайки, ана шу "икки ўт орасида" ҳам учрашувнинг биринчи қисмини кўришга улгурдим. Бразилия ўйинда ҳисобни очганида, бутун ишхонани бошимга кўтариб, "Го-ооол!" деб қичқирганимни тан оламан. Буёғини тақдирнинг ҳукмига ҳавола этиб, шоша-пиша қизимни олгани мактабга югурарканман, Ҳолландия ғолиб чиққан тақдирда ҳам, аламзада кўнглимнинг озор чекмаслиги ўзимга алифдек аён эди. Аммо шунда ҳам йўлда юрагим ҳеч чидамади, яхшиямки, қўл телефонини яратганлар бор экан, мен ҳам тинмадим, ҳамкасбларимнинг қулоқлари ҳам. То қизимнинг мактабига етиб боргунча, ўзимни "сарсон" қилган учрашув Ҳолландия фойдасига ҳал бўлгани менга аён эди. Негадир елкамни босиб ётган иккита зил-замбилдек харсанг бирваракайига пастга қулагандек бўлди, ишонмай ишонган кўнглим эса, ҳар маънода ҳувиллаб қолганди...

Ишқибозда садоқат борми, а, лаббай?...

Ишқибозлик кўнгилнинг иши эмасми, аввал ҳам айтганимдек, ишқибозлиги фақат кўнгилга боғлиқ бўлади. Кеча Бразилия деб ёнган юракнинг бугун биргина Месси ёки Марадонаси учун бугун Аргентинага қараб чопмаслигига ким кафолат бера олади?! Фақатгина Дидьеси учун Фил Суяги қирғоғининг барча учрашувларини ётиб олиб кўрганлар орамизда қанча! Номига учиб, яқиндагина Франция, мақомига ишониб куни-кеча Италия, ўйинига лол қолиб, бугун Олмонияга ишқибозлик қилаётганлар-чи! Шундай экан, кеча вой-дод Бразилия ёки ҳа, баракалла Ҳолландия деб ўтирган кўнгилнинг бугун, "Чоп, Месси,.." ва ёхуд "Яшшавор, Клозе!" деб дод-фарёд солгани уят саналмас. Ҳа, жума куни ёнмай қолган кўнгилнинг қолгани ҳам шанба куни ёниб бўлди. Олмония-Аргентина орасидаги учрашув ўзиям Жаҳон биринчилигининг "Энг ноёб беллашувлари" рўйхатидан ўрин олди. Эгарига яраша солинган тушови каби, таърифию таснифига яраша учрашув бўлди ўзиям. Олмонларнинг кўз юмиб туриб, чизғичда чизиб беришим мумкин бўлган навбатдаги "ақлли" ўйини ўша куни юлдуз Месси ёки афсонавий Марадона "ўйнат"ган юракларнинг ўйинига ўйнамади. Бундан аввал Англияни бутунбошли тарихида учрамаган мағлубиятига учратган Олмония бу гал кимсан Аргентинани бу ярим асрларда кўрмаган куйларга солди. Энди, бу тарихга гувоҳ бўлиб, тарихга кирган қанча: Қудрати билан қудратига соя солиши айтилган янги президент истиқболини ҳам четга суриб, президент Жакоб Зумани шундан-шунга ташвишга қўйиб, Жанубий Африкага учиб келган олмонлар канцлери Ангела Меркел бир томон бўлса, ҳайҳотдек Ҳолливудни ҳувиллатиб кетган Леонардо ди Каприо бир томон. Орада нақ 60 ёшлик юбилейига ҳозирликни ҳам бошқаларга қолдириб, кимга ишқибозлиги номаълум "Роллинг Стоунз" юлдузи Мик Жаггер,..ва на-да ўрнидан туришга, на-да "инқ" этишга қодир бўлган мен! Асрларки изоҳга ҳожат қолдирмай келаётган олмон рационализми футболда ҳам "ақл ёшда эмас, бошда"лигини яна бир бор ҳаммага, шулар қатори "Барча замонларнинг энг сара" ва "Дунёнинг энг зўр ўйинчиси"га ҳам исботлаганди. Подольский, Шванстайгер, Озил, Клозе,..кўзлар қолиб, тилларга ҳам ёд бўлиб кетди-ку бу тўртлик,..Энди, уларга ошиқ бўлган клубларни айтмайсизми, харидорлар буёғи наҳанг Барсадан бошланганидан кейин уёғини қўяверинг.

"Кетсин" ва "кетаман"

Сувга зиғирдеккина тош ташласангиз, "чўлп" этадию, шу-ууунча наҳангнинг қулаши чиқарган акс-садоларни энди тасаввур қилаверинг: Франция Президенти Николя Саркози миллий терма жамоасини шахсан ўзи тергов қилмоқчи бўлса, Нигерия ҳукумати футболчиларини нақ икки йилга халқаро майдондан четга қоқмоқчи,..90 дақиқалик шунча ёниб, куйишлардан сўнг ҳали майдондаёқ ўй суриб қолган Марадона, "керак бўлса, эртагаёқ мураббийликдан кетман"га тушиб қолган бўлса, шогирдлари ҳали "ҳаммаси учун жавоб беришлари" айтилаётган Дунга жума куннинг ўзида хайр-маъзурини айтиб қўя қолган...Буёғи Италия, Камерун, Япония, Жанубий Корея, Австралия,...ҳамма мураббийга ёпишган: "Кетсин!" - "Кетаман!" Уларга футбол ва сиёсатнинг айролигини тушунтиролмай боши қотган ФИФА эса, таҳдидга зўр берган. Бутунбошли футбол уюшмалари раҳбарларини айтмайсизми, кеча биттаси, бугун иккитаси, эртага,..битта-битта истеъфо берган. Шундай экан,

футболнинг Ватанида нима гап?

Шундай қилиб, “Нима қилмоқ керак?” Бугун душанба бўлса, нима қилмоқ кераклиги бир ҳафтадан буён бу ердаги ўтирганнинг ҳам, турганнинг ҳам тили қолиб, бошидаги саволга айланган. Бу ерда ўзбекистонлик муҳожир эканимга қарамай, миллий терма жамоасининг боши омадсизликдан чиқмайдиган мен учун ҳам дунёдаги футбол ватанининг 44-бор қандай тўхтамга келишини кўриш жуда ҳам қизиқ: “Муаммонинг мураббийдан бошқа ҳам ечими бормикан?” дея. Кечагина миллий терма жамоасининг нималарга қодирлигидан бонг урган британ оммавий-ахборот воситалари бугун хато бу гал қаерда кетганини излаш билан овора. Сўнгги кунларда қўлим қолиб, кўнглим ҳам беихтиёр чопиб кетаётган газетлар эса, қотган бошларни янада қотирган. Бутун миллат миллатнинг дардига айланган саволга миллат бўлиб жавоб қидирган: футболсеварлик кечагисига тамом тескари бир манзарада яна ватанпарварликнинг энг олий кўринишига айланган! Кимдир жавобни ичдан, бошқаси эса, ташдан қидирган. Поезду, автобус, мактабу ишхона, кўчаю хиёбон, нима қилмоқ кераклиги ҳақида қайғурган! Билган қатори билмаган ҳам донишмандлик қилган. Хуллас, қандай ёки қаердан бўлишига қарамай, жавоб бўлса бўлди! Гоҳ юрак ютиб, ёш футболчиларига таваккал қилган кечаги ашаддий рақиблари Олмония бугун ижобий ўрнак учун намунага айланса, гоҳ афсонавий футболчиси Марадонани ҳеч иккиланмай “ бор туришича” мураббийликка тайинлаган Аргентина...Бир газети, бутунбошли саҳифасини аямай, Англиянинг Масут Озили бу бўлади, Подольскийси мана бу деб, аллақачон янги инглиз миллий терма жамоасини суратлари билан бирга тузиб ҳам берган бўлса, бошқаси Девид Бекҳамни Англия миллий терма жамоасининг Марадонасига айлантирган. Девидга Марадонага қиёсан берилган таърифларни энди қўяверинг! Буёғи яна биринчидан, иккинчидан, учинчидан,..давомийлигига айланган.

Даъволар Девиднинг қандай қилиб Капелло қолиб, шахсан ўзи уругвайлик ҳакамни Лампарднинг инобатга олинмаган тўпи юзасидан сўроққа тутганидан бошланиб, гавдаси мураббийлик курсисига қанчалик ярашгани билан давом этган. Хуллас, келинган хулоса: Девиднинг куни-кеча боши калтакдан чиқмаётган Марадонадан ўлса ўлиги ортиқки, ҳеч бир кам жиҳати йўқ. Бошқаси янада илгарироқ кетиб, инглиз футболи муаммосининг ечимини “инглизчилик”да кўрган : Инглиз миллий терма жамоасининг мураббийси фақат инглиз бўлиши керак, хорижлик уёқда турсин, ҳатто шотланд ёки ирланд бўлишга ҳам ҳаққи йўқ!”, буёғи, Қуш тилини қуш билади,” деганларидек, манаман деган мутахассисларининг даъволари “инглиз футболини фақат инглиз билади,”га қолган. Бошқаси эса, инглиз футболи(!)да ижтимоий тенглик йўқлигини айтиб, социализмнинг афзалликларидан фалсафа сўқиган: "Ҳамма олим бўлиб кетаверса, подани ким боқади," деб. Буларнинг барчаси манзарасида инглиз миллий терма жамоасининг мақталган италиялик мураббийси Фабио Капеллонинг йилига 6 миллионлик шартномаси қолиб, иқтидори ҳам савол остига тушган: “Клубдан бошқасига ярармикан?” дея. Буёғи Миланнинг “Интер”ига ўтишидан хавотирга тушиб, кечагина Капеллонинг шартномасини яна икки йилга узайтирган Англия Футбол Федерацияси икки ўт ичида қолган, тишлаган бармоғи иккинчисига берган оғриққа чидолмай...Йиғиннинг устига йиғин, мажлиснинг устига мажлис,..Мураббийлигу Англиядан кетмайманга тушиб қолган Капелло эса, дам олиш учун Швейцарияга кетиб юборган. Девиди Ницага, Лампарди эса, гўзал маъшуқаси билан Сардинияга...Хўш, нима қилмоқ керак?!