Жаҳоннинг янги чемпиони ким бўлади: Испаниями ёки Ҳолландия?

Бир ой давомида ягона кубок учун кураш олиб борган 32 жамоадан бугунга келиб фақат иккитаси қолди. У ҳам бўлса ҳали ҳеч қачон жаҳон чемпиони бўлмаган Испания ва Ҳолландиядир.

Ғолиблик учун асосий даъвогар деб кўрилган Бразилия ҳам, Аргентина ҳам, Италия ҳам, ҳаммаси пастга қулади.

Бугун шунча наҳанглардан "омон қолган" ана шу икки Оврўпо жамоасининг майдонга тушишлари билан Жаҳон биринчилиги ўзининг авж қиёмига етади.

Ана шу "қиёмат-қойим"га бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб кишилар гувоҳ бўлишади.

Бу ҳар гал чорак финалдан пастга қуловчи Испаниянинг илк бор финал босқичига чиқиши бўлса, Ҳолландияга бундай шараф аввал ҳам икки бор насиб этган. Аммо ҳар икки гал ҳам ғолибликдан қуруқ қолган.

Жаҳоннинг янги чемпионини аниқлаб берувчи ҳаёт-мамот беллашуви эса, Йоҳаннесбургнинг "Соккер Сити" стадионида бўлиб ўтади.

Ўзлари қилаётган даъволарга қулоқ тутилса, ҳар икки жамоа ҳам бўлажак "жанг"га шай:

"Яхши от энг кейинида чопади," деганларидек, Испания ҳам айнан финалга келиб "ғарқ пишиб етилган". Бунга уларнинг олмонларга қарши сўнгги ўйини мисолмисан мисол.

Ярим финалгача чумоли қадам қилиб келган рақибларидан фарқли ўлароқ, Ҳолландия бу йилги биринчиликда 100 фоизлик кўрсаткичга эга. Ҳали ҳеч ким бурнини ерга ишқай олмаган. Кимсан ҳатто наҳанг Бразилияни ҳам ер тишлатган.

Аммо ҳужуми бўладими, ҳимояси, тактикаси бўладими, юлдузлари, икковлоннинг бир-биридан кам жойлари йўқдек. Бўлажак рақиблар "узукка кўз қўйгандек, бир-бирларига муносиб".

Бугунги тарихий учрашув бўлиб ўтажак "Соккер Сити" стадиони ҳам уларни қабул қилиб олишга шай. Хавфсизлик бўладими, бошқа, ҳамма-ҳаммаси ўз ўрнида.

Африка қитъаси илк бор мезбонлик қилаётган 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг тантанали ёпилиш маросими ҳам кимнидир кулдириб, кимнидир куйдириб якунланувчи бугунги учрашув ортидан бўлиб ўтади.

Тантаналарга қатор давлат раҳбарлари, дунёнинг манаман деган бизнесменлари, санъаткорлари ва спортчилари таклиф этилишган.

Яқинлари қаттиқ умид қилмасликни маслаҳат беришаётганига қарамасдан, ғолиб миллий терма жамоага кубокни шахсан Жанубий Африканинг бутун дунёга таниқли собиқ президенти 92 ёшли Нельсон Манделанинг шахсан ўзи топшириши кутилмоқда. Энди, бунинг ўзи ҳам бир тарих!

Бутун дунёнинг эътиборини ўзига тортиб, жаҳоннинг мутлақ янги чемпионини аниқлаб бериши билан ҳам тарихга кирувчи финал беллашуви эса, яна саноқли соатлардан сўнг бошланади.