Драматик учрашувнинг драмалари ёки ҳамма қолиб юлдуз бўлган Паул ҳақида

Ўтган гал сизни Эдипона мавқеъда қолдирган бўлсам, гапимнинг ибтидоси негадир Сизифона бўлиб кетаяпти: Инсон тақдирнинг ҳукмига қолган тақдирига бефарқ бўлолмагани каби, сўзсиз, менинг ҳам финал беллашувига миқ этмай қараб турмаслигим сизга ҳам, ўзимга ҳам кундек аён эди.

Драматик учрашувларнинг ҳар қандай маънодаги каттаю кичик драмаларсиз кечмаслиги эса, мумкин эмас, худди тақдир инсонни не куйларга солиб куйлатмагани каби. Аввалги “иқрорларим” ёдингизда бўлса керак. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Инглиз ишқибозлари учун футбол пивосиз татимаслиги каби, сизни билмадим-ку, мен учун ҳам дўппидеккина бир товоқ ошсиз футбол футбол эмас. Ҳатто расмига бўлса ҳам, чунки футбол турган жойда ошнинг еган оғизга қанчалик татиши бошқа бир масала. Анъанавий газетлару, интернетни-ку, энди, бир четга қўя туринг, мен учун финал беллашувига ҳозирлик бир кун аввал “ана шу” ош масаллиқларини тайёрлашдан бошланди. Якшанба куни ишда эмасманми, чопиб ҳаллослаганимда ҳам уйга кечки 6:30 ларда кириб бораман. Учрашувгача эса, бор-йўғи бир соат қолади. Ҳали гапингизни тугатмай туриб, миянгиз сиздан ҳам сўрамай, яна вақтнинг тит-питини чиқаришга тушиб кетади. Ҳамма нарсани ҳисоблайвериб, чамалайвериб, тақсимлайвериб, ўзиям шу бир ой ичида математик бўлиб кетишимга оз қолди. Хуллас-калом, учрашувга барча ўзбекона ишқибозлик атрибутлари билан тайёр бўлишим учун ихтиёримда озми-кўпми 45 дақиқа вақт қоларкан. Шундай қилиб, якшанба ҳам келди. Ундан уёғини тасаввур этаётгандирсиз. Одатда 10-15 дақиқа кетувчи поезд бекатига бор-йўғи 7 дақиқада етиб бордим. Ишқибоз кўнгилнинг жонбозлиги даражасини шундан ҳам билиб олгандирсиз. Хуллас-калом ўша чамалаган вақтимда уйга кириб бордим. 45 дақиқада барча жиз-бизни тугатиб, ошни дастурхонга тортишга муваффақ бўлганмисиз? Ишонинг, кўзингизга футболдан ўзгаси кўринмаётган пайтда ҳамма нарса бўларкан! Манаман деган рестораннинг манаман деган ошпазидан ҳам ўтиб тушгандек кўриндим ўзимга-ўзим. Буёғига эскию янги аламларим билан телевизор қаршисига чўкка тушиш қолганди, холос. Шундай деганимни биламан, ҳаммаси қолиб, нақ учрашув бошланган биринчи сонияда ҳали сиёҳи қуримаган янги шеърини кўтариб, қизим тепамга келса бўладими! Кўрмасам, шеър ҳам ҳайф, учрашув ҳам ҳайф! Драматик ҳолатимнинг кульминацион нуқтаси кўзнинг футболда, қулоқнинг шеърга берилиши билан ечим топди. Агар финал беллашуви шунча жонбозлик ва “қурбонлик”ларингга арзидими, десангиз, бугун кўзимни чирт юммай туриб, “Йўқ!” дейишим турган гап. Холислик ҳаққи шуни айтишим керакки, “ур йиқит, сур йиқит” билан кечган 120 дақиқалик учрашувдан фақат голландларнинг матонатига тан бериб чиқдим. Испанларнинг “ақлли” олмонларни қандай яксон этгани кўз олдимда муҳрланиб қолган эмасми, якшанба кунги беллашувдан кутган мезонларим ҳам уларнинг ўзлари ўрнатиб, кўрсатиб берган даражада экан, ким айбдор – яна испанлар! “Ҳа, Испания, воҳ Испания, қани Испания!” деб оғзим ҳам, ўзим ҳам чарчаб кетдим, охири бўлмади, Пуйоли бўладими, Вилласи турганда, ишонмайсиз, қўлимнинг бир ишораси билан тўпни ҳолландлар дарвозасига киритиб юбордим,” деган ҳамкасбимнинг сўзлари сўзларимга қўшилмаганлар учун яна бир мисол.

“Ўзимизга ўхшаб юрарди”

Британ матбуотидаги кечаги “ҳамма”нинг ўрнини Испания ва Ҳолландия эгаллаган. Бир саҳифасини очсангиз, қизил-сариқ, наригиси эса, норинж рангига бежалиб кетган. Худди камалак дейсиз. Шунча рангнинг орасида эса, икки жамоанинг қиёси берилмаган ҳеч нарсаси қолмаган. Кўзойнак тақиб, қидирсангиз ҳам, зиғирдек қолган жойини тополмайсиз. Кечагина Олмонияни севиб, бошига кўтарган газетлар бугун Оврўпо чемпиони номига қарамай, Испанияни “ўзига тенг олган”. Кечагина юрарди ўзимизга ўхшаб, энг чиққани чорак финал бўлиб, лигаси бизникига ўхшаб дунёдаги энг зўри бўлмайдими, миллий жамоаси ҳеч нарсани эплолмай...Энди эса, биздек кўҳна “инглиз шерлари”ни ортда қолдириб кетишди. Бугун биз ҳаммага кулгу бўлиб ўтирган бир пайтимизда, улар кубокка кўз тиккан,...Фақат шу бўлса қани, теннисчиси Рафаэль Надал “Уимблдон”ни ютиб қўйган, “Формула оне”даги ҳайдовчиси Фернандо Алонсоси Икки карра Жаҳон чемпиони, буёғи юлдуз велосипедчиларидан тортиб, баскетбол миллий жамоасининг ютуқларини айтинг! Дод-фарёднинг кети кўринмайди. Кеча бутун мамлакатни ўйлантирган, “Нима қилмоқ керак?” саволи, ана шу “тенглигу” нотенглик манзарасида бугун “Қандай қилиб?”ига ўзгарган. Жавоб илинжида Испаниянинг титкиланмаган ҳеч нарсаси қолмаган: Қурилиш ва сайёҳликка асосланган иқтисоди ўтириб қолган, ишсизлик даражаси Оврўподаги энг юқориси, тўрт тилда сўзлашса,...ўқийверасиз. Келинган хулоса шуки, яна даҳо рассом, ошпаз, ким-кимларига эга бўлган Испания бир ёқадан бош чиқаришни ўрганган, мана шунча ютуқнинг сири қаерда!

Мен, у, ҳамма Паулнинг дардида

Ўзининг оламшумул “фол”лари билан ошпаз бўлмаганни бўлдирган, муҳофазасига аквариумдагилар қолиб, бутунбошли Испан қироллик оиласини куйдирган саккизоёқ Паулнинг обрўси эса, ошгандан ошди!2010 йилги Жаҳон чемпионати сабаб, ким машҳур бўлган бўлса ҳам, “фолбин” саккизоёқ Паул машҳур бўлди. Ким жаҳон матбуотининг юлдузига айланган бўлса ҳам, “фолбин” саккизоёқ Паул бўлди. Ҳамма гапирганнинг гапирган гапи ҳам яна “фолбин” саккизоёқ Паул бўлди. Нархи ўн миллионлаб доллар турмайдими, машҳурлиги кўкдаги ойни хиралар қилмайдими, Месси ҳам, Кака ҳам, Кристиано Рональдо ҳам Паулнинг олдида ип эшолмай қолишди. Неча кундирки, Паулга оид қилт этган хабар бутунбошли Би-би-сида ҳам марказий хабарлардан бирига айланса – худди бир ерда қандайдир ҳужум юз берган ёки бир казо қайсидир казо билан учрашгани каби. Қанчадан қанча давлатларнинг миллий таомлар рўйхатини уч куннинг ичида рекорд даражада бойитиб, манаман деган ошпазлари қилолмаган ишни қилиб қўйган бўлса! Кимсан Испания Балиқчилик вазирини Паулни қозонга ташламаслик масаласини Оврўпо Иттифоқи Вазирлар Кенгашида кўтараманга туширса! Бош вазири Родригес Запатеро ҳимоясига махсус бўлинма жўнатсаммикан, деган ҳазил баҳона Паулнинг номини шахсан тилга олса! Паулнинг машҳурлиги соясида машҳур бўлмоқчи бўлганлар сонию қилаётган ишларининг тавсифини, энди, сўраманг! Буёғи нақ Криловнинг ҳали ҳам кўнглимизнинг четидан, тилимизнинг учидан кетмаган чўртанбалиқ ҳақидаги масали деяверасиз, ҳамма уни ўзига яқин олган: Расмий таржимаи-ҳолига қаралса, Англиянинг жанубидан. “Устоз”и эса, энди “шогирдим” Италияданга ўтиб олган. Ундай бўлмаса, бундай қилиб тилга тушиш учунми, италияликлар ҳам Паулни шоша-пиша Паоло, дея қайта чўқинтирган...Айнан саккизоёқ Паул деб ўзим тушган кунни айтинг: Биринж медали учун курашда Олмониянинг ғалабасини башорат қилган эмасми, учрашув тугагунча ўзимдан ўтганимни ўзимдан ўзга билолса, кошки...Испанияга қарши учрашувда мағлубиятини башорат қилиб, бир балога қолган бўлса, “фоли” тескари келиб, Уругвайни енголмаса, минг балога қолмасмикан, деб. Аввал енгилгина чўғга тутиб олиб, кейин аччиқ-чучук билан бирга тақдим этиш тасаввурида бўлган олмонлар кейин уни қайнатишми, қовуришми, не қилиш хаёлига боришаркан?.. Касбим тақазоси билан қақшатқич жанглар ибораси кўзимга ҳам, тилимга ҳам ёд бўлиб кетган эса-да, бунинг футболда қанақа бўлишини ана ўшанда кўрдим. Хуллас-калом, турдим, ўтирдим, пастга тушдим, юқорига чиқдим, кўзимни юмдим, очдим, айланавериб, айланма курсим қолиб, ўзим ҳам айланиб кетдим, хуллас-калом, ўша кеч ишқибоз бўлиб, ҳеч қилмаган ишларимни қилдим. Фақат телевизорни ўчириб қўймадим, холос. Охирида Паул билан бирга ўзим ҳам “омон қолган”дек эдим...