Паулнинг тугамаган ҳикояси ёки испанлару яна қолганларнинг дарди нимада?

Жаҳон чемпионати тугаб, ҳамма қиш қучоғидаги Жанубий Африкадан уй-уйига қайтаркан, буёғига ёзги савдо ҳам қизигандан қизиган. Клубми, мураббийми, қай бирини олманг, " кўз остимга олганим”га етишаман куйига тушиб қолган.

“Ливерпул”ники бўлиб қолди, деган барчани шошириб, испанларнинг негадир Африка осмонида порлолмаган юлдузи Торрес “Челси”га ўтдим деганда, ўзларидек бойвачча рангдошлари савдонинг белига тепган. 100 миллионлик сарф-харажати билан ўтган йили ҳамманинг ҳушини бошидан учирган “Манчестер Сити” чўнтагини янада чуқурроқ кавлаб, бу йил унча-мунчага тушмайдиган дўппиларни ҳам бошдан туширган. Жеррарднинг “Ливерпул”да қолишидан кимлардир ўзини тўққизинчи осмонларда кўрган бўлса, Ашлей “Реал”га ўтармиш, деган гап бошқаларининг тарвузини қўлтиғидан туширган. Испаниянинг наҳанг Барсасидан чиққан Сеск Фабрегаснинг яна Барсасига қайтиши эса, буткул драматик тус олган. Талабу таклифнинг ўртасида сарсон бечора Сеск Жанубий Африка бўладими ёки бошқа, қайга қараманг “Барселона” футболкасини неччи кийиб, неччи ечган. Сотилмайдиган ва олинмайдиганлари эса, бирови Барбадос, бошқаси Ница, яна бири эса, Сардиниядан Англия қайдасан, дея офтобда қорайибгина ортга қайтган. Куни-кеча футболчиларининг ютуғу мағлубиятларини қаламларининг тиғи билан тит-пит қилиб ташлаган маҳаллий журналистларга эса, уларнинг бутунбошли юк машинасига кетадиган жомадонларини санашдек машғулот ҳам топилган.

Буёғи Паулнинг бозори ҳам қизиган

Эй, бу яна нима гап дейдиган бўлсангиз, гап менда эмас, Паулда. Устамон фолбинлиги ортидан ким кимларнинг қозони қолиб, ошқозонига тушишига бир баҳя қолган “фолбин” Паул энди ким кимларнинг бозорини қизитмаган дейсиз. Бир сўз билан айтганда, Паулнинг ортидан шон-шуҳрат топмоқчи бўлганларнинг куни ўтиб, чўнтагини бойитмоқчи бўлганларнинг куни туққан. Кимдир уни ўз аквариумида кўришни истаса, бошқаси ўз идорасида,..яна бири эса, ундан ҳам ўтиб, ўз иш столида. Биров футболнинг дардида, бошқаси сиёсат, учинчиси иқтисод, хуллас калом, Паул давосига айланмаган дарднинг ўзи йўқдек. Бири уни кўз-кўз қилмоқчи бўлса, бошқаси учун мижозларининг кўзини шамғалат қилишнинг қойилмақом имконияти. Яна бирови учун инсоний ақли ечолмаган муаммонинг ечими бўлса, бошқасига жавобсиз муҳаббатининг жавоб манбаи,...Иқтисодчи, сиёсатчи, ошиқ,..буёғи кетаверади. Айниқса, холислиги бобида “ еган тузини ҳам унутган эмасми”, испаниялик масъуллар Паулнинг ҳар қандай журналист ўрнак олса арзигулик мавқеидан лол. Эй, манаман деган бутунбошли акуласи бўлмайдими, Паул бўлса бўлди, ҳар қандайининг баҳридан кечаманга тушиб қолган. Акула ҳам кифоя қилмаса, нархини айтсин, нархини, дея музокара қилган оғизу, кармонни титкилаган қўлларни чарчатган. Кечагина, “еб қутулмасамми,” деб юрган олмонларни айтинг, энди “Паулнинг ўлиги ҳам, тириги ҳам ўзимизники”га тушиб қолган. Икки ўртадаги талаш-талаш эса, футбол оламининг манаман деган юлдузлари ҳам ҳавас қилгулик! Тақдирига тан берган испанлар ахийри Паулни сиртдан бўлса-да, фахрий фуқароларига айлантирган. Бутун мамлакат бўйлаб шахсан Паулга атаб, ёзги фестивал ўтказиш тадоригига тушиб кетган. Паулнинг акси туширилган шапкаю футболканинг савдосини айтинг! Бунга ҳам қаноат қилмаган ашаддий ишқибозлари эса, ҳамма нарса қолиб, ҳатто Испания байроғидаги буқани ҳам Паул учун қурбонлик келтиришга бориб қолишган: “Ҳайҳотдек буқа шунча йил эплолмаган ишни жимитдек туриши билан саккизоёқ эплади,” дея. Шу-уунча одамнинг бунчалик қизиқишини кўриб, олмонлар ҳам шоша-пиша Паулни расмий “фолбинлик”дан истеъфога чиқарган, етар шунчаси дегандек. Яна болаларнинг кулдириш вазифасига қайтган Паулнинг хавфсизлиги эса, энди Испания қироллик оиласи бўладими, Бош вазири, ҳеч кимнинг ортиқча ташвиш чекишига заҳмат қолдирмаган.

Пишмаган савдонинг аламигами ёки бир аср деганда эришилган ғалаба жазавасига, испанлар чўнтакларидаги Паулга аталган пулларини энди рақиблари ҳолландлар дарвозасини забт этган бир дона тўп учун тўкиб солишган. Месси бўладими, Жулио Сезар, дунёнинг манаман деган футболчию дарвозабонларини зир қақшатган тўп кимошди савдосининг болғаси остида ўзиям қарийб 100.000 долларга сотилган. Ким-кимларнинг муваффақиятсизлиги учун тайёр баҳонага айланган тўпдан тушган шунча маблағ эса, минглаб хасталарнинг дардини аритиш учун Нельсон Мандела жамғармасига кетган.