Мовийларнинг яна ошиғи олчи, аммо қизил иблислар ҳам бўш келишмади

Роман Абрамовичнинг мовийлари кўчасида яна байрам, энди, ишқибозлариникини қўяверинг:

Дастлабки уч ўйиндан учта ғалаба! Жамоа бош мураббийси Карло Анчелоттининг ҳам дўпписини бошидан отгани аниқ.

Янги мавсум арафасида барча ўртоқлик учрашувларини бой берган эмасми, юрагини ҳовучлаган ҳамманинг қанчалар енгил тин олганини айтинг!

Аввалги икки рақибидек футбол ҳам қолиб, теннисга хос ҳисоб билан яксон этмаган эса-да, жамоа бу гал “Стоук сити”ни 2:0 ҳисоби билан ер тишлатди.

Дидье ҳар доимгидек яна ўзини кўрсатди. Рақиб дарвозасига киритилган тўплардан бирининг муаллифига айланди.

Француз Флоран Малудани айтмайсизми! Янги мавсум бошланганидан буён тўпга ёпишгани ёпишган. Бу учрашувда ҳисобни очган яна ўзи бўлди.

Жаҳон чемпионатидаги бугунга қадар чўзилган шууунча машмашалар ҳам ари чаққанчалик таъсир қилмагандек.

Франк Лампарднинг қовун тушириб ўтирганини айтинг: Бор-йўғи 11 метрлик жарима тўпини ҳам теполмади!

Лекин нима бўлганда ҳам, ғалаба барибир ғалаба-да: Шундай қилиб, учта учрашувдан тўққиз очко тўплаган мовийлар рақиб дарвозасига ўзиям 14та тўп киритиб, турнир жадвалида илғорлик мавқеъларини яна мустаҳкамлаб олишди.

Ҳар йилгидек бу йил ҳам ( буёғи ўзиям олтинчи бор) Англия чемпиони бўлиш босими остида қолган “Арсенал” ҳам бўш келмади.

Ожизгина рақиби “Блэкберн Роверс”ни бир амаллаб бўлса-да, 2:1 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди.

Янги мавсумда гул-гул очилаётган ёшгина ҳужумчиси Тео Уолкотт яна ўзини кўрсатди.

Худди уни тўхтатадиган куч йўқдек, майдонда яшиндек учганини айтмайсизми: Қиёс қилган олмонларнинг юлдузи Масут Озилга ҳам қиёс қилиб юборди.

Бундай ўйинни кўриб, Фабио Капеллога, “Шундай футболчини терма жамоага олмасанг, кимни оласан?” деган қанча...

“Шундай муҳим очкони ақлсизларча бой бериб қўйганликлари”ни айтиб, шогирдларини ўтган ҳафта роса тахтачага олган сэр Алекс Фергюссоннинг ҳам оғзи қўлоғида.

“Вест Ҳам”га қарши ўйинда март ойидан бўён тўпнинг таъмини билмаган ҳужумчиси Вейн Рунейнинг ҳам оғзига “тўп тегди”.

Ўтган гал жарима тўпини теполмай, устозини куйдирган Нани яна бир тўп муаллифига айланган бўлса, Димитар Бербатов бу гал ҳам мураббийсининг ишончини оқлади.

Сўнгги ўйиндаги ғалаба қизил иблисларни ва ниҳоят учинчи ўринга олиб чиқди.

Аммо инглиз премьерлигаси баҳорги ёмғирдек беқарорлиги билан ном чиқарган эмасми, ҳали ҳаммаси олдиндалиги ёш болага ҳам аён.

Буёқда бу йил ҳам юлдуз ўйинчиларга пулини орқа-кетига қарамай сарфлаган “Манчестер сити” турибди.

“Сандерланд”га қарши ўйинда 11 метрлик жарима тўпининг касрига қолган бўлса ҳам, юҳодек юлдузлари билан илғорларни анча ҳушёр торттиргани тайин.

Ҳар йиллик анъанага зид равишда бу йил чемпион бўлиши башорат қилинмаган “Ливерпул”нинг эса на савдоси ва на-да ўйини пишган... "Вест Бром"га қарши сўнгги ўйинда зўрға ҳисобни ўз фойдасига ҳал қилса,..бахтига ҳалиям Торреснинг кетвормагани!

Шу пайтгача иккита ўйиндан бор-йўғи 1 очко тўплаб, 18-ўринда бораётганини айтинг: Бутун газетларда барча мубоҳасани яна ўзи қизитгани-чи!

Шанба ва якшанба кунларининг бошқа учрашувларига келсак:

"Блэкпул" - "Фулҳэм" 2:2

"Вулфс" - "Ньюкасл" 1:1

Ўйинлар эса ҳали давом этади...