Бойваччалар учрашуви ёки сих ва кабоб орасида қандай қилиб куйганим ҳақида...

Сўнгги пайтларда нега жим бўлиб кетди, десангиз, ҳақсиз.

Ишқибозликни ҳам чидаганга чиқарган эмасми, буёғини энди қўяверинг: Бир кунда уч смена ишлаган одамнинг аҳволига тушганмисиз?...

Гоҳида, “Станок бўлса ҳам, олдимга тушолмасди,” деб ўзимга ўзим тан бериб юборган ҳоллар ҳам кўп бўлиб туради.

Ана шу ғала-ғовур, чоп-чоп, югур-югурларнинг манзарасида ишқибозликни айтинг.

Англия премьерлигасининг ҳамма учрашувларини томоша қилиш ҳақида-ку, гап бўлиши мумкин эмас.

Алал-оқибат телевизорга қадолмаган кўзингни сўнггида газетаю компьютерга тикиб, хуморингдан чиқолмасанг ҳам, аламингдан чиқиб юрасан.

Аммо кўз қорачиғидек авайлаб юрганларингнинг ҳам иш кунига тўғри келишини айтинг...

Бу гал ҳам шундай бўлди:

Дидье омон экан, “Челси”га қанчалик бефарқ эмаслигим сизга яхши аён.

Лекин икки юз миллионли юлдузлари билан уларнинг рангдош, чўнтакдош рақиблари “Манчестер Сити” ким кимлар қатори менинг ҳам ақлимни шоширган эмасми, икковлон орасидаги учрашув истиқболи ҳали анча аввал хаёлимни ўғирлаганди.

Ўзиям юлдузлар қолиб, чўнтаклар беллашаётгандан кейин бўлажак беллашув завқу шавқини бор кўлами, қиёфаси ва рангларида тасаввур этаётгандирсиз.

Устаси фаранг бўлиб кетган эмасми, британ газетларини-ку, энди қўяверинг, ҳар доимгидек учрашув дардида куйган кўнгилларни янада куйдирган.

"Униси бу дейибди, буниси у,.."ларни ўқиш орасида Роберто Манчини сочини бекор калталатибди, дейишга вақт ва эътибор топганимни айтинг.

Лекин ҳар доим бўлганидек, бу гал ҳам аксига олмаса, ҳисоб эмасдек эди.

Учрашув яна дастуримиз эфирга чиқишига бор-йўғи бир соат қолган, қўл-қўлга тегмайдиган бир пайтга тўғри келганди.

Ишга келибоқ, яна бир футболсевар ҳамкасбим Сирожиддин билан бир-биримиздан суюнчи олиб қўйган эмасмизми, менинг иш билан бандлигимни кўриб, ҳамкасбим хонадаги барча телевизорларнинг мурватларини бурай кетди.

Бошқа хоналарга зир югуришлар ҳам иш бермади. Бирор бир канал олса, қани!

Сўнгги нажот, деган бир палламда шуунча пайт панд бермаган ўзимизникилар ҳам панд берса - Спорт саҳифамиз ҳам шуундай учрашув қолиб, қуруқдан қуруқ шарҳга берилиб турса! Ҳамкасбимга мақтанган жойимда мулзам тортдим...

Бошни уришга жой тополмай, аламингни кейборддан олишдан бошқа чоранг қолмаган бир пайтда, эй, ошхона-чи(ўтган Жаҳон чемпионати давомида роса иш бермаганми!) деган ақлингга тасаннолар айтганча, таржима қилган хабарларингни шоша-пиша принтердан чиқарганча, ошхонага югуришни айтинг!

Инглиз, рус, форс, афғон,...журналист, ошпаз, хизматчи, тозаловчи,..ошхонадаги улкан экран ким-кимларни бир ерга йиғмаган...Еган оғиз овқатини татимаган, йилларки, ҳа-ҳулашиб юрганларимиз бир-бирини танимаган бир ҳолат!

Сих ва кабоб орасида куйиш, деб шуни айтишса керак! Беш дақиқадан кейин эфир кутмаяптими, куймайдиган танловга ихтиёр бўлса қани!

Очилмаган ҳисобни тақдирнинг ҳукмига ҳавола этганча, студияга югурмасдан иложинг йўқ.

Аммо....Кўнгил, хаёл, ақл, онг, шуур ошхонада қолган эмасми, фақат забонга қолдирган ишим якун топиб, ошхонага қуш бўлиб учган пайтдаги тушган ҳолимни эса, душманингга ҳам раво кўрмайсан киши...

Улкан экран қаршисида ҳеч бўлмаса қолган беш дақиқа мазза қилиш истагида ёнган кўнглим унда муҳрланган натижа қаршисида муз қотган, Дидьеси бўлмайдими, “Челси” янги мавсум ҳисобидан илк бор мағлубиятга учраган, шууунча юлдузлари билан ҳали ҳеч нарсани қойиллатишга улгурмаган "Манчестер Сити" эса, кутилмаганда кимсан Англия чемпионининг бурнини ерга ишқашга муваффақ бўлганди.