Олмония маҳкамаси ўнлаб учрашувлар тақдирига ойдинлик киритмоқчи

Олмониянинг Бохум шаҳрида ўнлаб футбол учрашувларининг тақдирини сохталаштиришда гумон этилаётган 4 нафар шахс устидан маҳкама жараёни бошланган.

Агар судланувчиларнинг айблари тасдиқланса, улар 10 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишлари мумкин.

Тўрттовлондан ташқари, яна бир неча кишига ҳам худди шундай мазмундаги айбловлар қўйилиши кутилмоқда.

Бу каби жиддий қаллобликнинг Оврўпо футболи тарихида бўлмагани айтилади.

Тўрттала айбланувчи ҳам 2009 йилнинг ноябр ойидан буён ҳибс остидалар. Ўша пайтда полиция улар билан бирга яна 11 кишини ҳам қўлга олганди.

Терговчиларнинг фаразларига кўра, жиноятчилар ҳакамлар ва ўйинчиларни сотиб олиб, 15 давлатда тахминан 300 га яқин ўйиннинг натижасига таъсир кўрсатишган.

Полиция тергов ишлари доирасида гумондорларнинг бир неча ойлик телефон сўзлашувларини тинглашга муваффақ бўлган.

Тергов натижаларига кўра, жиноий гуруҳнинг ўндан ортиқ эҳтимолий аъзолари ўз агентлари орқали Осиё ва Лондондаги букмекерлик контораларида гаровга пул тикиб, 1 миллион евро ютиб олишган.

Аммо Бундеслига шубҳа остида эмас

Гумон остига олинаётган учрашувларнинг аксарияти Туркияда бўлиб ўтган.

Букмекерлар ва полициячиларнинг айтишларича, сўз 70 га яқин учрашув ҳақида бормоқда.

Уларга кўра, бу ўйинлар барчасининг натижаси сотиб олинган футболчи ва ҳакамлар орқали аввалдан ҳал қилинган бўлган.

Ҳозир Туркия полицияси ҳам ўз текширув ишларини олиб бормоқда. Орада кечган вақт давомида улар томонидан элликка яқин киши ҳибсга олинган.

Жиноятчилар ва уларнинг ҳамтовоқлари ўз қаллобликларини асосан Шарқий Оврўпо давлатларида олиб боришган. Бироқ Швейцария ҳам гумон остига тушган.

Аммо Олмония Олий лигаси бу машмашалардан анча йироқдек. Чунки бутун қаллобликлар кечган вақт жараёнида асосий учрашувлар қуйи дивизионларида бўлиб ўтган.

Ўз ўрнида Чемпионлар лигасининг дастлабки бир нечта учрашувлари ҳам шубҳа остига тушган.

Аммо қаллобликлар билан боғлиқ машмашалар шу билан якун топадиган кўринмайди.

Олмония полициясининг айтишича, жорий пайтда 250 гумондор устидан тергов ишлари олиб борилмоқда.