Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Челси" яна пешқадам, рангдошлари ҳам қолишмайди, Ўзбекистонда нима гап?

Ўзининг беқарорлиги билан ном чиқарган Англия премьерлигасида янги мавсум қизигандан қизиб бормоқда.

Кутилмаганда рангдошларига ютқазиб қўйиб, янги мавсумда илк бор мағлубиятга учраган "Челси" яна ўзини ўнглаб олган.

Ўтган якшанба куни наҳанг рақибларидан бири "Арсенал"ни 2:0 ҳисобида маҳв этган "Челси" 18 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлик мавқеини янада мустаҳкамлаб олган.

Аввалига дунёнинг манаман деган юлдузларига сўнгги икки мавсумда 200 млн. фунтдан кўп маблағ сарфлаб ҳамманинг ақлини шоширган "Манчестер Сити" эса, сўнгги учрашувларини қойилмақом ўтказиб, футбол мутахассисларининг бошларидан ҳушларини учирган.

Сўнгги учрашувида "Ньюкасл"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бойвачча мовийлар 4 очко фарқ билан иккинчи ўринга чиқиб олишган.

Бутун футбол мавсуми давомида илғор ўринлардан бошқасини писанд билмайдиган қизил иблислар эса, янги мавсумда ҳали ҳам ўйинларини топиб олмаган кўринишади.

"Сандерланд"га қарши сўнгги учрашувини дуранг ҳисоби билан якунлаган "Манчестер Юнайтед" 7 та ўйиндан 13 очко тўплаб, Роберто Манчини шогирдларидан ҳам ортда қолишган.

"Ливерпул"ни-ку, энди гапирмаса ҳам бўлади. Жамоа бу яқин асрда тушмаган куйларга тушиб, турнир жадвалининг энг қўйи поғонасига тушиб кетган.

Ҳаттоки сўнгги ўйинда премьерлиганинг янги аъзоси "Блакпул"га ютқазиб, ўзига қарши шундоқ ҳам тинимсиз янграётган танқидларни янада кучайтирган.

Хўш, инглиз премьерлигасидаги янги мавсумнинг бу каби ўзига хосликлари ўзбекистонлик ишқибозлар орасида қанчалик қизиқишларга сабаб бўлмоқда?

Биз ушбу савол билан ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевга ушбу савол билан мурожаат қилдик.