'Ўлим' гуруҳида Ўзбекистон кимсан мезбон Қатарни мағлуб этди

2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларини очиб берган дастлабки учрашувда Ўзбекистон мезбон Қатарни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Одил Аҳмедов ва Сервер Жеппаровлар киритган тўп ўз майдонига қаттиқ орқа қилган қатарликларнинг барча умидларини чиппакка чиқарди.

Мезбонларда учрашувнинг илқ дақиқаларидаёқ ҳисобни очиш имкони бўлса-да, бутун ўйин ўзбекистонлик футболчиларнинг устунликлари билан кечди.

Ўзбекистонликларнинг кетма-кет ҳужумлари қаршисида мезбонларнинг сара ҳужумчиси, асли уругвайлик Себастиан Сориа ҳам ожиз қолди.

Таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, миллий терма жамоасининг мезбон Қатар устидан сенсацион ғалабаси Ўзбекистонда кўпчилик учун кутилмаган бўлган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳимоя чизиғи кўплаб мутахассисларнинг хавотирларига сабаб бўларкан, Ўзбекистон дастлабки учрашувда кутилганидек фақат ҳужумга зўр берди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига бу гал ҳам яхши синашта ва тажрибали футболчилари қўл келди.

Куни-кеча Ўзбекистонда "Йилнинг энг зўр футболчиси" деб топилган Сервер Жеппаров, Максим Шацких ва Александр Гейнрих рақиб ҳимоясини анча шошириб қўйишди.

Анча шиддатли кечганига қарамай, учрашувнинг биринчи қисмида ҳисоб очилмади. Аммо ўзбекистонлик футболчиларнинг кетма-кет ҳужумлари ўйиннинг иккинчи қисмида ўз самарасини бермай қолмади.

Бош мураббийлик фаолияти танқидлар остида қолиб келаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов Осиё Кубоги ўйинлари арафасида Қатарга фақат ғалаба қозониш учун келганликларини айтганди.

Аммо ўзбекистонлик футболчиларнинг сўнгги халқаро учрашувлардаги муваффақиятсиз иштироклари манзарасида унинг бу сўзлари қатор футбол мутахассислари томонидан шубҳа билан қаршиланганди.

Энди эса, Вадим Абрамов шогирдларининг кўпчилик томонидан кутилмаган дастлабки ғалабаси ортидан, "ҳали бундан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишга қодир" эканликларини айтмоқда.

Ўйинга "Осиёнинг энг зўр ҳаками" танловида ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматовга рақиблик қилган япониялик Юичи Нишимура ҳакамлик қилди.

Бу Қатар ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг Осиё кубоги ўйинлари доирасидаги иккинчи учрашувидир.

Ўйинларда киритилган тўплар фарқи бўйича эса, ўзбекистонлик футболчилар устунлик қилиб келишмоқда.

Ўзбекистон шу пайтгача икки бор Осиё Кубоги ўйинларининг нимчорак финалигача чиқишга муваффақ бўлган.

"Ўлим гуруҳи"даги навбатдаги беллашувлар келаси чоршанба куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон футбол бўйича Форс Кўрфази кубоги ғолиби Қувайт миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Мезбон Қатар эса, ўз майдонида хитойлик футболчиларни қабул қилади.

Хитой ва Қувайт орасидаги дастлабки учрашув эса, эртага "Ал-Ғарафа" стадионида бўлиб ўтади.

"А" гуруҳида ҳозирча ҳисобидаги 3 очко билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда.