Аброр Имомхўжаев: 'Ҳамма нарса Хитойга қарши ўйинда ҳал бўлади...'

Image caption Таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитойга қарши ўйинда ишончли ўйин кўрсатиши лозим дейди

Якшанба куни Қатарда бўлиб ўтаётган Осиё Кубоги ўйинларининг "Ўлим" гуруҳида якуний учрашувлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон бу гал Осиёдаги номдор жамоалардан бири Хитой миллий терма жамоасини қабул қилади.

Ўзбекистонлик футболчилар бундан аввалги иккита учрашувларини араб жамоалари билан ўтказишганди.

Улар кўпчилик футбол таҳлилчиларининг башоратларига зид равишда ҳужумкор ва ишончли ўйин кўрсатиб, мезбон Қатар ва кимсан бойвачча Қувайт миллий терма жамоаларини мағлуб этишганди.

Аммо "Ўлим" гуруҳи деб аталганига қарамай, Ўзбекистон гуруҳ босқичида ўтказган ҳар икки учрашувида ғалаба қозонган ягона жамоадир.

Хитойнинг сўнгги ўйинда мезбон Қатарга ютқазиб қўйиши эса, гуруҳдаги вазиятни бирмунча чигаллаштирган.

Жорий пайтда Қувайт ҳисобида иккита мағлубият, Хитой ва Қатарда эса, битта мағлубият ва биттадан ғалаба бор.

Бу эса, нимчорак финалига чиқиши учун Ўзбекистон якшанба кунги ўйинда албатта ғалаба қозониши ёки ҳеч бўлмаганда дуранг ўйнаши лозимлигини англатади.

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг айтишича, Хитойга қарши ўйинда ишончли ўйин кўрсатса, кўзланган бирламчи мақсад амалга ошади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистоннинг мағлубияти, Хитой ёки Қатарнинг ғалабаси эса, нимчорак финалга чиқиши мумкин бўлган икки миллий терма жамоа тақдирини тўплар ҳисобидаги фарққа қолдириши мумкин.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу пайтгача икки бор Осиё Кубоги ўйинларининг нимчорак финалигача чиқишга муваффақ бўлган.

Аммо Хитойга қарши ўйинда уларга осон бўлмаслиги аниқ. Миллий терма жамоа ёш бўлса-да, ўтган йили Шарқий Осиё давлатлари кубогини қўлга киритган.

Осиёнинг наҳанглари Жанубий Корея ва Япония миллий терма жамоаларига қарши сўнгги ўртоқлик учрашувларида ўзини яхшигина кўрсатган.

Марказий ҳимояси ҳам кучли. Сафларида Оврўпонинг айрим номдор клубларида тўп сураётган футболчилар ҳам бор.

Миллий терма жамоанинг ёш ва аммо анчайин тажрибали мураббийси Гао Ҳунбо ҳам мақсадлари ярим финал эканини яшираётгани йўқ.

Ўзбекистонлик футболчилар эса, Хитой миллий терма жамоасини ҳам енгамиз, деган ишончдалар.

Хитой ва Ўзбекистон Осиё Кубоги ўйинларининг якуний босқич беллашувларида икки бор майдонга тушишган.

Ҳар икки ўйинда ҳам ўзбекистонлик футболчилар ўз рақибларини қуруқ ҳисоб билан енгишга муваффақ бўлишган.

Якшанба кунги учрашувга оманлик араб ҳаками Абдуллоҳ ал-Ҳилолий ҳакамлик қилади. Унга ёрдамчилик қилаётган ҳакамлардан бири қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровдир.

Яна "Ал-Ғарафа" стадионида бўлиб ўтажак ўйин Қатар вақти билан соат 19:15 га мўлжалланган.