Футболчиларининг 'Ўлим' гуруҳидан чиқиши Ўзбекистонда қандай акс-садо бермоқда?

Қатарнинг "Ал-Ғарафа" стадионида бўлиб ўтган ҳаёт-мамот учрашувида Хитой билан 2:2 дуранг натижага эришган Ўзбекистон Осиё Кубоги ўйинларининг "Ўлим" гуруҳидан нимчорак финалига чиққан биринчи жамоа бўлди.

Шундай экан, ушбу натижа қанчалик кутилган эдию, футболчиларининг 'Ўлим' гуруҳидан чиқиши Ўзбекистонда қандай акс-садо бермоқда? Бу хусусда ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев билан суҳбатимизни тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳ босқич учрашувларидан чиқиши айнан ана шу учрашувга боғлиқ эди.

Ўзбекистон мағлубиятга учраб, Хитой ва Қувайтга қарши якуний ўйинида мезбон Қатарнинг ғолиб чиқиши, "А"гуруҳидан нимчорак финалига чиқувчи икки миллий терма жамоанинг тақдирини фақат тўплар орасидаги фарққа қолдирган бўларди.

Бу эса, Ўзбекистоннинг Осиё Кубоги ўйинларининг нимчорак финалига чиқиши учун Хитойга қарши ўйинда камида дуранг натижага эришишини тақозо этарди.

Ўзбекистон бундан аввал ҳам икки бор Осиё Кубоги ўйинларининг нимчорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Аммо мезбон Қатар, Қувайт ва Хитой каби куч жиҳатдан бир-биридан қолишмайдиган жамоалар билан бир гуруҳга тушгани боис бу гал ушбу шарафнинг улардан қай бирига насиб этиши якшанба кунги учрашувга қадар мавҳум қолаётганди.

Айни шу боис ҳам гуруҳ бу йилги Осиё Кубоги ўйинларининг "Ўлим" гуруҳи деб аталганди.

Ўзбекистон бир қадар ишончсиз башоратларга қарамай, гуруҳ босқич саралаш учрашувларини кетма-кет ғалаба билан бошлаганди.

Аммо дастлабки учрашувида Қувайт миллий терма жамоасини ишончли натижа билан мағлуб этган Хитойнинг кутилмаганда мезбон Қатарга енгилиши сўнггига келиб "Ўлим" гуруҳидаги вазиятни бирмунча чигаллаштириб қўйганди.

Қатарнинг Хитой миллий терма жамоаси ортидан якуний учрашувда қувайтлик рақибларини ундан ҳам йирик - 3:0 ҳисобида мағлуб этиши эса, гуруҳдаги вазиятга буткул ойдинлик киритди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Қатар 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларининг нимчорак финалига йўлланмани қўлга киритган дастлабки икки жамоа бўлишди.

Хўш, ўйин қандай кечди?

Аввалбошдан башорат қилинганидек, Хитойга қарши ўйин жуда шиддатли бошланди.

Учрашувнинг иккинчи дақиқасидаёқ ўзбекистонлик футболчиларда ҳисобни очиш имконияти бўлди. Аммо Сервер Жеппаров бошлаган ҳужумни Максим Шацких муваффақиятли ниҳоясига етказа олмади.

Хитой ҳам қарши ҳужумга зўр берди. Ва орадан тўрт дақиқа ўтиб, бурчакдан тўп тепиш имкониятидан оқилона фойдаланди. Ўйинда ҳисобни хитойликлар очишди.

Ўзбекистон ҳам қарши ҳужумда хитойликлардан қолишмади. Биринчи қисм ўрталарида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жеппаровда ҳисобни тенглаштириш имкони бўлди. Аммо Сервер моҳирлик билан тепган жарима тўпини рақиб дарвозабони зўрға бўлса-да, қайтаришга муваффақ бўлди.

Ҳар икки томон яна ҳужумга зўр беришди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеровнинг маҳоратигина ўзбекистонликлар дарвозасини бир неча бор аниқ тўпдан ҳимоя қилиб қолди.

Аммо ўзбекистонликлар ҳам бўш келишмади. Сервер Жеппаров, Максим Шацких ва Александр Гейнрих рақиблари дарвозасини кетма-кет нишонга олишди.

Иккинчи қисмнинг дастлабки дақиқаларида ана шундай ҳужумларидан бири иш берди. Александр Гейнрих ўз жамоадошларини олдинга олиб чиқди.

Аммо ўйиннинг 56-дақиқасида ўзбекистонликлар дарвозасига белгиланган жарима тўпи яна ҳисобни тенглаштирди. Хао Жун Минь ўз жамоасига панд бермади.

Хитойликлар бир дақиқа бўлсин ҳужумни бўшаштиришмади. Ўзбекистон миллий терма жамоасига бир неча бор маҳоратли дарвозабони Игнатий Нестеров қўл келди.

Учрашув тугашига 4 дақиқа қолган пайтда ўзбекистонликларда ҳисобда олдинга чиқиб олишнинг яна бир олиймақом имконияти бўлди. Аммо Станислав Андреев томонидан узоқдан туриб бўлса-да, зарб билан тепилган тўпни хитойликлар дарвозабони қайтаришга муваффақ бўлди.

Шундай қилиб, ҳар икки томоннинг ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи якуний учрашув дуранг ҳисоби билан якун топди.

Қатарга қарши сўнгги учрашувида кетма-кет учинчи бор мағлубият аламини татиган Қувайт ва Хитой 2011 йилги Осиё кубоги ўйинларининг ҳали гуруҳ босқичиданоқ пастга қулашди.

Ўзбекистон ва Қатар миллий терма жамоаларининг нимчорак финалидаги рақиблари 17 январ, яъни бугун аниқ бўлади.

Ўзбекистон "Б" гуруҳида иккинчи натижа кўрсатган миллий терма жамоа билан майдонга тушади.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг бўлажак рақиблари Япония, Иордания ёки Суриядан бири бўлади.

Ўзбекистон иштирокидаги нимчорак учрашуви 21 январга режаланган. Ўйин "Халифа" стадионида Қатар вақти билан 19:25 га режаланган.